№ 1173 РЕФЕРЕНДУМ ЎТКАЗУВЧИ КОМИССИЯЛАР АЪЗОЛАРИНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№ 1173                                                    2022 йил  28 июнь

 

Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақида

 

 

Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш, референдум жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, референдум ўтказувчи комиссиялар фаолиятини тўғри ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция)  1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

2. Қуйидагилар:

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг референдум қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини юксалтиришга қаратилган ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича республика штаби (кейинги ўринларда – республика штаби) тузилганлиги;

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси (кейинги ўринларда – Давлат бошқарув академияси), Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Жамоат хавсизлиги университети, профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассисларидан иборат юқори малакали экспертлар (кейинги ўринларда – экспертлар) таркиби шакллантирилганлиги;

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2-иловага мувофиқ таркибда ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий штаблар (кейинги ўринларда – ҳудудий штаблар) тузилганлиги ҳамда уларнинг республика штаби билан узвий ҳамкорлиги йўлга қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

 

3. Марказий сайлов комиссияси котибиятининг Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази (Х.Палуаниязов) экспертлар билан биргаликда замонавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда:

 

референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг референдум қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренингларнинг ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини (маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарс ва бошқалар) ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида ишлаб чиқсин ҳамда нашр этишга тайёрласин;

 

Концепциянинг амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан республика ва ҳудудларда ўқув-амалиёт машғулотларининг тасдиқланган дастур ҳамда режа-жадваллар асосида, юқори савияда ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

 

4. Марказий сайлов комиссияси доимий асосда ишловчи аъзоси А.Ибодуллаев, Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг бош бухгалтери Ш.Умаров ҳамда Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Х.Палуаниязовлар билан биргаликда:

 

Марказий сайлов комиссияси фаолиятига кўмак бериш учун жалб қилинган экспертлар, республика штаби аъзолари ҳамда ҳудудий тренерлар учун ўқув-амалиёт машғулотларини ўтказиш, уларга услубий ва амалий кўмак бериш ҳамда таълим сифатини мониторинг қилишни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибда шакллантирилган республика тренерлари билан белгиланган тартибда шартнома тузилишини;

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида референдум ўтказувчи участка комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котибларини ўқитиш учун олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлардан шакллантириладиган ҳудудий тренерлар билан округ  комиссиялари ўртасида белгиланган тартибда шартнома тузилишини;

 

экспертлар, республика штаби аъзолари ва республика тренерларига шартномада белгиланган тўловлар, шу жумладан ҳудудларда ташкил этиладиган семинар-тренингларда иштирокини таъминлаш учун хизмат сафари харажатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан ўз вақтида тўланишини;

 

ҳудудий тренерларга шартномада белгиланган тўловлар округ комиссиялари томонидан ўз вақтида тўланишини таъминласин.

 

5. Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг Моддий-техника таъминоти бўлими (Ж.Фахрутдинов) Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази (Х.Палуаниязов) буюртмасига асосан ўқув-амалиёт машғулотлари иштирокчилари учун тегишли тарқатма материалларни (ўқув-услубий қўлланма, видео-дарс, видеоролик ва бошқалар) белгиланган миқдорда чоп этилиши (тайёрланиши) ва ўрнатилган тартибда ҳудудларга етказиб берилишини таъминласин.

 

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий штаблар билан биргаликда:

 

2022 йил 1 июлгача 3-иловага мувофиқ таркибда ўқув-амалиёт машғулотларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича туман/шаҳар штабларини тузсин ҳамда уларнинг ҳудудий штаблар билан узвий ҳамкорлигини йўлга қўйсинлар;

 

Концепцияда белгиланган ўқув-амалиёт машғулотларини республика ва ҳудудий штаблар томонидан тасдиқланган режа-жадвалларда белгиланган вақтда ва жойларда уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида тегишли бинолар, хоналар, ўқув машғулотларига зарур жиҳозлар ҳамда транспорт воситалари билан таъминласинлар;

 

ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказиладиган биноларда хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан санитария-эпидемиология талабларига риоя этиш чораларини кўрсинлар.

 

7. Ушбу қарор Марказий сайлов комиссияси расмий веб-сайтида эълон қилинсин ва манфаатдор ташкилотларга етказилиши таъминлансин.

 

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                              З.Низамходжаев

1-илова (юклаб олиш)

2-илова (юклаб олиш)

3-илова (юклаб олиш)

Концепцияга 1-илова (юклаб олиш)

Концепцияга 2-илова (юклаб олиш)