Ўзбекистон делегациясининг халқаро кузатувдаги иштироки тўғрисида

11.06.2026

135

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев бошчилигида Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2026 йил 7 июнь куни бўлиб ўтган Арманистон Республикаси Миллий мажлиси (парламенти) сайловлари халқаро кузатувида иштирок этди.

 

Парламент сайловлари бўйича халқаро кузатув дастурида жами 13 та фуқаролик кузатувчилари гуруҳи, жумладан, уларнинг таркибида 2 672 нафар фуқаролик кузатувчилари ҳамда 8 та халқаро ташкилот вакилларидан иборат 647 нафар халқаро кузатувчилар иштирок этди. Улар орасида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) миссияси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг мониторинг гуруҳи, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (PACE), Европа парламенти делегациялари, Халқаро Республика Институти (IRI) ҳамда Француззабон мамлакатларнинг халқаро ташкилоти (OIF) кузатувчилари иштирок этди.

 

Сайловларга тайёргарлик тадбирлари ва бўлажак сайлов жараёнининг асосий хусусиятларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

 

                           

 

Делегация вакиллари сайловларга тайёргарликнинг бир қатор ижобий жиҳатларини қайд этишди. Жумладан, асосий мақсади халқ ҳокимиятини эркин, адолатли, шаффоф ва халқаро стандартларга мос сайловлар орқали амалга оширишни таъминлашдан иборат бўлган Марказий сайлов комиссиясининг 2020-2028 йилларга мўлжалланган Ривожланиш стратегияси қабул қилингани; барча манфаатдор томонларнинг узлуксиз қайта тайёрланиши; сайловчиларнинг 99 фоизини қамраб олган сайлов участкаларидан тўғридан-тўғри эфирга узатиш тизими жорий этилгани; сайлов тизимида шаффоф ва инклюзив ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани; шунингдек, сайловларда хавфларни бошқаришнинг илғор методологияси қўлланилаётгани шулар жумласидандир.

 

                           

 

Овоз бериш куни делегация аъзолари Ереван шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда, шунингдек ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси доирасида Гюмри ва Ижеван шаҳарларида сайлов участкаларининг очилиши, кун давомида овоз бериш жараёни ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёнларини кузатдилар. Умумий миқдорда 30 дан ортиқ сайлов участкаларига ташриф буюрилди.

 

Овоз бериш жараёни мониторинги давомида делегация аъзолари уни ташкил этишнинг бир қатор ижобий жиҳатларини қайд этдилар. Хусусан, сайлов участкаларида ўрнатилган видеокузатув камералари ҳамда очиқ тўғридан-тўғри эфир тизими туфайли овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнлари тўлиқ кузатиб борилди. Сайлов участкаларида сайловчиларни биометрик идентификация қилиш қурилмаларидан фойдаланилиб, бу бошқа шахс ўрнига овоз бериш хавфини сезиларли даражада камайтиради ҳамда “бир сайловчи – бир овоз” тамойилини таъминлашга бевосита хизмат қилди. Участка сайлов комиссияси аъзолари ўртасида вазифаларнинг қатъий тақсимлангани иш жараёнини самарали ташкил этиш, вазифалар такрорланишининг олдини олиш ва комиссия фаолияти самарадорлигини ошириш имконини тақдим этди.

 

 

Овоз бериш куни давомида делегация вакиллари сайловчилар иштирокининг оралиқ кўрсаткичларини эълон қилишга бағишланган тадбирларда ҳамда Арманистон Марказий сайлов комиссияси Раиси томонидан ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингларда иштирок этдилар.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур