Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

№1231 Овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизимини тажриба-синов тариқасида айрим референдум участкаларида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№ 1231                                                    2023 йил  12 апрель

 

 

Овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизимини тажриба-синов тариқасида айрим референдум участкаларида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

 

Референдумда овоз бериш жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18 ва 34-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Референдум ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ комиссиясининг тавсиясига асосан Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида жойлашган айрим референдум участкаларида референдум куни овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилсин.

 

2. Тажриба-синов тариқасида айрим референдум участкаларида овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш учун жорий йилнинг 25 апрелига қадар референдум ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ комиссиясининг тавсияси асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатга мувофиқ айрим референдум участкаларида биометрик идентификация қилиш қурилмалари ўрнатилиши ва референдум куни узлуксиз ишлашини таъминласин.

 

4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда жорий йилнинг 25 апрелига қадар овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этиладиган референдум участкалари узлуксиз электр манбаига уланиши ҳамда уларда захира электр таъминоти мавжуд бўлишини таъминласин.

 

5. Референдум ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ комиссияси биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этиладиган референдум ўтказувчи участка комиссиялари билан биргаликда ушбу участкаларда овоз беришда тажриба-синов тариқасида фуқаролар биометрик идентификация қилиниши ва уни амалга ошириш тартиби ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминласин.

 

6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                               З. Низамходжаев

 

 

ИЛОВА