Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиёти сўнгги йилларда тобора демократлашиб, такомиллашиб бормоқда. Натижада миллий парламентимиз ва давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органлари сайловида ва фаолиятида муҳим янгиланишлар амалга оширилди. Хусусан, давлат бошқарувида сиёсий партияларнинг роли янада мустаҳкамланиб, сайланган депутатлар ва сенаторларнинг парламент ҳамда маҳаллий кенгашлар фаолиятидаги масъулияти ва фаоллигини ошириш, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини янада тўлақонли таъминлашга эришилмоқда.
Бунда 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига киритилган янги ўзгартиришлар муҳим омил бўлмоқда.
Бу эса Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг қамровли инсонпарвар, адолатли, халқчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ҳам миллий, ҳам нуфузли хорижий олимлар, экспертлар, давлат ва жамоат арбобларининг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Айтиш жоиз, дунёнинг ривожланган мамлакатларида синовдан муваффақиятли ўтган, сайловчиларнинг хоҳиш-истакларига, талабларига тўла жавоб берадиган, сайловларни аҳоли учун энг мақбул бўлган шаклда ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари ҳамда сайлов тизимлари мавжудки, айниқса, аралаш сайлов тизимидан кўплаб ҳуқуқий демократик давлатларда самарали фойдаланиб келинмоқда. Шу сабабли ҳам, 2023 йил 18 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни билан мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказиш тартиби белгиланганлиги бежиз эмас.
Ушбу Конституциявий қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ва амалдаги еттита қонунга сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини мамлакатимиз сиёсий ҳаётида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижаларига, сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётган халқимизнинг талабларига, шунингдек ривожланган демократик ҳуқуқий давлатларнинг илғор амалиётига уйғунлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Сайлов қонунчилигидаги ушбу янги нормалар 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайловида амалиётга татбиқ этилиб, муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Бунда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови аралаш сайлов тизими талабларига мос тарзда ўтганлиги алоҳида аҳамият касб этди. Зеро, мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан то 2024 йилга қадар барча даражадаги сайловлар фақат можаритар сайлов тизими асосида ўтказилган. Ўша сайловларда иштирок этган сайловчи фуқароларимиз анъанавий тарзда ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда ташкил этилган бир мандатли сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилган икки ёки ундан ортиқ депутатликка номзодлар орасидан ўзлари учун маъқул номзодга овоз берган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатини сайлаш учун 150 та бир мандатли сайлов округлари ташкил этилган. Ҳар бир сайлов округидан бир нафардан, жами 150 нафар депутат сайланган.
Муҳим янгилик: аралаш сайлов тизими
Аралаш сайлов тизими ўзида моҳиятан иккита –– пропорционал ва мажоритар сайлов тизимини уйғунлаштирган. Унда вакиллик органидаги мандатларнинг, яъни депутатлик ўринларининг бир қисми депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхатига мувофиқ сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда, иккинчи қисми эса бевосита сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округларидан кўрсатилган депутатликка номзодларга берилган овозлар натижасига кўра тақсимланади.
Мамлакатимизда 2024 йилнинг октябрь ойида ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу янги сайлов тизими асосида ўтказилди.
Бунда, Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати аввалгидек бевосита бир мандатли сайлов округларидан сайланди, қолган 75 нафар депутат эса сиёсий партияларнинг сайловда олган овозлари сонига пропорционал тарзда, партия томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхати бўйича сайланди.
Можаритар сайлов тизими бўйича сайловда иштирок этган бешта сиёсий партиянинг ҳар бири бир мандатли сайлов округларининг ҳар биридан биттадан жами 75 нафардан, умумий ҳисобда 375 нафар депутатликка номзодларни кўрсатди.
Пропорционал сайлов тизимида ягона сайлов округи бўйича сиёсий партия томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг рўйхатига камида 75 нафар, кўпи билан 100 нафар номзодлар киритилиши мумкинлиги сайлов қонунчилигида белгиланган эди.
Ушбу қонун талабига асосан сиёсий партиялар ўзларига берилган пропорционал сайлов тизими бўйича депутатликка номзод кўрсатиш ваколатидан максимал фойдаланган ҳолда, сиёсий партиянинг депутатликка номзодлари рўйхати бўйича ҳар бир партия 100 нафардан, умумий ҳисобда 500 нафар депутатликка номзод тақдим этди.
Сайлов кодекси талабларига мувофиқ, партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши керак. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас. Айни бир номзод фақат битта партия рўйхатига киритилиши мумкин.
Бир мандатли сайлов округлари бўйича кўрсатилган номзодлар партия рўйхатига киритилиши мумкин эмас. Депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда белгиланади.
Аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида қирқ фоизини (авваллари бу миқдор ўттиз фоиз эди) ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозимлиги белгиланган бўлиб, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда юқоридаги қонун талабларига тўла риоя этилди.
Яна бир янгилик, миллий сайлов тизимига илк маротаба жорий этилган “E-saylov” ахборот тизими орқали сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва ОАВ билан муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилди. Сайлов жараёни иштирокчилари ушбу ахборот тизимидан профессионал тарзда фойдаландилар. Хусусан, сиёсий партиялар барча даражадаги вакиллик органларининг депутатлигига номзодларини тегишли сайлов комиссияларига ушбу ахборот тизими орқали электрон тарзда тақдим этдилар. Ўз навбатида, сайлов комиссиялари ҳам сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қарорларини ушбу ахборот тизими орқали қабул қилдилар.
Сайловнинг барча босқичлари тўлиқ рақамлаштирилиб, миллий сайлов тизимига “E-sаylov” ахборот тизимининг муваффақиятли жорий этилгани сайлов жараёнидаги бюрократик тўсиқларни кескин камайтириш, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш, қоғоз сарфини тежаш ва шаффофликни оширишда муҳим аҳамият касб этди. Бу борадаги яна бир муҳим янгилик – электрон овоз бериш имкониятларидан синов тариқасида амалиётда фойдаланиш бўлди. Бу истиқболдаги сайловларни ташкил этиш бўйича муҳим йўналишларни белгилаб берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими бўйича сайлов ўтказилиши муносабати билан, ҳар бир сайловчига можаритар сайлов тизими бўйича битта, пропорционал сайлов тизими бўйича битта, жами иккита сайлов бюллетени берилди. Ушбу бюллетенларда:
– можаритар сайлов тизимида, бир мандатли сайлов округлари бўйича ўтказилган сайловларда сайлов бюллетенига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг исм-шарифи киритилди;
– пропорционал сайлов тизимида, Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича ўтказилган сайловда сайлов бюллетенига сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи киритилди;
– сайлов бюллетенини тўлдиришда сайловчи мустақил равишда қарор қабул қилиб, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этди, шу тариқа ўзи маъқул деб топган депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз берди.
Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайлови натижаларини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши жорий этилди. Бошқача айтганда, бу галги сайловда илгари бўлгани каби мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши таъминланди.
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги фуқаролари Қонунчилик палатаси сайловида илк бор пропорционал тизими бўйича овоз беришда иштирок этдилар. Бу чет давлатларда бўлиб турган фуқароларимизнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг берган овозини ўзларига алоқаси бўлмаган бошқа сайлов округи ҳисобига ўтказиш каби нотўғри амалиётга барҳам берди.
Сайлов кодексида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари тегишли депутатлик ўринларига тенг миқдорда тузилиши, депутатлик ўринлари сони эса аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда аниқ белгилаб қўйилгани ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада мустаҳкамлаш имконини берди.
Юқоридагилар билан бирга, сайловларни профессионал, очиқ ва демократик тарзда ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш мақсадида, Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми янада мустаҳкамланди. Сайлов комиссияларининг вертикал тизими, яъни Марказий сайлов комиссияси — ҳудудий сайлов комиссияси — туман ва шаҳар сайлов комиссияси — округ сайлов комиссияси — участка сайлов комиссияси тузилмаси жорий этилгани сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сифат жиҳатдан яхшилашга хизмат қилди.
Округ сайлов комиссияларининг сайлов участкалари ва участка комиссияларини тузиш, тегишли ҳудудда депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш каби ваколатлари ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилди.
Пропорционал сайлов тизими: ўзига хослик нимада?
2024 йил Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловида пропорционал сайлов тизимидан фойдаланилганлиги сабабли, унинг ўзига хос хусусиятлари, хорижий давлатларда қўлланилиш амалиёти ва афзалликлари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Пропорционал сайлов тизими – халқаро амалиётда мавжуд сайлов тизимларининг турларидан бири бўлиб, мажоритар сайлов тизимидан бир аср кейин вужудга келган. Сайлов пропорционал тизим асосида ўтказилганда депутатлик мандатлари, яъни вакиллик органидаги мавжуд депутатлик ўринлари сиёсий партиялар томонидан шакллантирилган депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхатлари учун сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда тақсимланади.
Можаритар сайлов тизимидан фарқли ўлароқ, сайловчи бевосита депутатликка номзод шахсга эмас, балки сайловда иштирок этаётган, депутатликка номзодлар рўйхатини тақдим этган сиёсий партияга овоз беради.
Ҳозирги кунда пропорционал сайлов тизими анча кенг тарқалган. Жумладан, Ғарбий Европа, Лотин Америкаси, айрим Осиё мамлакатларида сайловлар пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилади.
Пропорционал сайлов тизимида сайлов натижаларини аниқлашда қонунчиликда вакиллик органидаги мавжуд депутатлик мандатларига даъвогарлик қилиш учун сиёсий партиялар қўлга киритиши зарур бўлган овозларнинг асосан тўрт ёки беш фоизлик энг кам миқдори (ўтиш планкаси, барьери) белгиланади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг сайлов натижаларини белгилаш деб номланган 96-моддасига мувофиқ – Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партиялар белгиланган тартибда мандатга эга бўлади.
Сайловда иштирок этаётган сиёсий партия қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордаги ёки ундан кўпроқ сайловчиларнинг овозини тўплай олсагина, ушбу сиёсий партияга депутатлик мандатлари тақсимланади. Бунинг учун аввало, сайловчилар берган овозлар вакиллик органида мавжуд бўлган депутатлик ўринларининг сонига бўлинади. Натижада битта мандат (депутатлик ўрни) учун тўпланиши лозим бўлган овозлар миқдори маълум бўлади ва у сайлов коэффициенти ҳисобланади. Сўнг, сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёқлаб берган овозлари алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Ҳар бир сиёсий партия олган овозлар сони сайлов коэффициентига бўлинади, натижада мазкур партия эга бўлган депутатлик ўринларининг умумий сони аниқ бўлади.
Қайд этиш лозимки, 2024 йил сайловларида иштирок этган мамлакатимиздаги бешта сиёсий партиянинг барчаси ушбу барьердан муваффақиятли ўтиб, Қонунчилик палатасида тегишли депутатлик ўринларига эга бўлди.
Одатда, пропорционал сайлов тизимининг икки хил кўриниши мавжуд. Биринчиси, умумдавлат даражасидаги пропорционал сайлов тизими бўлиб, унда мамлакат ҳудуди сайлов округларига бўлинмайди. Сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаётган депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхати бутун мамлакат ҳудуди бўйича шакллантирилган ҳолда тақдим этилади. Сайловчилар ўша партиявий рўйхатни инобатга олган ҳолда сиёсий партияларни ёқлаб овоз берадилар. Парламентдаги депутатлик мандатлари партияларнинг олган умумий овозларига мутаносиб равишда ягона сайлов округи бўйича тақсимланади.
Иккинчиси, кўп мандатли округларга асосланган пропорционал сайлов тизими бўлиб, унда мамлакат ҳудуди йирик маъмурий-ҳудудий бирликларни инобатга олган ҳолда сайлов округларига бўлинади. Сиёсий партиялар томонидан сайлов округлари кесимида, депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхатлари тақдим этилади. Бунда, сайловчилар депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхатларини инобатга олган ҳолда, сайлов округлари кесимида сиёсий партияларни ёқлаб овоз берадилар. Парламентдаги депутатлик мандатлари партияларнинг ҳар бир сайлов округида олган овозларига мутаносиб равишда, сайлов округлари кесимида тақсимланади.
2024 йил сайловларида мамлакатимизда пропорционал сайлов тизимининг биринчи кўриниши қўлланилди. Сайловчилар сиёсий партияларга овоз берди. Қайси сиёсий партия қанча овоз олганига қараб, депутатлик ўринларига эга бўлди. Сайлов кодексига мувофиқ Қонунчилик палатасидаги бир юз элликта депутатлик ўринларидан, етмиш бештаси пропорционал сайлов тизими бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб ҳолда тақсимланди. Хусусан:
– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 5 194 041 та ёки 34,75 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 26 та депутатлик ўрнига эга бўлди;
– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – 2 812 493 та ёки 18,82 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 14 та депутатлик ўрнига эга бўлди;
– Ўзбекистон Экологик партияси – 1 960 764 та ёки 13,12 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 10 та депутатлик ўрнига эга бўлди;
– Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 2 558 016 та ёки 17,11 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 13 та депутатлик ўрнига эга бўлди;
– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси – 2 420 857 та ёки 16,20 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 12 та депутатлик ўрнига эга бўлди.
Пропорционал сайлов тизимининг афзалликларидан бири оралиқ сайловнинг, яъни муддатидан олдин бўшаб қолган депутатлик ўрни учун сайлов ўтказилмаслигида намоён бўлади. Чунки, сайловчилар сайлов кампанияси даврида, пропорционал сайлов тизими бўйича сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган депутатликка номзодларнинг партия рўйхатини инобатга олган ҳолда сиёсий партияларни ёқлаб овоз бериб бўлган. Ҳар бир партиявий рўйхатда 75 нафардан 100 нафарга қадар депутатликка номзодлар мавжуд. Сайловнинг якуний натижаларига кўра бирор сиёсий партия сайловчиларнинг эллик фоизининг овозини олган тақдирда ҳам, ушбу сиёсий партия томонидан тақдим этилган партиявий рўйхатдаги депутатликка номзодларнинг кўпи билан 38 нафари депутат этиб сайланади, партиявий рўйхатда қолган 37 нафардан 62 нафарга қадар номзодлар захирада туради. Пропорционал сайлов тизими бўйича қайси партиядан сайланган депутатнинг ваколати муддатидан илгари тугатилса, унинг ўрни ушбу партиянинг партиявий рўйхатида захирада бўлган депутатликка номзодларнинг навбатдагиси ҳисобига тўлдирилади.
Хулоса қилиб айтганда, аралаш сайлов тизими жамиятда сайловчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришга, ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, сайловчи нафақат номзодларнинг шахси, уларнинг дастурлари, таклифлари билан, балки, сиёсий партияларнинг дастурлари, ғоялари, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ турмушини янада фаровонлаштириш бўйича илгари сураётган таклифлари билан ҳам яқиндан танишади, ўрганади, уларни нечоғлик реал ҳаётда татбиқ этиш имкониятлари мавжудлигини баҳолайди. Шундан сўнг, муайян бир қарорга келади ҳамда ўзи лозим топган номзодни ва сиёсий партияни қўллаб-қувватлайди.
Аралаш сайлов тизимида сиёсий партияларнинг масъулияти янада ортади. Қайси сиёсий партия ўз дастури орқали мақсадларини, жозибадор ғояларини ифода этиб, уларни рўёбга чиқариш учун реал имкониятларга эга эканлигига халқни ишонтира олса, бунинг учун муносиб ҳаракат қилса аҳоли томонидан кенгроқ қўллаб-қувватланишга, сайловчиларнинг кўпроқ овозларини олишга эришади.
Худоёр МАМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг котиби, юридик фанлар доктори, профессор