№ 779 2016 йил 17 ноябрь
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ЮЗАСИДАН АЙРИМ ОКРУГ САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ АХБОРОТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан 3-Бухоро округ сайлов комиссияси (М. Даминов), 6-Наманган округ сайлов комиссияси (П. Маткаримов) 9-Сурхондарё округи сайлов комиссияси (А. Ахмедов) раисларининг ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.
Қайд этиб ўтилсинки, юқорида ахборотлари эшитилган, шунингдек бошқа округ сайлов комиссиялари томонидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида муайян ижобий ишлар амалга оширилди. Бироқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилган мониторинг натижалари кўрсатмоқдаки, айрим округ сайлов комиссиялари томонидан қуйидаги камчиликларга йўл қўйилган:
а) ташкилий масалаларда:
айрим сайлов участкалари жойлашган бинолар ҳали-ҳанузгача сайловга тайёр ҳолатда эмас;
“Она ва бола” ва тиббиёт хоналари етарли даражада жиҳозланмаган;
зарур оргтехникалар билан таъминланган;
участка сайлов комиссияларида иш юритиш қониқарли даражада эмас.
б) ҳуқуқий саводхонлик масаласида:
округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайловга доир норматив-ҳуқуқий базани топиш мумкин бўлган – elections.uz ва lex.uz сайтларидан деярли фойдаланилмаяпти;
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга доир барча зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар етказиб берилган бўлса-да, айрим участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимлари етарли эмас, бу эса, бўлажак сайловларнинг юқори савияда ташкил этилиши ва ўтказилишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
2. Округ сайлов комиссиялари юқорида санаб ўтилган камчиликларни таҳлил қилиб, жорий йилнинг 23 ноябрь кунига қадар тўлиқ бартараф этиб, бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясига ахборот тақдим этсин.
3. Кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларига қуйидагилар амалга оширилсин:
а) округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари мутасадди ташкилотлар билан биргаликда:
2016 йил 19 ноябрга қадар ҳар бир сайлов участкаси кесимида хонадонларни бирма-бир айланиб чиқиш орқали сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш ишларни якунлаш ва уларнинг рўйхатини (белгиланган намунада) сайлов участкасида ҳамманинг танишиб чиқиши учун жойлаштирилишини таъминласин;
2016 йил 21 ноябрга қадар ҳар бир сайлов участкаси кесимида рўйхатга киритилган сайловчилар сони тўғрисидаги умумлашган дастлабки маълумотни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этсин;
2016 йил 29 ноябрга қадар сайловчилар рўйхатига киритилган ўзгаришлар (фуқарони рўйхатга киритиш ёки рўйхатдан чиқариш)ни ҳисобга олган ҳолда сайловчилар сони тўғрисидаги умумлашган оралиқ маълумотни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этсин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган сайлов жараёнларини изоҳловчи инфографикаларни сайлов участкаларида (кўргазмали стендларда), аҳоли гавжум жойларда, шунингдек жамоат транспортида жойлаштирилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясидан сайлов варақалари ва бюллетенларини округ ва участка сайлов комиссияларига қонунда белгиланган муддатларда хавфсиз етказилишини инобатга олган ҳолда ички ишлар органлари уларни транспортировка, қўриқлаш чораларини кўрсин.
2016 йил 24 ноябрдан бошлаб муддатидан олдин овоз беришни ташкил этсин ва ушбу масала бўйича округ сайлов комиссияси қарорини қабул қилиб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилсин.
Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимларини янада ошириш мақсадида экспертлар иштирокида Марказий сайлов комиссияси томонидан етказиб берилган сайлов тўғрисидаги қонунлар, низом ва йўриқномалар, ҳуқуқий адабиётлар ва ўқув фильмлари, шунингдек, сайлов жараёнини изоҳловчи инфографикаларни ўрганиш учун ҳар куни амалий ўқув машғулотлари изчиллик билан давом эттирилсин.
4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари К. Адилов зиммасига юклансин.
РаисМ. Абдусаломов