Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1412 2024 йил 29 октябрь
Ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловининг натижалари тўғрисида
Ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 2024 йил 27 октябрда ўтказилган депутатлар сайлови юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларининг сиёсий партияларга берилган овозларни аниқлаш тўғрисидаги баённомаларига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 96, 961 ва 97-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. 2024 йил 27 октябрда ўтказилган ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови ўтган ва ҳақиқий деб топилсин.
2. Ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов натижаларини аниқлаш ва депутатлик мандатларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги баённома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Депутатлик мандатлари тақсимланган сиёсий партиялар ва сайланган депутатлар дарҳол белгиланган тартибда хабардор қилинсин.
4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинсин.
5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев\