ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ РЕФЕРЕНДУМИНИ ЎТКАЗУВЧИ ОКРУГ КОМИССИЯЛАРИ ТУЗИЛДИ

23.03.2023

2792

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумни ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёни Марказий сайлов комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартиб-тамойиллар асосида изчиллик билан мувофиқлаштириб борилмоқда. 

Маълумки, Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 16 апрелдаги мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида 14 та референдум округлари ташкил этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 23 март куни бўлиб ўтган мажлисида қонун талабларидан келиб чиқиб, референдумга тайёргарлик кўришдаги навбатдаги масала – референдум ўтказувчи округ комиссияларини тузиш масаласи кўриб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга кўра, референдум ўтказувчи округ комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кундан кечикмай комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Референдум ўтказувчи округ комиссиялари аъзолигига номзодлар дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида атрофлича муҳокама қилинди ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилди.

Ушбу тавсияларга асосланган ҳолда ҳамда қонун талабларидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси мажлисида референдум ўтказувчи 14 та округ комиссияларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва уларнинг таркиблари тасдиқланди.

Қонунга мувофиқ округ комиссиялари таркибига сайловлар ҳамда референдум ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар, шу жумладан ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, журналистлар ва бошқа касб вакиллари киритилган.

Референдум ўтказувчи округ комиссиялари жами 266 нафар аъзодан иборат бўлиб, шулардан аёллар 112 нафарни, яъни 42 фоизни ташкил этади. Округ комиссиялари раҳбар (раис, раис ўринбосари ва котиб) лавозимларида аёллар 38 фоизни ташкил этмоқда. Илк бор округ комиссиялари раислигига икки нафар аёл тасдиқланди. 

Округ комиссиялари таркибида ногиронлиги бўлган шахслар 5 фоизни ташкил этмоқда. Комиссиялар аъзоларининг 6,0 фоизи ёшлар вакиллари, 58,3 фоизи 31 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролардан иборат.

Шунингдек, мажлисда сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизматни жорий этиш ҳамда комиссия ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Референдум жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда референдумда овоз берувчи фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартибини жорий этиш чоралари белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тезкор ва самарали кўриб чиқиш, фуқароларга референдумни ўтказишга оид масалалар юзасидан тезкор ҳамда қулай тарзда ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш, уларнинг референдум қонунчилиги бўйича хабардорлик даражасини, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этилди.

Кун тартибидан ўрин олган барча масалалар Марказий сайлов комиссияси аъзолари томонидан кенг муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур