№ 773 2016 йил 8 ноябрь
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИДА КЎЗИ ОЖИЗ ФУҚАРОЛАРНИНГ САЙЛОВ ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқарувининг мурожаатини кўриб чиқиб, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи кўзи ожиз фуқаролар – сайловчиларнинг овоз бериш бўйича конституциявий ҳуқуқини амалга оширишлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенлари “Брайль” алифбоси асосида зарур миқдорда ўзбек ва рус тилларида чоп этилсин.
2. “Брайль” алифбосида тайёрланадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетени намунаси иловага мувофиқ шаклда тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, “Брайль” алифбосида тайёрланадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетени:
қалинлиги 180±5%, 1 дм2 бўлган юзадаги кўринмас-зангори, сариқ ҳимоя толалари 60±20 дона, кўринадиган-қизил, яшил ҳимоя толалари 60±20 донали ҳимояланган қоғозда, оппоқлиги камида 70 фоиз бўлган, “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмасининг Тошкент қоғоз фабрикаси томонидан тайёрланадиган матбаа офсет қоғозида Ўзбекистон Республикаси Кўзи ожизлар босмахонасида “Хейдельберг Оригинал” чоп этиш машинасида босилади;
сайлов бюллетенининг ҳажми А4, 297x210 мм дан иборат бўлади;
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар “Брайль” алифбосида берилиб, улар рўпарасидаги ўнг томонида бўш квадратларда чегаралари рельефли-нуқтали бўртмалар орқали жойлаштирилади.
матбаа ташкилоти кўзи ожизлар учун сайлов бюллетенларининг яроқли эканлигини текширади ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайлов бюллетенларини олиш ваколатига эга бўлган (ишончномага асосан) масъул ходимига далолатнома асосида топширади, далолатномада унинг тузилган санаси, вақти, шунингдек топширилаётган сайлов бюллетенларининг сони кўрсатилади;
буюртмага мувофиқ белгиланган миқдордаги сайлов бюллетенлари топширилгандан кейин матбаа ташкилоти ходимлари яроқсиз деб топилган ҳамда ортиқча сайлов бюллетенларини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси масъул ходими иштирокида дарҳол йўқ қиладилар, бу ҳақда далолатнома тузилиб, ҳозир бўлганлар томонидан имзоланади;
кўзи ожиз сайловчилар учун мўлжаллаган сайлов бюллетенларини топшириш ва қабул қилиш далолатномаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 3 октябрдаги 745-сон қарорининг 3-иловасига мувофиқ шаклда тузилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари ўз сайлов округи доирасида кўзи ожиз сайловчиларнинг сонини аниқлаб, “Брайль” алифбоси асосида сайлов бюллетенларини чоп эттириш эҳтиёжи ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига 2016 йил 10 ноябрга қадар таклифларини киритсин.
5. Қайд этиб ўтилсинки:
кўзи ожиз сайловчилар учун сайлов бюллетенлари сайловга камида йигирма кун қолганида нашр этилади ва тегишли тартибда расмийлаштирилиб, округ сайлов комиссиясига юборилади;
участка сайлов комиссиялари кўзи ожиз сайловчилар учун сайлов бюллетенларини округ сайлов комиссияларидан сайловга камида уч кун қолганида олади;
6. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котиби С. Қурбанкулов зиммасига юклансин.
РаисМ. Абдусаломов