МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ РЕФЕРЕНДУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ БЎЙИЧА МАЖЛИСИ

16.03.2023

3723

msk_yangiliklari_in

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлиси Сенатининг 14 мартдаги қарорларига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг юқоридаги қарорлари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси 15 март куни матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш Марказий сайлов комиссияси зиммасига юклатилган.

Шу боис, 2023 йил 16 март куни Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режасини тасдиқлаш, референдум округларини тузиш, референдум харажатлар сметасини тасдиқлаш, референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малака оширишини ташкил этиш, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш каби масалалар кўриб чиқилди.

1. Жорий йил 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни қонунчиликда белгиланган муддатларда босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда мажлисда Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режаси тасдиқланди.

Календарь режа референдум жараёнини қонун талабларига риоя қилган ҳолда тўғри ва самарали ташкил этиш, мавжуд куч ва имкониятларни оқилона тақсимлаш ва сафарбар этишни таъминлайди.

Календарь режанинг яна бир муҳим вазифаси – референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ҳаракатларни барча референдум ташкилотчилари томонидан сифатли бажарилишини таъминлаш ҳисобланади.

2. Мажлис кун тартибига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми округларини тузиш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудлари чегаралари доирасида 14 та округлар ташкил этилди.

3. Кун тартибидаги навбатдаги масала – референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметаси ҳам муҳокама этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2019 йилда вакиллик органлари сайлови учун 230,5 млрд сўм маблағ ажратилган.

Жорий йилда ўтказиладиган референдумни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 182,4 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

4. Ўзбекистон Республикаси референдумининг миллий қонунчиликка мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этиш учун референдум комиссиялари аъзолари ҳамда референдум жараёни иштирокчиларининг билими ва кўникмаси юқори даражада бўлишини тақозо этади.

Таъкидлаш жоизки, 2022 йилда Марказий сайлов комиссияси Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясини тасдиқлаган эди. Мазкур ҳужжат асосида республикамизнинг барча ҳудудларида референдум жараёни иштирокчиларининг малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар бўлиб ўтди.

Мажлисда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишга қаратилган ўқитиш жараёнларининг навбатдаги босқичини амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилинди.

5. Сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этиш, ОАВлар билан ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди ҳамда мазкур Марказнинг низоми тасдиқланди.

Матбуот марказида тажрибали журналистлар, ҳуқуқшунослар, таржимонлар, экспертлар ва бошқа мутахассислардан иборат ихтисослаштирилган гуруҳлар фаолият олиб боради.

Матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 1-уйда (Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи биносида) ўз фаолиятини олиб боради.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур