01.02.2023

3524

msk_yangiliklari_in

Йил фаслларининг алмашиниши, қаҳратон қишнинг баҳорга ўрин бўшатиб бериши, қиш бўйи мудраб ётган далаларда тафт пайдо бўлиб, сепилган уруғларнинг аста-секин ниш отиши табиий мувозанатга асосланган. Инсоннинг бутун ҳаёти шу мувозанатда ўз ифодасини топади десак, муболаға бўлмайди. Сув ва қуруқлик, кун ва тун, тоғлару ялангликлар ўртасида илоҳий бир мувозанат бор. Унинг бошида йилда бир келадиган Наврўз туради.

 

Наврўз мувозанати наинки моддий оламга, маънавий ҳаётимизга, сўз ва амалларимизга, уйқу ва уйғоқлигимизга ҳам тегишли. Соҳиби қудрат томонидан яратилган жамики нарсалар ўз мақоми ва меъёрида сақланиши зарур. Инсон ҳаёти давомида буюк ихтиролар қилади, моддий бойликлар яратади, дунёни безаб, ўзи ҳам безанади, ўзи яратган нарсалардан баҳраманд бўлади. Фарзандлари янада яхши яшаши учун ҳаракат қилади. Аммо бу ҳаракат она-табиатнинг ишига ноўрин, худбинларча, тор манфаатларни кўзлаб аралашиш, йўлларга, дарёларга сунъий тўсиқлар қўйиш дегани эмас. Оққан дарё оқмай қолмас деганларидек, табиат барибир ўз ҳукмини ўтказади, мувозанатини тиклаб олади. Яқин ўтмишда содир этилган бундай аралашувлар қандай аянчли оқибатларга олиб келганини Орол денгизи мисолида яхши биламиз. Бунга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

 

Мувозанат фақат табиатга эмас, инсонга ҳам тегишли. Ҳар бир одам ҳар бир ҳолатда ўзига ўзи ҳисоб бериши, ўзини ўзи тафтиш қилиши, ёнида худди ўзи каби бошқалар ҳам борлигини, уларда ҳам ички “мен” туйғуси мавжуд бўлиб, бу дунё лаззатларидан завқланиш, фойдаланиш ҳуқуқига эгаликларини тан олиши даркор. Ҳамма ўз ҳолича, фақат ўзини ўйлаб, турли томонга от сурмай, бир-бирининг елкасига қўлини қўйиб, улкан бир ҳалқа бўлиб яшаса, бир-биридан хабардор бўлса, бир-бирини тушунса, фақат шундагина дунё дунё бўлади, мувозанат тарозиси бир томонга оғиб кетмайди. Фақат шундагина дунё дунёлик мақомида туради, яшаш завқли бўлади, умргузаронлик қилиш, яратиш ва янгилаш мантиқий маъно касб этади.

 

Моддий ва маънавий бўҳронларни шу бирлик, шу аҳил-иноқлик, олийжаноб инсоний фазилатлар билан енгиш мумкин. Сўнги уч йилдан буён давом этиб келаётган коронавирус пандемияси деган глобал офат бутун инсониятни ларзага солди. Бундай улкан фалокат жаҳон миқёсида сўнгги юз йилда рўй бермаган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

Бугун дунёнинг тараққий топган кўплаб давлатлари ҳам иқтисодий таназзулдан азият чекмоқда. Ишчи ўринлари қисқариб, ишлаб чиқариш кўлами, ялпи ички маҳсулот ҳажми пасайиб бораётгани боис, оддий меҳнаткашлар ҳаётида жиддий муаммолар пайдо бўлаётир. Бу муаммони ҳам биргалашиб, бамаслаҳат ҳал қилиш мумкин. Шундагина дунё ҳаловат бешигига айланади. Бундай бешикда дунёнинг ўзи ҳам ором топади.

 

Ҳар гал Наврўз эшик қоқиб келаётганида шу туйғулар ҳаёлимдан ўтади. Бу улуғ тенглашув зиммасида нечоғли буюк масъулият мавжудлигини ҳис этаман. Наврўз баҳорий кайфият, шўх-шодонликлар, тансиқ таомлар, қизалоқлар сочидаги толпопукларгина эмас, у янги умид, янги режа, руҳиятимиздаги янги тозариш айёми ҳамдир. Наврўз ҳаёт чироғининг ўчмаслигидан, она замин буюк само бағрида айланар экан, бобо Қуёш мангу нур сочишидан далолат.

 

Наврўзда бу донишманд дунё кўркамлик либосига бурканади, табиат уйғонади, туйғуларимизда ҳам уйғониш, тиниқлашиш юз беради, кўчалар, ҳовлилар тартибга келтирилади. Ҳосил далалари етилиб кўпчийди. Қушлар симфонияси, кўкламойим қўшиқлари авжига чиқади. Бу айёмда бир-биримизга анча меҳрибон ва яқин бўлиб қоламиз. Эзгу ниятлар қилиб, бир-биримизни бағримизга босамиз. Гина-кудуратлар унутилади, қиш бўйи унниққан хоналарнинг деразалари очилиб, мусаффо ҳаво вужудимизга цингади. Дошқозонда сумалак қайнайди. Қозон атрофида табаррук онахонларга қўшилиб бўй етган қизлар, келинчаклар рақсга тушадилар. Бу мунавварликлар инсон қалбига кўчади, қалб боғларида ҳам тозариш юз беради.

 

Наврўзни қандай кутиб олишимиз, бу табаррук айёмга ўзимизни қандай чоғлашимизда гап кўп. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан жорий йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” номини олди. Шу муносабат билан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган Давлат дастурида:

 

инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;

адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;

миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;

мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш устувор вазифалар этиб белгиланди.

 

Шу ўринда, оилани ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, бу борада давлат ва жамият томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни янада кучайтириш, оила саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялаш, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, маҳалла мавқейини кўтариш, ўсиб келаётган ёш авлодни буюк аждодларнинг муносиб ворислари қилиб тарбиялашга алоҳида аҳамият берилди. Бу ерда яна шуни таъкидлаш ўринлики, дунёда иқтисодий бўҳрон давом этаётган бир пайтда мамлакатимизда жамиятнинг бош ячейкаси бўлган оилани, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, ёшларнинг олий таълим билан қамровини кенгайтириш каби бири-бирини мантиқан тўлдирувчи дастур ва режалар қабул қилинди.

 

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувдаги нутқида эътироф этилганидек: “Ҳамма соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам барча масалаларни малакали кадрлар ҳал қилади. Бу борада буюк олим Гиппократнинг: “Табобат – барча илм ва ҳунарлар ичида энг қийини ва шарафлиси”, деган сўзлари айни ҳақиқатдир. Шу боис бугун тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, уларда чуқур билим ва малакага, юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор беряпмиз. Мисол учун, сўнгги беш йилда 6 та янги тиббиёт олийгоҳи ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 14 тага етказилди, қабул квотаси эса 4 баробар ошди.

 

Ҳудудларни малакали мутахассислар билан кафолатли таъминлаш мақсадида вилоятлар буюртмасига асосан манзилли ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди, олис ва чекка қишлоқларга ишга борадиган битирувчилар учун “Қишлоқ шифокори” дастурини амалга ошириш бошланди. Шунингдек, 1,5 минг нафар шифокорлар нуфузли хорижий клиника ва университетларда малакасини оширди.

 

Иқлим ва аҳолининг турмуш тарзи ўзгариши (кам ҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш) оқибатида дунёда асаб тизими, юрак-қон томир, диабет касалликлари тобора кўпайиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам, афсуски, ҳар йили шундай касалликларга учраган юз минглаб беморлар қайд этилмоқда. Лекин туман касалхоналарида бундай касалликлар бўйича ётиб даволанадиган бўлимлар йўқлиги сабабли беморлар вилоят ва республика шифохоналарига боришга мажбур бўлмоқда.

 

Энди ана шу касалликлар бўйича аҳолининг ўзи яшаётган жойда ихтисослашган тиббий ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилади. Жумладан, 2022 йилда туман марказий шифохоналаридаги ўринларнинг 10 фоизи неврология, эндокринология, кардиология касалликлари учун ажратилиб, бюджетдан молиялаштирилади. Бу кўрсаткич 2023 йилда 20 фоизга етказилади”.

 

Бу вазифалар, Президентимизнинг кўрсатмалари, энг аввало, инсон фароғати, саломатлиги, оилаларнинг мустаҳкамлиги, ҳаётимизнинг тинч-тотувлиги, азиз фарзандларимизнинг камоли учунлигини ҳис этиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилади.

 

Шу кунларда каттаю кичик барча юртдошларимиз бағрини кенг очиб, баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи бўлмиш Наврўз айёмини “Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўзи олам!» деб, шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда. “Нима учун биз Наврўзни доимо соғиниб, интизорлик билан кутамиз? Нима учун бу сана барчамиз учун энг севимли, энг ардоқлайдиган байрамимизга айланиб қолган?», деган савол берилиши табиийдир.

 

Бунинг сабаби, Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, турли мафкура ва сиёсатлардан ҳоли, урф-одатларимизга ва қадриятларимизга жавоб берадиган байрам, эканлигидадир. Нега деганда, Наврўз ўз руҳи ва ғоялари билан ҳар қайси инсон она заминнинг, табиатнинг ажралмас узвий қисми эканини, табиатнинг нақадар гўзал эканини ҳис қилиб, уни эъзозлаб, ҳамнафас бўлиб яшашга ундаши билан бизга қадрлидир.

 

Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда кўклам нафаси ва майин шабадалар кириб келиши, куртакларнинг очилиши билан инсон вужудига баҳор нашидаси югургандек бўлади. Барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, куч-қувват, ғайрат ва шижоатга тўлгандек сезамиз, ўзимизни табиатнинг узвий ва ажралмас қисми деб ҳис қиламиз. Аҳолимиз, қайси миллат ва элат вакили бўлишидан қатъи назар, байрамона кайфиятга берилиб, бу ажойиб айёмни катта шоду хуррамлик билан ўтказади, бундай дамларда нафақат таниш, балки нотаниш одамларни ҳам қутлаб, бағрига босиб, соғлик, бахту саодат ва омад тилаши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

 

Шу борада бир фараз қилайлик: агарки, бугунги кунда халқаро майдонда тобора авжига чиқаётган кескинлашув, можаро ва қарама-қаршиликларни, ҳали-бери давом этаётган қон тўкишларнинг олдини олиш, пайдо бўлаётган муаммоларни фақатгина тинчлик ва сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилишга қайтилса олам гулистон бўларди. Агарки шу кунларда кўпни кўрган, қанча-қанча синовларни бошидан кечирган, яхшилик ва эзгуликни доимо юрагининг тўрида сақлаб келадиган, меҳр-оқибатли халқимиздан, шарқона янги йил кириб келиши арафасида туриб, янги йилда сизнинг энг эзгу ниятларингиз нималардан иборат, деб сўраса, халқимиз, ҳеч иккиланмасдан, бизга тинчлик, соғлик, бахт, саодат, омад ва омонлик керак, деб жавоб бериши муқаррар.

 

Бундай якдилликнинг сабаби ва илдизларини аввало бизнинг қадимий тарихимиз, кўп қиррали буюк маданиятимизда, умумбашарий тараққиётга ўчмас ҳисса қўшган улуғ олим ва мутафаккирларимиз қолдирган бебаҳо меросда, она юртимиз кўп замонлар давомида билим, маънавият ва маърифат маркази бўлиб келганида кўриш мумкин. Бунинг устига, азал-азалдан халқимизга мансуб бўлган олижаноблик, бағрикенглик, одамийлик ва меҳрибонлик, муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлаш, кексаларнинг дуосини олиш, етим-есирларнинг бошини силаш каби савоб ишларни бажо келтиришда бундай хусусият ва аломатлар аҳолимизнинг қон-қонига, суяк-суягига сингиб кетгани ҳеч кимга сир эмас.

 

Буларнинг барчаси асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб, бойитилиб, охир-оқибатда эзгу инсоний тушунчаларга айланиб, халқимизнинг маънавий ва амалий дунёқараши учун мустаҳкам пойдевор бўлган. Табиийки, бундай олижаноб, ноёб хусусият ва фазилатларга эга бўлган, пок орзу-интилишлар билан яшаётган, ўзи учун, юрти ва халқи учун тинчлик ва омонликни, мусаффо осмонни истайдиган халқимиз, ҳеч шубҳасиз, яқин ва узоқ қўшнилари билан ўз муносабатларини ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатлик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида қуради. Ва юртимизни, аҳолимизни ҳар қандай бало-қазолардан омон сақлашни ўзининг муқаддас бурчи деб билади. Сўнги йилларда шиддат билан ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган давр барчамизнинг, биринчи навбатда, таянчимиз ва суянчимиз бўлмиш ёшларимизнинг олдига замонавий билим ва касб-ҳунарларни, интеллектуал билимларни чуқур эгаллаш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётимизни янгилаш, модернизация ва диверсификация қилиш, буларни тараққиётимизнинг локомотивига айлантириш каби вазифаларни қўймоқда. Айни шу улкан долзарб мақсадларга эришиш йўлида Ватанпарвар, юртпарвар, иқтидорли ёшларимиз халқимиз, Ватанимизнинг ишончини оқлашга қодир эканига албатта ишонамиз.

 

Ҳадемай юртимизга Наврўз кириб келади. Бу қутлуғ байрам маънавий ҳаётимизнинг мазмунига айланиб бораётир. Наврўз тароналари жанубий вилоятларимизда бошланиб, бутун мамлакатни, қалбларимизни қамраб олади. Бу байрамда қилинган эзгу ниятлар, кексаларимизнинг дуолари ижобат бўлсин, мустақил Ватанимиз янада файзли ва кўркам бўлиб бораверсин. Тинч-тотувлигимизга кўз тегмасин.

 

Худоёр МАМАТОВ

Юридик фанлари доктори, профессор

Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур