№1278 Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1278                                                    2023 йил  6 июнь

 

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

 

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига (кейинги ўринларда – сайлов) тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тезкор ва самарали кўриб чиқилишини, шунингдек фуқароларга сайловга оид масалалар юзасидан тезкор ва қулай тарзда ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8, 14 ва 101-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази (кейинги ўринларда – “Cаll-center”) ташкил этилсин.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

3. Белгилансинки, “Cаll-center” Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 1-уйда (Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи биноси) жойлаштирилади ҳамда 2023 йил 10 июндан бошлаб сайлов натижалари эълон қилинадиган (ҳаммага маълум қилинадиган) кунга қадар фаолият олиб боради.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги:

 

республика ҳудуди бўйлаб фуқаролар томонидан “Cаll-center”га чиқувчи қўнғироқларни амалга ошириш учун кўп тармоқли ва қисқа рақамли алоҳида алоқа линияси ажратилишини ҳамда унинг узлуксиз ишлашини;

 

икки кун ичида “Cаll-center” фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур техника воситалари (компьютер, принтер, сканер, телефон аппарати, қулоқчин, микрофон, LED-монитор ва бошқа зарур воситалар) билан жиҳозланишини, шунингдек уларни телекоммуникация тармоқларига (телефон алоқаси ва юқори тезликдаги Интернет) уланишини таъминласин.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти Юридик таъминлаш ва мурожаатларни кўриб чиқиш бўлими (И. Хаджиев) “Cаll-center” фаолияти устидан доимий назорат ўрнатилишини ва мониторинг юритилишини таъминласин.

 

6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган.

 

7. Мазкур қарор матни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                                     З. Низамходжаев

 

ИЛОВА