Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1389 2024 йил 27 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири ўринбосарининг Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш, сайлов комиссияларининг интернет ва алоқа воситалари билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ахбороти тўғрисида
Жорий йил 27 октябрда мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов жараёнларида “E-Saylov” ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимларидан фойдаланилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида сайлов жараёнларига Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда “E-Saylov” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, жорий этилди.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияларига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва “E-saylov” тизимларидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Сайлов участкасини аниқлаш хизмати ишга туширилган.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари телефон алоқаси, Интернет хизматлари билан таъминланди.
Сайлов жараёнини ташкил қилишда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш орқали сайлов жараёни иштирокчилари томонидан сайлов комиссияларига ҳужжатларни тақдим этиш, сайлов комиссияларининг қарорларини қабул қилиш, шунингдек сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа жараёнларни электрон шаклда амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари Ж.Махсудовнинг сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш, сайлов комиссияларининг жойлашган манзиллари бўйича телекоммуникация тармоқларига улаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигига:
жорий йилнинг 1 октябригача Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда Сайлов участкасини алмаштиришга сўров юбориш хизматини ишга тушириш;
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияларини телефон алоқаси, Интернет (TAS-IX) хизматлари билан тўлиқ таъминлаш ҳамда уларга Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва “E-Saylov” тизимларидан фойдаланишда кўмаклашиш;
кўрсатилаётган хизматларнинг узлуксизлиги ва юксак сифатини таъминлаш ҳамда доимий назоратга олиш, тегишли сайлов комиссияларида соҳа мутахассисларини белгилаб, уларнинг навбатчилигини ташкил этиш, айни пайтда, жойларда телекоммуникация хизматлари бўйича юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида, махсус гуруҳлар ташкил этиш, уларни автотранспорт ва зарур эксплуатация захиралари билан таъминлаш вазифаси юклатилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги раҳбарлари Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва янгилаб бориш учун маълумотларнинг ишончлилиги, долзарблиги ва ўз вақтида тақдим этилиши юзасидан шошилинч чоралар кўрсинлар.
4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
5. Ушбу қарор нусхаси манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилсин.
6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев