№ 1020 2020 йил 8 январь
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ CЕНАТИ АЪЗОЛАРИ САЙЛОВИ БЎЙИЧА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ, ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ, ТУМАН, ШАҲАР КЕНГАШЛАРИНИНГ ҚЎШМА МАЖЛИСИНИ ЧАҚИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 16, 76 ва 78-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлислари 2020 йилнинг 16-17 январь кунлари иловага мувофиқ ўтказилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг биринчи ташкилий сессиялари қўшма мажлислар бўлиб ўтадиган муддатга қадар ўтказилиши, шунингдек ушбу сессияларда Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлисларда Кенгашнинг номидан Маслаҳат кенгаши таркибига аъзо сифатида киритиш бўйича депутатнинг номзодини кўриб чиқиш тавсия этилсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммаларига депутатларнинг қўшма мажлисларини ўтказишга оид ташкилий масалаларни ҳал этиш вазифаси юклатилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сайланган Сенат аъзоларини рўйхатдан ўтказиш учун депутатлар қўшма мажлисининг Сенат аъзолигига сайлов якунлари тўғрисидаги баённомасини икки кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссиясига юборилишини таъминласин.
5. Марказий сайлов комиссияси Котибияти (Х.Маматов) мазкур қарорни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳамда ҳокимликларига ижро учун юборсин.
6. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ҳамда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.
РаисМ. Абдусаломов