Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 30 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этмоқда

07.12.2023

23668

msk_yangiliklari_in

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига кўра Комиссия раиси З.Низамходжаев ва Комиссиянинг доимий аъзоси Г.Рахимовалардан иборат Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг 30 йиллигига бағишланган “Конституциявий ислоҳотлар ва сайлов тизими” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок этмоқда.

 


Халқаро конференцияда Қозоғистон МСК, сайлов жараёнида иштирок этувчи давлат органлари, ННТлар, сайлов соҳасидаги халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий сайлов органи вакиллари иштирок этмоқда.

 


Тадбир 7 декабрь куни “Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига 30 йил” номли кўргазманинг очилиши билан бошланди.

 


Конференцияни Қозоғистон МСК раиси Н. Абдиров очиб берди. Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Е. Баспаев Қозоғистон Республикаси Президенти Қ.Тоқаевнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди, шунингдек, Сенат раиси ўринбосари Ж. Асанов ва Мажилис (қуйи палата) раиси ўринбосари А. Рау Қозоғистон Республикаси Парламенти палаталари номидан сўзга чиқишди.

 


Конференциянинг очилиш маросимида МДҲ Бош котибининг ўринбосари Л. Анфимов, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши Бош котиби Д. Кобицкий (видео), Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси (A-WEB) Бош котиби Ин-cик Жанг (видео), Парламентлараро иттифоқ (Inter-Parliamentary Union) фахрий президенти Д. Пашеко (видео), Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) Бош котиби К. Омуралиев (видео) ва ЕХҲТнинг Остонадаги офиси бўлими бошлиғи Сара Д’Амико тадбир иштирокчиларини қутлашди.

 


Сўнгра Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Арманистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиялари, шунингдек, Туркия Республикаси Олий сайлов кенгаши ўртасида ўзаро Англашув меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

 

 


Конференция доирасида иккита мавзуда: “Конституциявий ислоҳотлар шароитида сайлов қонунчилиги эволюцияси” ва “Сайлов тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари” сессиялари ташкил қилинди.

 


Сайлов соҳасидаги илғор тажрибалар, сайлов тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий йўллари, хорижий мамлакатларда амалга оширилаётган сайлов соҳасидаги ислоҳотлар, сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш, интернет орқали овоз бериш ва бошқа масалалар юзасидан хорижий мамлакат сайлов органлари раислари ва аъзоларининг маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.

 


Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган сайлов соҳасидаги ислоҳотлар ва бу жараёнларда Марказий сайлов комиссиясининг ўрни тўғрисида тўхталиб ўтди.

 


Сўнгги йилларда Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш мақсадида Давлатимиз раҳбари бошчилигида парламент ва сиёсий партияларнинг ролини ошириш ҳамда сайлов ва референдумларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганлигини таъкидлади.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев мамлакатимизда демократик ислоҳотларни ривожлантиришнинг янги босқичига тўхталар экан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси амалдаги сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этишини таъкидлади.

 


Қолаверса, сайлов соҳасидаги қонунчиликни конституциявий нормаларга мувофиқлигини таъминлаш ва сайлов соҳасини янада такомиллаштириш шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга, сайлов комиссиялари тизимини оптималлаштириш ва марказлашган сайлов тизимини шакллантиришга, шунингдек, уларнинг профессионал тайёргарлигини оширишга ҳамда давлат органларини шакллантиришда сиёсий партиялар ва аҳолининг иштирокини янада кучайтиришга зарурат туғилади.

 


Миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига янги демократик стандартларни жорий этишни назарда тутувчи Парламент томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдумларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 


Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар 8 декабрь куни ҳам давом этади.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур