Жорий йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида Туркия Республикаси Олий сайлов кенгаши раиси А. Йенер бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув бошланишида Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев Туркия Республикаси Олий сайлов кенгаши делегациясини қутлар экан, Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар Марказий сайлов идоралари маслаҳат платформасининг биринчи йиғилишида қабул қилинган Платформа низомининг аҳамиятини алоҳида қайд этиб, мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Туркия марказий сайлов органлари ўртасидаги сайлов соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашув давомида делегация вакиллари мамлакатимизда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан, 2024 йилдаги парламент сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнлари билан яқиндан таништириб ўтилди.
Ўз навбатида, Туркия Республикаси Олий сайлов кенгаши раиси А. Йенер самимий қабул ва кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик изҳор этди.
А. Йенер Ўзбекистоннинг сайлов жараёнларини ташкил этиш борасидаги тажрибасига тўхталиб, уни алоҳида эътиборга лойиқ эканлигини таъкидлади. Жумладан, сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича илдам қадамларни юқори баҳолаб, рақамлаштириш бевосита сайловларни очиқ, ошкора ва адолатли ўтказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини айтиб ўтди.
Суҳбат якунида икки мамлакат марказий сайлов органлари раислари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар изчил ривожланаётганини, хусусан сайлов соҳасидаги ўзаро алоқалар ва тажриба алмашиш амалиёти бундан кейин янада самарали давом этишига ишонч билдиришди.
Марказий сайлов комиссияси