№ 764 2016 йил 28 октябрь
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ БЎЙИЧА САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ ДАВРИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОДЛАРНИНГ САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ ТЎҒРИСИДА
“Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5, 9-моддалари, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 28-285-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида:
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston” ва “Yoshlar” республика телерадиоканалларида 638 дақиқадан эфир вақти 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 13 та маҳаллий телерадиоканалида 206 (286) дақиқадан эфир вақти 2-иловага мувофиқ;
“Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида нашр майдонининг 6 саҳифасидан, шунингдек “Овози тожик” ва “Нурлы жол” газеталарида нашр майдонининг 5 саҳифасидан иборат нашр майдони 3 ва 3а-иловага мувофиқ;
30 та маҳаллий газетада нашр майдонининг 55,5 саҳифасидан иборат нашр майдони 4-иловага мувофиқ;
республика минтақаларида 642 тадан ташқи реклама воситаси (махсус конструкциялар, шчитлар, экранлар, биллбордлар) 5-иловага мувофиқ;
республика минтақаларирининг 36 та электрон мониторида ташвиқот роликларини жойлаштириш учун 6-иловага мувофиқ бепул берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг барча оммавий ахборот воситаларида чиқишлари қуйидаги тартибда амалга оширилсин:
а) Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Отамуратов Сарвар Садуллаевич;
б) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Мирзиёев Шавкат Миромонович;
в) Ўзбекистон Халқ-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Кетмонов Хатамжон Абдурахмонович;
г) Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Умаров Наримон Мажитович.
3. Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида:
бепул берилган эфир вақти ва нашр майдони доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берсин;
янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенг шароитлар принципига риоя қилсин;
бошқа номзодларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишдаги тенг ҳуқуқларини бузадиган, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида ёритишдан ўзларини тийиб турсин;
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 3 октябрда қабул қилинган 743-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом талабларига сўзсиз риоя қилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги сайловолди ташвиқоти даврида:
оммавий ахборот воситаларида, шунингдек умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирлари ёритиб борилиши устидан узлуксиз мониторинг ўтказилишини таъминласин;
мониторинг маълумотларини ҳар куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари:
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда ташқи реклама воситалари аниқ жойини белгилаб олсин ва уларни сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга тенг шартларда тақдим этсин;
биноларга, иншоотларга, ташқи реклама воситаларига ва бошқа ерларга жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларининг сайловга бир кун қолганда олиб ташланишини таъминласин;
тегишли округ ҳудудида сайловолди ташвиқоти давомида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан самарали назорат ўрнатсин.
6. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида авиация ва темир йўлнинг йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқини таъминласин.
7. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 255-моддасига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмаслиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни мажбурий келтириш, шунингдек унинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жойи ва хизмат хоналарини кўрикдан ўтказишга йўл қўйилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш вақтида транспортда кузатиб бориш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.
9. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга тенг шартларда жиҳозланган хоналар бепул тақдим этилишини таъминласин, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда кўмаклашсин.
10. Ушбу қарор Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек бошқа манбаларда эълон қилинсин.
11. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари К. Адилов зиммасига юклатилсин.
РаисМ. Абдусаломов