Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1405 2024 йил 15 октябрь
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, сайлов комиссиялари жойлашган биноларни электр энергияси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, сайлов комиссиялари жойлашган биноларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддаси, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддаси, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси ҳамда Сайлов кодексининг 14, 16 ва 49-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси Б. Юнусовнинг, Ички ишлар вазири ўринбосари Б. Абдуллаевнинг, Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари М. Ганиевнинг, Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари С. Зупаровнинг ҳамда Энергетика вазири ўринбосари А. Қобиловнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш даврида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашни;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайлов округлари ва участкалари ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни;
Энергетика вазирлиги сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, шу жумладан сайлов комиссияларининг матбуот марказлари, тезкор ахборот бериш маркази ва овоз бериш биноларини узлуксиз электр энергия манбасига уланиши ҳамда уларда захира электр таъминоти мавжуд бўлишини, уларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашни амалга оширади.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия:
сайлов округлари ва участкалари ҳудудида, сайлов комиссиялари жойлашган биноларда, шу жумладан овоз бериш биноларида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун масъул ходимларини (кейинги ўринларда – жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим) бириктиради;
жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларини Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган тегишли эслатма билан таъминлайди;
жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларига уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тушунтиришлар берилишини ҳамда ўқув машғулотлари ўтказилишини ташкил этади.
4. Сайлов комиссиялари жойлашган бинолар ва ҳудудларнинг қўриқланиши Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг ҳудудий раҳбарлари томонидан тасдиқланган навбатчилик жадвали асосида амалга оширилади.
5. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар:
сайлов бюллетенлари ҳудудий, туман, шаҳар ва участка сайлов комиссиялари томонидан олинган кундан эътиборан сайлов бюллетенлари ҳамда бошқа ҳужжатлар сақланадиган биноларнинг (хоналар) қўриқланишини таъминлайди;
сайлов бюллетенлари Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тегишинча участка сайлов комиссияларига хавфсиз етказиб берилишини таъминлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов натижаларига доир ҳужжатлар, шу жумладан овоз бериш якунларига оид баённомаларни тегишли сайлов комиссияларига олиб бориб топширишда уларни кузатиб боради ҳамда хавфсизлигини таъминлайди;
сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини, шунингдек сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузмаган ҳолда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.
6. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимларга қуйидагилар тақиқланади:
сайловчилар, кузатувчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига таъсир ўтказиш;
сайловчи овоз бераётган вақтда яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасига кириш;
бирон-бир ташвиқот материалини тарқатиш;
сайловчилардан улар берган овозлари ҳақида суриштириш ёки уларга сайлов бюллетенига белги қўйишда ёрдам кўрсатиш;
сайлов комиссияси фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.
7. Қонунчиликка мувофиқ:
сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини бузиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ғайриқонуний равишда путур етказиш маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши;
участка сайлов комиссияси раиси овоз бериш биносида тинчлик сақланиши ва тартибга риоя қилинишини таъминлаш, овоз бериш ва уларни санаб чиқишда ғайриқонуний тўсқинликлар вужудга келганида жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимга мурожаат қилиши;
сайлов участкаси ҳудудидаги тартибсизлик, ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар бартараф этилганидан сўнг жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим участка сайлов комиссияси раиси кўрсатмаси асосида овоз бериш биносини тарк этиши ва хизматни давом эттириши шартлиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. Участка сайлов комиссиясининг раиси овоз бериш биносида тартибга риоя этилишини назорат қилади.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар ва округ сайлов комиссиялари тегишли ҳудудда мазкур қарорга мувофиқ жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, сайлов комиссиялари жойлашган бинолар, шу жумладан овоз бериш бинолари узлуксиз электр энергия манбасига уланиши ҳамда уларда захира электр таъминоти мавжуд бўлишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
10. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
11. Ушбу қарор нусхаси Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларига ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилсин.
12. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев