БУЮК ҒОЯЛАР БУЮК ИНСОНЛАРНИ ТАРБИЯЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

27.01.2023

2195

msk_yangiliklari_in

Кейинги йилларда мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда, залворли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бу борада, шубҳасиз, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган янги ғоялар ва ташаббуслар ҳамда олиб борилаётган оқилона сиёсат дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда, залворли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бу борада, шубҳасиз, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган янги ғоялар ва ташаббуслар ҳамда олиб борилаётган оқилона сиёсат дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Мухбиримиз шулар хусусида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар номзоди Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ билан суҳбатлашди.

 

- Мирзо Улуғбек Элчиевич, мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида Янги Ўзбекистондаги янги Уйғониш — учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини барпо этиш ғояси катта қизиқиш уйғотди. Ташаббус кенг ўрганилиб, атрофлича шарҳланмоқда, қўллаб-қувватланмоқда, кўплаб амалий ва самарали таклифлар айтилмоқда. Сиз катта тажрибага эга сиёсатчи, ҳуқуқшунос ва олим сифатида бу борадаги фикрларингизни газетхонларимиз билан ўртоқлашсангиз.

 

- Ватан манфаатларини, нуфузини, халқ ҳаётини, фаровонлигини юксакларга кўтаришни мақсад қилган улуғвор ғоялар одамларда доим катта қизиқиш уйғотиши табиий.

 

Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси ўз тараққиётининг мутлақо янги босқичига дадил қадам қўйган ва залворли одимлар ташлаётган Янги Ўзбекистондаги Янги уйғониш — Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини барпо этиш ғояси, шубҳасиз, амалга оширса бўладиган буюк мақсад, реал ishdir...

 

Тўрт-беш йилнинг нари-берисида Ўзбекистонда очиқлик, ошкоралик, демократия тамойилларини амалда кўриш мумкин, дейилса, ишониш қийин эди. Бугун у ҳаёт тарзимизга айланди. Бу — реал ҳақиқат. Амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, янгидан-янги лойиҳалар, илм-фан, маърифатни юксакларга кўтариш, инновацион ривожланишга эътиборни хаёлимиздан ўтказиб кўрайлик. Дин ва эътиқод эркинлигининг мустаҳкамланиши, она тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузининг амалда oshgani-chi...

 

Ўз қобиғига ўралиб яшаган давлатнинг қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни дадил тиклаши, халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътиборини глобал муаммоларга жалб этиши, тадбиркорликка кенг йўллар очилиши, миллий валютанинг эркин конвертацияси таъминланиши, транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, бир умр биқиқ муҳитда яшаган халқимиз уйғона boshladi...

 

Ана шу уйғониш самараси ўлароқ жамиятни емириб ётган неча асрлик ҳадикнинг диллардан кўчишичи! Адолатнинг мустаҳкамланаётганига ишончимиз ортди, сўз ва фикр эркинлиги, илмий-ижодий руҳ, ташаббускорлик, одамларда ўз салоҳиятини намоён этиш сари дадил интилиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, имкониятлари амалда kengaydi...

 

Неча ўн йиллар, ҳатто оша асрлар халқимиз учун армон бўлиб келган бундай имкониятлар бугун, яна таъкидлайман, ривожланган давлатлардаги каби осойишта ҳаётимизнинг узвий қисмига айланди. Бошқача айтганда, мамлакатимизда адолатли жамият барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг самараларини барча юртдошларимиз бугун ўз ҳаётида ҳис этиб турибди.

 

- Сизнингча, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун мамлакатимизда имконияти асослар етарлими?

 

- Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун таълим-тарбия, илм-фан, маърифат ва маданиятни муттасил ривожлантириш ғоясининг бош драйвер — локомотив сифатида танлангани ушбу ташаббуснинг ғоят ҳаётийлигини таъминловчи энг муҳим омилдир. Миллатнинг илм-маърифати ошгани сари фаровонлиги шунчалик юксалиб бораверади.

 

“Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз, — деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев. — Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”.

 

Ушбу соҳаларга қаратилаётган эътиборнинг, йўналтирилаётган сармояларнинг, сарфланаётган куч-ғайратнинг муттасил ошиб бориши натижасида жамиятнинг қолган барча тармоқлари ҳаракатга келади, ривож топади.

 

Бу яқин истиқболда юртимиздаги барча болалар мактабгача таълим даргоҳлари билан тўла қамраб олинади, дегани. Бу миллий ҳаракат кўламини олган мактаб таълими янада равнақ топиши, ёшлар олий таълим даргоҳларида таҳсил олиши, илм-фан билан машғул бўлиши учун имкониятлар мисли кўрилмаган даражада кенгайишидан далолат. Бу замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали минглаб, миллионлаб кадрлар етишиб чиқади, дегани. Бу мустақил Ўзбекистон, боболаримиз орзу қилганларидек, фозил инсонлар мамлакатига, жаҳоннинг энг йирик иқтисодий, илмий, ижодий, техник кашфиётлар, маданият ва санъат марказларидан бирига айланади, дегани. Бу халқимизнинг илмий-интеллектуал салоҳияти янада юксалиб, Янги Ўзбекистон илмий-ижодий, техник, тафаккур зеҳни билан дунёни лол қолдирадиган буюк алломалар юртига айланади, degani...

 

Ўтган тўрт йилдан буён амалга оширилаётган шижоатли, кўлами кенг ва комплекс ислоҳотлар натижасида бугун жамиятимиз, онгимиз ва тафаккуримиз ўзгармоқда, мамлакатимизнинг қиёфаси кўркамлашиб бормоқда. Буни нафақат юртдошларимиз, балки Янги Ўзбекистондаги буюк ўзгаришларни диққат билан кузатиб турган олам аҳли ҳам кенг эътироф этмоқда.

 

Ҳамюртларимиз энди биладики, улар қаерда бўлмасин, давлатимизнинг ҳимоясидадир. Дунёда пандемия авж олган, турли ҳудудларда низолар олови бот-бот бўй кўрсатиб турган таҳликали замонда, Бутунжаҳон қонун ва тартиб индексига кўра, Ўзбекистонимизнинг энг тинч ва осойишта мамлакатлардан бири сифатида алоҳида эътироф этилиши бундай ишончни янада мустаҳкамлаши табиий. Зеро, фақат тинч, осойишта юртдагина улуғвор ғоялар амалга ошиши, орзулар ушалиши, қут-барака бардавом бўлиши мумкин.

 

-Бундай ютуқларга эришиш осон бўлаётгани yo‘q...

 

- Албатта. Бу ютуқларнинг замирида узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсат, улкан заҳмат, изланиш, донишмандлик, мустақил Ватанимизга, она халқимизга чексиз меҳр, энг муҳими, катта сиёсий ирода мужассам. Ўтган қисқа муддат ичида ғоят долзарб, кўлами кенг дастурлар, вазифалар ҳамда лойиҳаларни ўзида мужассам этган Ҳаракатлар стратегияси белгилаб олинди ва ижроси изчиллик билан таъминланмоқда.

 

Янги қонунлар қабул қилинди, барча даражадаги халқ вакиллик ва ижро органлари таркиби даврийлик принципи асосида тубдан янгиланди. Давлат бошқарувига миллатни энг эзгу ғоялар остида бирлаштиришни дилига маҳкам туккан янги куч келди.

 

Бундай улкан меҳр-эътиборни ҳис этиб яшаётган бунёдкор халқимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғояни ўзида ифода этган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Барча ўзгаришларда камарбаста бўлаётган юртдошларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти тобора ошиб бормоқда.

 

Мамлакатимизда фаолият юритаётган олий ўқув юртлари, жумладан, хорижий олий таълим даргоҳларининг филиаллари сони сезиларли даражада кўпайди. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларида минглаб ўғил-қизлар таълим олмоқда. Бу – улкан имконият. Айни ўзгаришлар рақамларда ифодаланса, сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда қирқ учта янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони бир юз йигирматадан ошди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин, бошқача айтганда, ўтган йилдагига нисбатан қирқ фоиз кўп йигит-қиз ҳужжат топширди. Бу ёшларимизнинг илмга чанқоқлиги, буюк кашфиётларга қодирлиги, давлатимиз олиб бораётган сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ва бу сиёсат уларнинг орзу-истакларига мос эканлигидан далолатдир.

 

Асосийси, бу билим олишни, замонавий касб-ҳунарларни чуқур эгаллашни, илм-фан билан шуғулланишни мақсад қилган ёшларнинг танлаш имкониятини кенгайтирибгина қолмай, мамлакатимизда илмий-ижодий салоҳиятни кўтаришга ҳам самарали хизмат қилади. Илмга ташналик халқимизнинг қонида бор. Боболаримиз илмни саодат калити, деб билганлар. Илгари абитуриент бор-йўғи битта олий ўқув юртига ҳужжат топшириши ва ўқишга кириши мумкин эди. Энди у нафақат Ўзбекистондаги, балки дунёнинг исталган давлатидаги университет, институт ва коллежларда таҳсил олиши мумкин. Минглаб фарзандларимиз бундай имкониятдан самарали фойдаланмоқда ҳам. Чунки қунти ва ғайрати баланд ёшларимиз бугун нафақат ўз она тили – ўзбек тили, балки чет тилларини ҳам пухта билади. Замонавий ахборот технологияларини пухта эгаллаган.

 

Шу ўринда яна бир рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман. Дунёнинг қайсики давлатида олий маълумотли мутахассислар кўп бўлса, ўша мамлакатда халқнинг фаровонлик даражаси ғоят юқори. Япония, Канада, Жанубий Корея, Германия бунга яхши мисол. Олий маълумотлилар ушбу мамлакатларда ёши йигирма беш ёшдан юқори аҳолининг эллик фоизидан кўпроқни ташкил этади.

 

Жорий йилда айрим йигит-қизларимизнинг бир йўла Ўзбекистондаги ва чет эллардаги ўнлаб университетларнинг талабалари сафидан жой олгани, нафақат яратилаётган ана шундай кенг имкониятларнинг шарофати, балки ёшларимизнинг билим даражаси, орзу-умидлари, истаклари, интилишлари ошиб бораётганидан далолатдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

 

- Бундай янгиланиш “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига 2019 йили ўтган сайловлар жараёнида ҳам ёрқин намоён бўлган эди. Шундай эмасми?

 

- Дарҳақиқат, умумеътироф этилган халқаро талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги Сайлов кодекси асосида ўтказилган сайловлар халқимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий билими ва маданияти ўсиб, жамиятимизда демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлди.

 

Сайлов жараёнларини бошқариш бўйича автоматлаштирилган тизим ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати илк бор жорий этилди. Чет элларда вақтинча яшаб турган меҳнат муҳожирлари, талабалар ва бошқа ватандошларимизга сайловларда иштирок этишлари учун кенг шароит яратилди. Озодликдан маҳрум этилган, бироқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этмаган маҳкумларга илк бор овоз бериш имконияти яратилди.

 

Айни пайтда сайлов куни мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олтмишта сайлов участкасига тажриба-синов сифатида ўрнатилган 120 та видеокамера сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказига ва интернет орқали онлайн режимида бутун дунёга намойиш қилиб турди. Йигирмата сайлов участкасида овоз бериш чоғида фуқароларнинг шахсини аниқлаш учун биометрик ҳужжатларни “ўқийдиган” олтмишта қурилмадан тажриба сифатида фойдаланилди.

 

Бундай илғор амалиёт келгуси сайловларда янада кенгроқ қўлланилади ва келажакда сайловларнинг ахборот коммуникация технологиялари ёрдамида, халқаро стандартларга тўла мос равишда, очиқ-ошкора, шаффоф, соғлом рақобат руҳида ўтишига хизмат қилади.

 

-Сайловлар жараёнида муайян камчилик ва муаммолар ҳам кўзга ташлангани сир эмас. Бу ҳақда нималар дея оласиз?

 

- Саволингиз тўғри. Юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг шарофати шундаки, нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, балки мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам баралла айтилиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йилнинг февралида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда барча ҳудудларда сайловчилар, сайлов ташкилотчилари, маҳаллий раҳбарлар иштирокида қизиқарли давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда эришилган ютуқлар, камчиликлар ҳамда дуч келинган муаммолар чуқур ва танқидий таҳлил қилиниб, истиқболда сайловларни янада самарали ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва электорал маданиятини янада ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

 

Мулоқотлар чоғида, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг хулосаларида, ижтимоий тармоқлар орқали оддий сайловчилар томонидан илгари сурилган таклифлар ва тавсиялар умумлаштирилиб, Ўзбекистон сайлов тизимини янада демократлаштириш, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришга оид маълумотлар умумлаштирилган “Сайлов – 2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар” рисоласи тайёрланди.

 

-Ушбу рисола ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз.

 

- Бу – Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўз фаолиятини танқидий нуқтайи назардан ўрганган ҳолда бундай кенг кўламли таҳлилий ахборотни, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича таклифларни жамоатчилик эътиборига илк бор ҳавола қилиши. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган рисоладан миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада демократлаштириш борасидаги ғоят қизиқарли маълумотлар ва таклифлар жой олганки, жамоатчиликнинг эътиборини тортмасдан қолмади.

 

Жумладан, мамлакатимиз Конституциясининг 117-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

 

Бир вақтнинг ўзида иккита маҳаллий вакиллик органи депутатлигига номзод этиб кўрсатилган фуқароларнинг сайловолди тарғиботини олиб бориш, учрашувлар ўтказиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши сир эмас. Бу масалада Марказий сайлов комиссиясига ҳам бир қатор мурожаатлар келиб тушган.

 

Шуларни эътиборга олиб, қонунда бир номзод фақат битта сайлов округидан ва битта маҳаллий вакиллик органига сайланиши мумкинлигига оид қоидани ўрнатиш таклиф қилинмоқда.

 

Миллий сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритиш орқали, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тугатиш ва уларнинг ваколатларини туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш ҳам асосли таклифлардандир.

 

Сиёсий партияларга сайловларда янада кенгроқ эркинлик яратиш мақсадида, ташқи реклама воситалари ва электрон мониторларга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгилаб берилган шаклдаги тарғибот ва ташвиқот материалларини жойлаштириш ва бунда уларни бепул ажратиш амалиётидан воз кечиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда партиялар ва номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини ўтказиш асносида ўзаро ўхшашлик, бир хиллик, такрорланиш ҳолатлари ва бошқалар кузатилмайди.

 

Қайд этилганидек, келажакда сайлов жараёнларига ривожланган мамлакатларда бўлгани каби ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш кун тартибидаги асосий масалалардан бўлиб турибди.

 

- Аёнки, мақсад қанчалик аниқ ва улуғвор бўлса, унга эришиш шунчалик шарафли бўлади.

 

- Ҳақ гап. Жаҳонда рақобат тобора кучайиб бораётган бир пайтда стратегик бош мақсаднинг — миллий тараққиёт истиқболининг тўғри белгиланиши халқимизнинг улкан бахтидир. Донишмандлар айтадиларки, буюк ғоялар буюк инсонларнинг камол топишига хизмат қилади. Буюк зотлар, улуғ мутафаккирлар эса ўз халқининг, Ватанининг нуфузини юксакларга кўтаради.

 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аждодларимизнинг буюк яратувчанлик, илмий-ижодий салоҳиятига ғоят мос учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини барпо этишдек эзгу ғоянинг амалга оширилиши Ўзбекистонимиз дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишида, халқимиз фаровонлигининг янада юксалишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

 

Бунинг учун биз, аввало, Ватанимизда мустаҳкам қарор топган тинчлик-осойишталикнинг, яратилаётган кенг имкониятларнинг қадрига етишимиз зарур. Айни пайтда, улардан самарали фойдаланган ҳолда бутун куч-ғайрат ва иқтидоримизни аямай, эл-юртимизнинг бугуни ва эртаги кунининг янада фаровон, янада тўкин ва осуда бўлиши учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, буюк халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилишимиз даркор.

 

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур