Ўзбекистон Республикаси делегацияси Ҳиндистон парламенти қуйи палатасига бўлиб ўтаётган сайлов бўйича халқаро кузатув дастурида иштирок этмоқда

08.05.2024

1935

msk_yangiliklari_in

Ҳиндистон сайлов комиссияси таклифига кўра Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Кучкаров бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси жорий йилнинг 5-8 май кунлари Ҳиндистон парламентининг қуйи палатаси (Халқ палатаси)га бўлиб ўтаётган сайловни кузатиш бўйича халқаро дастурда иштирок этмоқда.

 

Сайлов жараёнларининг халқаро кузатувида 27 та хорижий мамлакат сайлов органлари ва сайлов соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар, шунингдек хорижий давлатлар ОАВларидан 75 нафар вакил бевосита иштирок этмоқда.

      

Ҳиндистон парламенти мамлакатдаги олий федерал қонун чиқарувчи орган ҳисобланади. Унинг таркибига Ҳиндистон Президенти ва икки палата киради: Лок Сабха қуйи палата ва Ражя Сабха юқори палата.

 

Лок Сабха аъзолари тўғридан-тўғри умумий яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Мамлакат конституцияси билан белгиланган Лок Сабханинг максимал сони 550 нафар депутатни ташкил этади (штатлардан 530 нафаргача ва иттифоқ ҳудудидан 20 нафаргача). Ҳозирги пайтда қуйи палатада 530 нафар жой мавжуд.

 

Лок Сабха 5 йиллик муддатга сайланади. Агар ҳеч бир партия кўпчиликни ташкил қила олмаса ёки коалиция туза олмаса, Ҳиндистон Президенти палатани муддатидан олдин тарқатиб юборишга ҳақли.

 

Лок Сабха аъзоси этиб сайланиш учун номзод камида 25 ёшга тўлган, руҳий соғлом, иқтисодий ночор бўлмаган ва жиноий таъқиб қилинмаган Ҳиндистон фуқароси бўлиши зарур.

 

Конституцияга кўра, сайловчи сифатида рўйхатдан ўтган 18 ёшдан ошган барча Ҳиндистон фуқаролари овоз бериш ҳуқуқига эга. Овоз беришда 977 млн. нафарга яқин сайловчи иштирок этиши кутилмоқда.

 

Сайловчиларнинг сони кўплиги сайловларни бир кунда ташкил қилишда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради, шунинг учун Ҳиндистонда сайловлар бир неча босқичда ўтказилади. Бу йилги Лок Сабхага сайловлар 19 апрелдан 1 июнга қадар етти босқичда ўтказилади.

 

Биринчи ва иккинчи босқичлар апрель ойида якунланди (мос равишда 19 ва 26 апрель кунлари). Улар мамлакатнинг 191 та округида бўлиб ўтди ва унда 325 млн нафар сайловчи иштирок этди. Сайловчиларнинг иштироки мос равишда 66,14% ва 66,71% ни ташкил етди. Учинчи босқич 7 май куни 93 та округда ўтказилиб, 11 та штат ва 170 млн сайловчини бевосита қамраб олди ҳамда сайловчиларнинг иштироки 61,45% ни ташкил этди. 13 майдан 1 июньга қадар қолган 4 та сайлов босқичи ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, сайлов жараёнлари 34 та штатда ўтказилади ва 476 млн фуқаро сайлаш имкониятига эга бўлади.

 

Овоз беришни ташкил этиш учун 543 сайлов округида 1,05 млн сайлов участкалари ташкил этилган. Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун жами 15 млн киши, шу жумладан хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлайдиган шахслар жалб этилган.

 

5 май куни халқаро кузатув дастурининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Брифингда Ҳиндистон сайлов комиссияси вакиллари сайлов жараёнининг асосий жиҳатлари, IT ташаббуслар тўғрисида батафсил сўзлаб, электрон овоз бериш машиналарининг (EVM) ишлаш фаолияти тақдимотини ўтказдилар.

 

 

   

 

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси ва Ҳиндистон Сайлов комиссияси Бош комиссари Раджива Кумар, комиссарлар Гянеш Кумар ва Сухбир Сингх Сандху ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда юқори даражадаги шериклик қайд этилди, Ўзбекистон ва Ҳиндистон Марказий сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, сайлов жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

 

      

 

6 май куни делегация Уттар-Прадеш штатининг аҳоли энг зич жойлашган Агра ва Фатехпур-Сикри округларидаги сайлов участкаларида бўлиб, у ерда овоз бериш учун олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари дистрибьютив марказларининг бирида бўлиб, у ерда сайловчилар рўйхати, зарурий ҳужжатлар ва овоз бериш машиналарини сайлов комиссияси аъзоларига тарқатиш, сўнгра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамроҳлигида сайлов участкаларига етказиб бериш жараёнлари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлишди.

 

Овоз бериш ва овозларни анъанавий усулда – қоғоз бюллетенлар орқали санашдаги қийинчиликлар, шунингдек, сайловчилар орасида саводхонликнинг паст даражасини ҳисобга олган ҳолда, 80-йилларнинг охиридан бошлаб Ҳиндистон сайлов жараёнига электрон овоз бериш машиналарини жорий қила бошлади. Ҳозирда Ҳиндистонда сайловлар айнан шундай электрон машиналар ёрдамида ўтказилмоқда.

 

Учинчи босқич сайлов куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси вакиллари Уттар-Прадеш штатининг Агра ва Фатехпур-Сикри туманларидаги сайлов участкаларида бўлдилар.

 

Электрон овоз бериш машиналари (EVM) ва сайлов бюллетенларини текшириш тизими (VVPAT) ёрдамида овоз бериш тартибига, шунингдек, сайловларнинг шаффофлиги ва яхлитлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.


 

 

Шу куни халқаро сайловларни кузатиш дастури иштирокчилари Агра ва Фатехпур-Сикри округларидаги барча 4 060 та сайлов участкаларида ўрнатилган камералар орқали овоз бериш жараёнининг видео мониторинги ўтказиладиган ситуацион марказ фаолияти билан танишдилар.

 

 

     

     

 

Учинчи босқичдаги сайловлар тинч муҳитда ўтди ва сайловчиларнинг юқори фаоллигини намойиш этди.

   

Овозларни ҳисоблаш ва сайлов натижаларини эълон қилиш 2024 йил 4 июнга режалаштирилган.

 

 

 

Делегация аъзолари кузатувлар давомида электрон овоз бериш машиналари ва бюллетенларни текшириш қурилмалари (VVPAT) ёрдамида овоз бериш тартибига, шунингдек, сайловнинг шаффофлиги ва ҳалоллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганлигига гувоҳ бўлишди.

 

Сайловни кузатиш сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хорижий тажриба ва амалиётни бевосита ўрганиш, сайлов тизими ва жараёнида қўлланиладиган сайлов технологиялари билан танишиш имконини беради, шунингдек, сайлов органларининг халқаро алоқалари ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур