27.01.2023

4942

msk_yangiliklari_in

Мен бугун 1-Украина фронти таркибидаги 307-ўқчи дивизияси, 109-ўқчи полкининг катта сержанти Элчибой Абдусаломовнинг қарийб тўрт йилга чўзилган қирғинбаротда неча душманни ер тишлатиб, не бир жасоратларга ноил бўлгани, қандай жанговар ва давлат мукофотларига лойиқ кўрилганини бирма-бир санамоқчи, уни кўкларга кўтариб, мақтамоқчи эмасман.

 

Назаркарда

 

Мен бугун 1-Украина фронти таркибидаги 307-ўқчи девизияси, 109-ўқчи полкининг катта сержанти Элчибой Абдусаломовнинг қарийб тўрт йилга чўзилган қирғинбаротда неча душманни ер тишлатиб, не бир жасоратларга нойил бўлгани, қандай жанговар ва давлат мукофотларига лойиқ кўрилганини бирма-бир санамоқчи, уни кўкларга кўтариб, мақтамоқчи эмасман.

 

Содиқ ва собиқ жангчи мақтовга зор эмас.

 

Ватан ва халқ эътирофи – муқаддас!

 

Маҳобату мулозаматларга тоби йўқ Элчибой Абдусаломов байрамларда, ўзи айтмоқчи, “пошшойи либосини” кийганида, костюмига тақилган орден-медалларнинг оғирлигидан “бели букчайиб қоларди”.

 

Неваралари кўп сўрашарди: “Мана бу орденни қаерда, қачон олгансиз, бува? Bunisini-chi?..”

 

У барча собиқ жангчилар сингари урушда кўрган-кечирганлари ҳақида гапиришни хушламас эди. На уйда, на расмий, норасмий учрашувларга чорланганида. Тан ярасининг битиши осон, қалб ярасининг юзини ҳеч қачон қўтир босмайди. Жангчидан уруш ҳақида сўрагандан кўра, қўлига кетмон, оёғининг остига етти таноб ер берган авло. Совуққа олдирган икки оёғи зирқираб, бомбаю снаряднинг танасида қолиб кетган ва рентгенга солинганида кумушдек ялтираб кўринадиган пўлат парчалари нинадек санчилаётганига қарамай, бир пасда ўйнаб-кулиб кетмонлаб ташлайди ўша ерни.

 

“Баракалла! – дейди кейин ажин босган пешонасидаги терни артар экан. – Баракалла, бўтам! Маза қилдим!»

 

Бундай фараҳли дамларни Элчибой Абдусаломовнинг фарзандлари, неваралари, ҳамқишлоқлари кўп кўрган.

 

Шундай бўлсада, айрим воқеаларни ҳумчойнакдаги қайноқ чойни хўплай-хўплай айтиб берган. Айтар экан, ҳар гал қора терга тушиб кетган:

 

“Юсуф ака деган кўп яхши одам бўлгич эди. Келбати, раҳматли, Йўлчи акамга тортиб кетарди. Асли ўзи Иосиф. Иосиф Левин. Ота-онаси руҳоний ўтган. Мен “Юсуф ака” дердим. Новчагина бўлгани билан, ўзи арғамчидай ингичка, мендан бир-икки кўйлакни кўпроқ тўзитган йигит эди. Худо билимдан берган, тоза кўнгилдан сийлаган. Лекин қизлардай тортинчоқ. Сал нарсага каловланиб, гапини йўқотиб қўярди. Иккаламиз бир-биримизга ботишиб, ака-ука тутинган эдик. Ай, одамнинг яхшиси эдида, бечора! Қанча яхши йигитлар жувонмарг кетдия!.. Санаб-саноғига етолмайсан. Тирик юрганида қанча яхши ишлар қилардия, bechoralar!..”

 

Пруссия пойтахти Кёнигсберг (ҳозирги Калининград) шаҳрини озод қилиш учун бошланган ва роппа-роса 103 кунга чўзилган жанглар давом этмоқда эди. “Шерман” деб оламга дағдаға солган Гитлер, куни битаётганини сезиб, қуён терисини излашга тушган. Фашистлар қоча-қоча бекинган жой – қуюқ ўрмон орасидан чиқиб, тепалик сари бот-бот ҳужумга ўтади. Ўртада – сайҳонлик.

 

Бу гал гувуллаган товуш келди. Бу оддий қурол эмас, вермахтнинг ишонган қўрғони эди. Гитлер зирҳли танкларини ишга солса, ҳар қандай жангда қўли баланд келишига ишонарди. На ўқ олади, на снаряд.

 

Элчи Абдусаломов бир фазилати билан қуролдошларининг назарига тушган эди: ҳар қандай шароитда, ҳар қандай хавф таҳдид солганида, ўзини йўқотиб қўймайди. Буни кўплар жумардликка йўйса, бировлар совуққонлигида деб билар, бошқалар зеҳнининг ўткирлигидан кўрарди.

 

Сочларига оқ оралаган мактаб ўқитувчисидан то энди ўн саккизга кирган йигитгача жанг қилаётган ўн бир кишилик бўлинмада таҳлика бошланса, ҳамма шу нозиккина ўзбекнинг оғзига қарайди. Назаркарда.

 

Бошлиқлар Иосифни бўлинма сардорлигига тайинламоқчи бўлганида, яҳудий йигит дарҳол рад қилди: “Қўлимдан келмайди! Элчи бўлсин. Мен хат-ҳужжатида қарашиб тураман”.

 

...Ikki “Тигр” (“Арслон”) қалин қорни қумдек тўзғитиб, маст туядек даҳшат солиб келаверди. Бу қурол, улай-булай қўшинга эмас, вермахтнинг энг сара, энг ишонган ҳарбий қисмларига, энг муҳим жанглар давом этаётган жойларга етказиб бериларди.

 

“Граната!», деб пичирлади сардор.

“Гранатани тайёрланг!», деган кўрсатма истеҳком узра оғиздан-оғизга кўчди.

Танклар ортида бир гала пиёда кўринди – ниқобланган – оқ халатда. Илғаш қийин.

“Йигирмата экан, ярамаслар! – деди кимдир. – Ҳар танкнинг орқасида ўнтадан!».

На пулемётидан, на тўпидан ўт очмасдан варанглаб келаётган икки танк туйқусдан икки томонга бурилди.

“Юсуф ака, сиз – ўнгга ўтинг! – деб буйруқ берди энди Элчибой. – Мен – чапга! Қолганлар – ўртада!».

Элчи ўзи яқинлашиб қолган фашист пиёдаларини мўлжалга олди. Икки душман қулади. Чапдаги танк окопнинг ўртасига, ўт очилган томонга кескин бурилди.

 

“Жуфтлаб боғланган гранатани ушлаган қўлларим терлаб кетгани ҳозиргидай эсимда, – деб ҳикоя қилган эди кейинчалик Элчи бобо. – Ғазаб келганида жонинг ҳам кўзингга кўринмай кетади. Душман бесўнақай танкини тўғри устимга ҳайдади”.

 

Бундай пайтда танк окопни ўйиб-ўпириб, жангчининг устида гир айланади ва уни лойга қориб ташлайди. Тирик қолиш гумон. Элчи Абдусаломов энг сўнгги сонияда ўзини ўнгга қараб отди. Икки думалаб, жойидан узоқлашди. Ўттиз метрлик окопда икки баҳайбат танк бир-бирига бақамти юролмайди.

 

Бўлинма сардорининг умиди шундан эди.

 

Атрофига лой сачратиб жойида айланаётган ажал машинасининг пўлат занжири унинг этигига тегиб ўтгандек бўлди. Қўш граната танкнинг энг заиф жойи – тагига бориб тушди.

 

“Бир пайт қарасам, Юсуф ака тепамда турибди, – деб хотирлар эди Элчи бобо. –Кўзларида даҳшат қотиб қолган. Дағдағ титрайди, bechora...

 

Фақат иккимиз тирик қолган edik... Бир-биримизни суяб, ўрнимиздан турдик. Ағдарилган икки танк икки жойда тутаб ётарди. Мен пулемётимни излашга тушдим. Юсуф ака бақириб юборди: “Қўй ўша, ордонангни!». Қўймадим. Лой орасидан топиб, елкамга олдим. Уч йилдан бери кунимга яраб келаётган қуролимни қандай ташлаб ketaman!..”

 

Душман мақсадига етолмади. Омон қолган икки жангчи “Қизил байроқ” орденига муносиб кўрилди.

 

Баҳорга бориб, Кёнигсберг фашистлардан озод қилинди. 1945 йилнинг 9 апрелида юз мингга яқин ҳарбий — немис горнизони таслим бўлди. Гитлер шаҳар ҳимоясини ишониб топширган генерал Отто фон Ляшни “бу ҳойинлиги учун” сиртдан отишга ҳукм қилди.

 

Берлингача “бир чопсанг етадиган” йўл қолган, таслим бўлиш навбати энди фюрернинг ўзига келган эди.

 

Жангчилар қисқа муддатли сокинлик чоғларида бир пас тин олгиси келади. Урушни унутишга уриниб, кейинги ҳаёти ҳақида ўйлай бошлайди. Режалар тузади. Оиласини, она юртини соғинч билан эслайди.

 

Элчибой билан Юсуфбой ҳам шундай ширин хаёлларга берилган, бўзариб турган кун пешиндан оғиб, аёз қисиб келмоқда эди.

 

“Одессага бораману педтехникумга ўқишга кираман, – деди тош кўча бўйидаги харракка чўккан Иосиф. – Мактабда болаларга дарс бераман. Умримнинг охиригача қўлимга қурол тугул, ош пичоқ ҳам ушламайман. Ушламайман, вассалом! Уйланаман. Бир этак боламиз bo‘ladi... Сенчи, Сен нима қиласан, Элчи?»

 

Унинг қаршисидаги бетон тўсиқда, сафар халтасининг устида омонатгина ўтирган ука орзуманд акасидан бундай саволни илгари ҳам кўп эшитган. Ҳар гал ҳар хил жавоб беради: мен ҳосилотликка ўқийман, дўхтир бўламан, деҳқончилик qilaman...

 

Элчи Абдусаломов ҳам билим олишни истарди. Аммо бир монелик бор — фарзандлик юки. Ўқийман деб шаҳарга кетса, кекса ота-онаси яна ёлғиз қолади. Шунча йил ўтар юриб, уларни йўлига зору илҳақ қилгани етмайдими?..

 

Нимадир гумбурлаб ketadi...

 

Ука бир ҳафтадан сўнг ҳарбий шифохонада ўзига келади. Чиппа битган қулоғи эшитмайди. Танасининг соғ жойи йўқ. Докалаб ташланган. Яна контузия.

 

Акасини сўрайди.

 

“Иосиф ҳалок бўлди, – деб қоғозга ёзиб кўрсатади ҳамшира. – Снаряд tagida...”

 

Некбин

 

Элчибой қирқ бешинчи йили қирғинбаротдан эсон-омон қайтганида уй-ичининг қанчалик боши осмонга етган бўлса, сафар халтасидан нон чиқарганини кўриб, шунчалар севинган. Юртни очарчилик забтига олган.

 

Элчи Абдусаломовнинг чекига яна оғир юк тушди. Колхоз раисига ўринбосар этиб тайинланди. Қўли мактаб дафтарию кетмон, қурол-яроғдан бошқа нарса кўрмаган йигирма тўрт ёшли йигит элга бош бўлди.

 

Қишлоқ аҳлининг супраси – ун, қўраси – қўй-қўзи, қозони ёғ кўрмаганига неча йиллар бўлган. Ёнтоқнинг тикан аралаш сарғимтир шакарию хом чигитнинг кунжарасини еб, шишиб ўлаётганлар фронтда дайди ўққа учганлардан кам эмас. Мўъжаз қишлоқда кунда-кунора жаноза. Ҳовли-жой тўкилиб бўлган. Уловдан, техникани қўяверинг, на от, на арава қолган.

 

Кетмон кўтарадиган коранда изласанг, изиллаган хотин-халаж, чол-кампир ва қорни нонга тўймаган рангпар ўсмирдан бошқа одам тополмайсан. Биғиллаган бева-бечорага қандай далага чиқ, дейсан?

 

Кишваридан ёвни ҳайдаган жангчиларнинг ҳоли яна танг келди: ғолиб давлатини забт этган жудоликка, вайронагарчиликка, очликка қарши курашиш, эзилган одамларнинг ўксик кўнглини кўтариш фашистларга қарши жангга киришдан осон эмасди.

 

Нажот – меҳнатда. Далада.

 

Колхозчилар уй бетини кўрмай, шох-шабба, хас-хашак, ёнтоқдан тикка қилинган омонат капалаларда яшаб, ойлаб ишлади. Эрта кўкламдан қора кузгача ҳосил дардида тер тўкса, қишда канал қазиб, ариқ тортди.

 

Элчибойга қарасангиз, ҳосилот (агроном) ҳам ўзи, ҳисобчию табелчи ҳам ўзи, хирмон қоровулию аравакаш ҳам ўзи. Иш буюрсанг, йўқ дейдиган одати йўқ. Доим зайили бир: вазмин ва адолатли.

 

Шунинг учун 1949 йили Мирзачўлни ўзлаштириш бошланиб, Боёвут туманида очилган янги колхозга Элчибой раис этиб тайинланганида биров ажабланмади.

 

Янги хўжаликда ер мўл, ташвиши ундан ҳам кўп эди: на бир қўнқайган иморат, на бир уй, на бирор техника ва тайинли корандаси бор. Атроф — отлиқ ораласа, боши кўринмайдиган янтоқзору юлғун босган бийдай дала. Олди — изиллаган қиш.

 

Элчибой ҳамқишлоқлари билан бирга яна кетмону белга, замбилу чўкичга ёпишди. Кундузлари ариқ олиб, тунлари ертўла ковладилар. Шу зайилда, аввал ўн, кейин йигирма чоғли рўзғор “уйли бўлди”. Ертўлалардан бири ёш оилали раиснинг ҳам уйи, ҳам идорасига айланди.

 

“Кулманг, – деб мириқиб ҳикоя қиларди кейинчалик колхозини Сирдарё вилоятининг энг донгдор хўжалигига айлантирган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими унвони соҳиби Элчи Абдусаломов.– Қийини қишда бўларди. Қору ёмғир шитоб ёққанида ертўланинг шох-шабба устига шолча ёпилган “эшиги” эрталабгача музлаб қоларди. Қаттиқроқ туртсанг, синади. Ертўласидан бир амаллаб эртароқ чиққан одам бошқаларнинг “эшиги”ни қордан тозалаб, очишга кўмаклашарди. Қарасангиз, ҳамманинг оғзи-боши қорайиб, кийимини қуриму ис босган. Шундай бўлсада, одамларнинг руҳи баланд. “Иккиора бир иштон, қайтиб чиқамиз қишдан”, деб ҳазил-ҳузул ҳам қилиб қўйишарди”.

 

Ёш раис, хушрўй, хушгўй ва некбин одам эмасми, ҳамманинг тилини топиб, бошини қовуштирди. Одамларнинг қилдай ишини, фазилатини филдан ошириб алқади. Хато қилса — кечирди, ўзидан ўтса – мункир келмади. Вақти билан иш ҳақиниям бас дегунча берди.

 

Тез орада кўтарма ариқдан оққан сув эгатларда жилдираб, пахтазори шоналаб, ғаллазори шовуллаб қолди. Чорвасининг тагидан шамол эсиб, паррандасининг қаноти ости полапонларга тўлди.

 

Кеча омоч билан тирналган бўз ерларда тракторлар гуруллай бошлади. Ертўлаларнинг ўрнида аввалига бир хона, бир дахлизли “оқ уйлар” қад ростлади. Уйларни кўриб, одамларнинг ўмгани кўтарилди. Раис тошкентлик меъмор Умар Маҳсум билан ошна тутиниб, бирга-бирга ўру қирни айланди. Замонавий қишлоқнинг тарҳини чиздирди.

 

Қишин-ёзин юзни аччиқ тили билан муттасил “ялаб турадиган” Бекобод шамолининг йўлига мосланган кўчалар, кўчаларда кўп хонали замонавий уйлар, уйларнинг ўртасида асфальт йўллар пайдо бўлди. Чўлқуварлар қўналғаси – Соватобод шаҳарпитишли гўшага айланди. Ўзининг мактаби, боғчаси, маданият саройи, спорт майдончаси бор.

 

Айни ўзгаришларнинг ҳаммаси бир кунда, бир зарб билан бўлгани йўқ, албатта. Бу ишларнинг бошида турган одам – Элчи Абдусаломов нуфузли олий таълим муассасаларида бошқарув санъатидан таҳсил олмаган. Ўрта мактабнинг бор-йўғи саккиз синфини, сўнг қишлоқ хўжалиги ходимларининг қисқа муддатли курсини тугатган, холос.

 

У танти, серғайрат, қутли-баракали, яхши одам эди. Яхшилиги учун саксондан беписанд ўтди. Омонат дунё неъматларини деб боқий дунёсини унутмади. Элчибой ҳожи ота тақвода қойим, имонда мустаҳкам бўлди. Балки шунинг учун Парвардигор уни Иккинчи жаҳон қирғинбаротларида ўз паноҳида асрагандир! Балки шунинг учун ўзининг, авлодларининг ишларига, рўзғорига кушойиш берган, бераётгандир!

 

Бундай умр ҳаммага насиб этавермайди. Ҳаммага матонатни, омадни, давлатни, шуҳратни беравермайди. Берганда ҳам, ҳамма эплаб кетавермайди.

 

Элчи Абдусаломов Тангри таолонинг синов учун берган омонатига – умрига, эътиқодига хиёнат қилмаган матонатли инсон, Ватани ва халқини севган садоқатли фарзанд эди.

 

 

Қулман ОЧИЛ

Манба: “Ҳуррият” газетаси.

2020 йил 10 июнь

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур