Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№ 1215 2023 йил 23 март
Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари амалга оширилишига янада қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 29-моддалари ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунининг 18 ва 27-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги:
Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилишини таъминласин;
сайлов ёки референдум даврида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сўровига асосан бошқа вақтда ҳам Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизматини доимий равишда ишлашини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўрсин.
3. Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот хизмати Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари билан биргаликда сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланиш тартиби аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилишини таъминласин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сон қарори таҳририда)
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2021 йил 20 августдаги 1101-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган.
7. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев