ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ: КЕЛАЖАККА КОМИЛ ИШОНЧ БИЛАН

31.01.2023

2659

msk_yangiliklari_in

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга йўналтирилган изчил ва тизимли ишлар ўзининг янги босқичига қадам қўйди. Округ сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссияларининг аъзолари таркиби тасдиқланди ва иш бошлади.

 

Масъулиятли майдон

 

Сайловнинг қандай ўтиши кўплаб жиҳатларга, айниқса, участка сайлов комиссияси фаолиятига бевосита боғлиқ эканлиги азалдан маълум. Таъбир жоиз бўлса, участка сайлов комиссияси — сайловнинг тақдири ҳал бўладиган энг масъулиятли майдон. Негаки, аввало, сайловчилар, қолаверса, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари – ҳамма айнан сайлов участкасининг фаолиятига қараб сайловни баҳолайди. Шу ерда сайловчилар овоз беради, сайлов бюллетенлари санаб чиқилади. Сайловга оид қонунларнинг самаралари шу ерда юзага чиқади, мавжуд муаммолар шу ерда акс этади.

 

Шунинг учун ҳам сайлов комиссиялари тизимининг энг қуйи бўғинда иш олиб борадиган мутахассислар миллий сайлов қонунчилигини ва халқаро сайлов стандартларини яхши билиши лозим. Улар, шунингдек, юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлардан яхши хабардор, ахборот технологияларидан фойдаланишни пухта ўзлаштирган бўлишлари зарур.

 

Сайлов участкаларида сайловчилар зарур ахборотларни олиши, эркин овоз бериши учун сайлов қонунчилигида қатъий белгилаб қўйилган барча шароитлар яратилиши шарт.

 

Бундай юксак талабларга эришиш ўз-ўзидан бўлмаслиги аён. Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига биноан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни демократик талаблар даражасида ўтказиш учун тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда, пандемия туфайли юзага келган шароитни ҳисобга олган ҳолда, кенг кўламли ишлар бажарилди.

 

Тайёргарлик

 

Бунда Марказий сайлов комиссияси Президент сайловига тайёргарлик кўриш ишларини эрта ва айнан Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепциясини тасдиқлашдан бошлагани бежиз эмас. Жорий йилнинг 27 апрелида қабул қилинган ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ижросини ўз муддатида ва сифатли таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорликка доир келишув мазкур жараёнда муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

 

Ушбу келишув бўлажак сайлов ва сайловолди жараёнларини қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда ташкил этиш учун сайлов жараёни барча ташкилотчиларининг сайлов қонунчилиги ҳамда амалиётига оид билими ва амалий кўникмасини янада ошириш, фуқароларнинг амалдаги сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимиздаги кенг кўламли демократик ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш мақсадида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берди.

 

Шу йилнинг 28 апрель куни Давлат бошқаруви академиясида сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар ва сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг малакасини ошириш бўйича кўп босқичли семинар тренинглар республика тренерларининг ўқувидан бошланди ва бутун мамлакатимиз бўйлаб тизимли равишда давом эттирилди.

 

15 сентябрь куни семинар-тренгларнинг якуний -учинчи босқичи ниҳоясига етди.

 

Участка сайлов комиссиялари аъзолари таркиби тасдиқланганидан сўнг, бунгача уч босқичда малака оширган 32 мингдан зиёд участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблари семинар-тренингларда ўзлаштирган билим ва кўникмаларини комиссияларнинг 110 минг нафардан ортиқ бошқа аъзоларига ўз сайлов участкаларида бевосита иш жараёнида ўргатди. Ҳудудий тренерларнинг бевосита услубий раҳбарлиги остида амалга оширилган ушбу машғулотларда тингловчиларнинг олган билими мониторинг ва таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликлар изчил бартараф этиб борилгани жорий йилдаги семинар-тренингларнинг энг самарали янгиликларидан бўлди. Бу миллий ва халқаро таҳлилчилар жамияти томонидан алоҳида эътироф этилди.

 

Таъкидлаш ўринлики, етакчи миллий ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган ўқув дастуридан жой олган мавзулар бўйича тайёрланган видеодарс, видеоролик ва инфографик маҳсулотлар, ўқув қўлланмалари ва рисолалар сайлов ташкилотчиларининг малака ва кўникмасини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

 

Тингловчилар учун машғулотларнинг интерфаол усулда ташкил этилгани уларнинг муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, сайлов куни овоз беришни ўтказиш, “Бир сайловчи — бир овоз” тамойилига амал қилиш, кузатувчилар билан ишлаш, сайлов натижаларини ҳисоблаб чиқиш каби йўналишлардаги назарий билимини амалий машғулотларда мустаҳкамлашига хизмат қилди.

 

Аслини олганда, ўрганаман деган киши сайлов мавзусида ўзи истаган кодексу қонунни, қарору низомни, йўриқномаю дастурни, илмий, оммавий мақолаларни, суҳбатларни, қўлланмаю рисолаларни, эслатмаларни, ҳатто зарур телефон рақамларидан то хариталаргача осонгина топиши мумкин. Бу рўйхатга, қайд этилганидек, видеодарслар, видеороликлар, инфографикалар, суратлар, теле ва кино лавҳалар, репортажлар, интервьюлар, мунозаралар, баҳсларни қўшинг. Истасангиз — онлайн, йўқса – офлайн. Йил – ўн икки ой, ҳар куни, ҳар соатда, дунёнинг қай бир гўшасида бўлманг — қўл остингизда.

 

Бунинг учун Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтига ёки “Saylov2021» порталига, шу номдаги мобил иловасига, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига кирсангиз, бас. Уларда ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида минглаб номдаги тарғибот ва ташвиқот материаллари жамланган. Жамлангани эса мунтазам тўлдириб ва бойитиб борилмоқда.

 

Мабодо сайлов бўйича савол туғилса, «1200» бепул телефон рақамига сим қоқиб, ўзингизни қизиқтирган ҳар қандай саволингизга малакали жавоб олишингиз мумкин. Мурожаатингизга етук ҳуқуқшунос олимлар, мутахассислар ва тажрибали сайлов амалиётчилари батафсил жавоб беради.

 

Ўзбекистонда Президент сайловига оид бирорта мурожаат ва савол жавобсиз қолмайди!

 

Инсон қадри

 

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалда тўла таъминлаш, миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов андозаларини тарғиб қилиш, ўрганиш ва ўргатишга ҳеч қачон бугунгидек юксак эътибор қаратилмаган, кенг шароит ва қулай имкониятлар яратилмаган.

 

Миллий сайлов тизимидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири бўлган бундай кенг кўламли ишлар мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича тузилган ўн минг етти юздан зиёд участка сайлов комиссияси таркибида фаолият юритаётган аъзоларнинг сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинса, нафақат миллий сайлов тизимида, балки бутун мамлакатимизда дадиллик ва изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар бераётган юксак самаралар яққол намоён бўлади.

 

Бу, аввало, жами 142 044 нафар аъзони бирлаштирган участка сайлов комиссияларининг сафида аёлларнинг илгарги сайловлардагидан сезиларли даражада кўплигида кўринади. Жумладан, икки йил аввал ўтган парламент сайловида сайлов участкалари таркибида 54361 нафар аёл фаолият юритган бўлса, жорий йилдаги Президент сайловида улар қарийб 12 минг нафар кўп. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 3588 нафари, раис ўринбосарларининг 3508 нафари, котибларининг эса 4686 нафари хотин-қизлардир.

 

Бу мамлакатимизда гендер тенгликни ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга қаратилаётган доимий ва тизимли эътибор самарасидир. Айни пайтда, ушбу рақамлар мамлакатимизда 2019 йил 2 сентябрь куни қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг ва инсон қадри устувор бўлган жамиятга хос юксак маънавиятнинг амалдаги яна бир рўёбидир. Зеро, юксак маънавиятли инсонлар жамиятидагина аёллар эътибор ва эъзоз, мамлакат эса ривож топиши — азалий ҳақиқат.

 

Ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланиши

 

Истиқлол йилларида шаклланган миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида орттирилган бой тажриба ҳамда умумеътироф этилган халқаро сайлов стандартлари ҳисобга олинган ҳолда 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Сайлов кодекси халқаро экспертлар томонидан ҳам юксак баҳоланди. Сайлов қонунчилигига сўнгги йилларда бошқа бир қатор демократик ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди.

 

Жорий йилнинг 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир. Қонунга биноан участка сайлов комиссиялари фаолиятига тааллуқли айрим нормалар янада мустаҳкамланди.

 

Янги қонунга биноан Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлардан бири 23-моддада ўз ифодасини топди. Маълумки, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганда беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.

 

Кодекснинг 25-моддасига биноан участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмасди.

 

Аммо шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб қоидалари талабларидан келиб чиққанда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийинлиги аён.

 

Янги қонунга биноан, Сайлов кодексининг мазкур моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно”.

 

Сайлов кодексининг чет давлатларда истиқомат қилиб турган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчи-ватандошларимиз гавжум яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

 

Шулардан келиб чиқиб, 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 37 давлатдаги эллик тўртта участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби тасдиқланди.

 

Сайлов қонунчилигига сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифанинг чиқариб ташланиши, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланишнинг тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида, сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилишига оид янги нормаларнинг киритилгани сайловларни очиқ-ошкора, шаффоф ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказишга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга оширадиган участка сайлов комиссияларининг зиммасига масъулиятли вазифалар юкланган.

 

Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомга асосан, жумладан, мазкур комиссиялар сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади; сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ҳамда кўриб чиқади ва рўйхатга тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади; сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган ва муддатидан олдин овоз берган сайловчилардан тўлдирилган сайлов бюллетенларини ёпиқ конвертларда қабул қилиб олади; аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади; бинонинг яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари, сайлов қутилари, шунингдек, бошқа жиҳозлар билан тайёрлаб қўйилишини таъминлайди; сайлов куни участкада овоз беришни ташкил этади; соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда овоз беришни ташкил этади; овозларни санаб чиқади; сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

 

Тан олинган ҳақиқат

 

Жорий йилда тузилган округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари сафида навқирон авлод вакиллари, айниқса, ахборот технологиялари бўйича ёш мутахассислар ҳар қачонгидан кўплиги ҳам таҳлилчилар эътиборини тортмоқда.

 

Бунинг боиси маълум. Миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати 2019 йилги сайловларда бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этилган эди.

 

Эндиликда ушбу тизим аввалги сайловларда орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, замон талаблари даражасида янада такомиллаштирилмоқда.

 

Ҳозиргача 21 миллион нафардан кўпроқ сайловчи ягона электрон рўйхатга киритилди. Марказий сайлов комиссияси сайтида “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?» хизмати ишга туширилди.

 

Ўтган парламент сайловида мамлакатимиз бўйича олтмишта сайлов участкасига кузатув камералари ўрнатилиб, улардаги овоз бериш жараёни Матбуот марказида, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб сайтида ҳамда “Ўзбекистон24» телеканалида реал вақтда намойиш этиб борилди. Ушбу сайлов участкаларида қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилмади. Маълумотларга қараганда, 24 октябрь куни бўладиган Президент сайловида бутун мамлакатимиз бўйлаб кузатув камералари ўрнатиладиган сайлов участкалари сони уч баравардан ҳам ошади.

 

Участка сайлов комиссиялари фаолияти билан боғлиқ бундай янгиликларни яна кўплаб келтириш мумкин.

 

Халқаро муносабатлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳамда хорижий экспертлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритар эканлар, бир масалада якдилдирлар: “қисқа давр ичида Ўзбекистон халқи ва ҳукумати прагматик ва чинакам демократик йўлни босиб ўтди, бу йўлнинг юксак самаралари халқаро ҳамжамият томонидан аллақачон тан олинган”.

 

Бу юксак халқаро эътирофнинг замирида улкан меҳнат, қатъият ва шижоат мужассам эканлигини мамлакатимиз аҳли яхши билади. Заҳмат ва шижоат, юртимизда қарор топган тинчлик ва ободликнинг қадрига етувчи халқимизнинг Президент сайловида фаол иштирок этиб, энг муносиб номзодга овоз беришига шубҳа йўқ. Буни “Ижтимоий фикр” маркази маълумотлари ҳам кўрсатиб турибди: келажакка комил ишонч билан яшаётган Ўзбекистон аҳолисининг 88,2 фоизи бўлажак Президент сайловида иштирок этишга тайёр.

 

Бу сайловнинг халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, сиёсий-ҳуқуқий маданият, қадимий анъаналаримизга мос муҳитда ўтишидан далолатдир.

 

Қулман ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Раисининг маслаҳатчиси

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил 21 сентябрь.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур