САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ КЕНГ ҚАМРОВЛИ ЖАРАЁН

31.01.2023

2593

msk_yangiliklari_in

2021 йил 24 октябрда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

 

Мамлакатимиз ва халқимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш ишлари қизғин давом этмоқда.

 

Хусусан, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан бошлаб ўтган қисқа вақт ичида, биринчидан, мамлакатимиз сиёсий майдонида фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатга олиниб, уларга мандатлар топширилди. Сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши учун ижозат берилиб, уларнинг ваколатли вакилларига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ва имзо варақаларининг бланкалари топширилди.

 

Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинди. Ҳозирги вақтда сиёсий партиялар томонидан мамлакатимиз ҳудудларида, фуқароларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодларни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплаш жараёни давом этмоқда.

 

Иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи тузилди. Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 округ сайлов комиссияларининг 266 нафар аъзодан иборат шахсий таркиби тасдиқланди. Улар учун Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси”га мувофиқ Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури ва ўқув-услубий материаллар асосида юқори малакали экспертлар томонидан икки кунлик семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.

 

Ўқув машғулотлари давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, округ сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилиш, сайлов комиссияларининг ваколат ва вазифалари, округ ва участка сайлов комиссиялари бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, сайловчилар рўйхати билан ишлаш каби долзарб мавзулар қамраб олинди.

 

Машғулотлар якунида Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг 266 нафар аъзосига гувоҳномалар, округ сайлов комиссияларининг муҳри ва канселярия маҳсулотлари топширилди.

 

Учинчидан, маҳаллий ва хорижий жамоатчилик, шу жумладан, сайловчиларни сайлов комиссиялари ва бошқа ташкилотчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида кенг хабардор этиш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди, “saylov.uz” янги сайти, “saylov-2021» веб-портали, “saylov-2021» мобил иловаси, “Сайлов-2021 хабарлари” номли ахборот-таҳлилий кўрсатуви ишга туширилди.

 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, ЎзРепорт, “ZoʼrTV”, “Дунё” ахборот агентлиги, “Bugun.uz”, “Nova24.uz”, “Kun.uz” интернет нашрлари, “Xalq soʼzi” ва “Народное слова” газеталари каби элликдан ортиқ маҳаллий ОАВда фаолият юритувчи 757 нафар, шунингдек, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Туркия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия, Хитой, Эрон, Озарбайжон каби хорижий давлатлар ОАВда фаолият юритувчи 48 нафар журналист аккредитациядан ўтказилиб, гувоҳномалар тақдим этилди. Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш ишлари давом этмоқда.

 

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун 21 халқаро ташкилот, жумладан, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, ШҲТ, ИҲТ, Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясига, 28 хорижий мамлакат сайлов органлари ва 48 давлатдан 225 нафар халқаро кузатувчига таклифнома юборилди.

 

Бешинчидан, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси”га мувофиқ мамлакатимиз ҳудудларида, туман ва шаҳарлардаги секторлар кесимида участка сайлов комиссияларининг раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар учун интерфаол усулларда ўтказилаётган семинар-тренингларнинг тўртинчи босқичи қизғин давом этмоқда.

 

Семинар-тренингларнинг биринчи босқичида тингловчиларга миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартларига оид ўн иккита долзарб мавзуда назарий билимлар берилди. Иккинчи босқичда назарий билимлар билан биргаликда амалий кўникмалар шакллантирилди. Учинчи босқич “тренер-тингловчи юзма-юз савол-жавоби” шаклида ўтказилиб, биринчи ва иккинчи босқичда олинган назарий билим ва амалий кўникмалар мустаҳкамланди.

 

Навбатдаги тўртинчи босқичда бевосита участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ишларга оид олтита энг муҳим мавзулар танлаб олинди ва ушбу мавзуларга оид видеороликлар тайёрланди. Бу босқичдаги машғулотларда эгалланган назарий билимни намунавий шаклда ташкил этилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси бажарадиган ишлар яратилган видеороликларни кўриш ва бевосита бажариш орқали мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Олтинчидан, Марказий сайлов комиссиясининг 20 август куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида турли масалалар қатори сайловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган “Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

 

Низомга мувофиқ, Интерфаол хизматдан доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилига эга бўлган, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фойдаланишлари мумкин.

 

Сайловчи сайлов участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизматдан электрон тарзда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиб, сайлов участкасини аниқлаш хизматини танлайди, унга биометрик паспорт ёки идентификация ID-картасининг серияси ва рақамини ҳамда туғилган санасини киритади. Шундан сўнг сайловчининг ушбу маълумотлари Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида шакллантирилган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги маълумотлар билан автоматик тарзда текширилади. Маълумотлар мос келган тақдирда сайловчига сайлов участкаси ҳақидаги маълумот тақдим этилади.

 

Сайловчи Ўзбекистон Республикаси Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидаги сайлов участкаси ҳақидаги маълумотлар билан унинг доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзили ўзаро номувофиқ бўлган тақдирда сайлов участкасини ўзгартириши мумкин. Сайлов участкасини ўзгартириш сайловга олтмиш кун қолганидан бошлаб то беш кун қолгунига қадар амалга оширилиши мумкин. Бошқа шахсга тегишли маълумотларни кўрсатган ҳолда сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланиш тақиқланади. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизматини кўрсатиш Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ҳавола қилиш ёрдамида амалга оширилади.

 

Интерфаол хизмат ёрдамида ўзгартирилган сайлов участкасини сайловчининг розилигисиз ўзгартириш ва сайловчилар рўйхатига тузатишлар киритиш мумкин эмас. Интерфаол хизмат кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

 

Ушбу хизматдан фойдаланиш истагида бўлган сайловчилар “saylov.uz” сайтида жойлаштирилган Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 20 августдаги 1101-сонли қарори орқали хизматдан фойдаланиш тартиби билан батафсил танишиши мумкин.

 

Хулоса қилиб айтганда, Марказий сайлов комиссияси ва сайлов жараёнининг бошқа ташкилотчилари томонидан Президент сайловини юқори савияда ташкил этиш, сайловчиларнинг конституциявий ҳуқуқларидан эркин фойдаланиш ва ахборот олиш имкониятларини янада кенгайтириш, сайлов жараёнига замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол давлат хизматларини самарали жорий этиш ишлари фаол давом этмоқда.

 

Сайлов кампанияси жараёнларида амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари ва сайловчиларга яратилаётган кенг имкониятлардан сайловчи-фуқароларнинг хабардор бўлиши, сайлов куни овоз беришда фаол иштирок этиши, конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиши ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидаги инсонпарвар ислоҳотларнинг бардавом бўлишига хизмат қилади.

 

Худоёр Маматов,

Марказий сайлов комиссияси котибияти раҳбари, профессор

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур