№ 791 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ ОКРУГ ВА УЧАСТКА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ АЪЗОЛАРИНИ МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг
қарори

№ 791 2016 йил 1 декабрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ ОКРУГ ВА УЧАСТКА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ АЪЗОЛАРИНИ МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида”ги 727-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари сайлов комиссиялари томонидан уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Бугунги кунда ушбу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ишларида округ ва участка сайлов комиссияларининг барча аъзолари фаол иштирок этишмоқда. Уларнинг фаолиятини моддий рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 9-моддалари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 15 сентябрдаги 733-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг раислари, раис ўринбосарлари, котиблари ва барча аъзолари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан бир йўла бериладиган энг кам иш ҳақи миқдорида моддий қўллаб-қувватлансинлар.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан ушбу қарор ижросини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш сўралсин.

3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига ижро учун юборилсин.

4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.

5. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси О. Абдуназаров зиммасига юклансин.

РаисМ. Абдусаломов