Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

№1262 Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг  Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№1262                                                    2023 йил  19 май

 

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг  Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8, 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, шунингдек сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида (кейинги ўринларда – ОАВ) ёритиб бориш, сайлов жараёни барча иштирокчиларига, кенг жамоатчиликка, миллий ва хорижий ОАВ вакилларига тезкор, холис ва тўлиқ ахборот бериш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази (кейинги ўринларда – Матбуот маркази) ташкил этилсин.

 

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари ҳузурида Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари сифатида ҳудудий матбуот марказлари ташкил этилади ва уларга умумий раҳбарлик қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Матбуот маркази томонидан амалга оширилади.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази тўғрисидаги низом 1-иловага ва унинг таркибий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

3. Матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 1-уйда (Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи биноси) жойлаштирилсин.

 

4. Матбуот маркази:

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнини ОАВда кенг ёритиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ брифинглар, матбуот анжуманларини тайёрлаш ва ўтказиш, журналистларга ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот бериб бориш ва маълумотларни етказиш ишларини ташкил этсин;

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид ахборот материалларини сайловчиларга, номзодларга, кузатувчиларга ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти, мобил иловалари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа манбаларида юритилишини таъминласин.

 

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

 

Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур бино ва хоналар ажратилишини ҳамда уларнинг зарур техника воситалари (компьютер, принтер, сканер, нусха кўчириш аппарати, телефон аппарати, проектор, LED-монитор, синхрон таржима учун қурилмалар ва бошқа воситалар) билан жиҳозланишини, шунингдек уларни телекоммуникация тармоқларига (телефон ва юқори тезликдаги Интернет) уланишини таъминласин;

 

Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларига автотранспорт, шунингдек баннерлар, электрон реклама стендлари, билбордлар ва бошқа зарур жиҳозлар ажратилиши бўйича зарур чоралар кўрсин;

 

Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмаларига 4 нафар мутахассисдан иборат таркибда малакали мутахассисларни жалб қилиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

 

6. Матбуот марказига мутахассисларни жалб этиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот хизмати раҳбари тақдимномасига асосан Марказий сайлов комиссияси ҳамда мутахассислар ўртасида тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида, Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмаларига мутахассисларни жалб этиш эса, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот хизмати раҳбари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияси ҳамда мутахассислар ўртасида тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида амалга оширилади.

 

7. Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси А. Ибодуллаев Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг бош бухгалтери Ш. Умаров ҳамда Матбуот хизматининг раҳбари М. Алимбаев билан биргаликда Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларига жалб этилган ходимлар ва экспертлар билан белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар расмийлаштирилишини ва шу асосда иш ҳақи тўловлари амалга оширилишини таъминласин.

 

8. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклатилсин.

 

 

Раис                                                                  З. Низамходжаев

 

 

ИЛОВА