Халқаро кузатувчилар сайловга яхши тайёргарлик кўрилаётганини қайд этишмоқда

27.10.2024

1965

msk_yangiliklari_in

Бугун, 27 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясида Покистон Сенатидаги “Покистон-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи аъзоси Ирфан Улҳак Сииддиқий сенаторлар гуруҳи, Озарбойжон Марказий сайлов комиссияси Раиси Мазахир Панахов, Хитой халқ Республикаси элчиси Сунь Лицзе бошчилигидаги Хитой халқ Республикаси Ташқи ишдар вазирлиги кузатувчилар гуруҳи, Тожикистон Марказий сайлов комиссияси Раиси Худоёрзода Бахтиёр, Туркманистон Марказий сайлов комиссияси Раиси Гулмурат Мурадов ҳамда Покистон сайлов комиссияси Раиси Султан Мохаммадлар бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.  

  

 

 

     

 

Мулоқот давомида сайловга тайёргарлик ва бугун мамлакатимизда бўлиб ўтаётган сайловнинг қизғин жараёнлари,унинг босқичлари, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришар ва янгиликлар хусусида сўз юритилди.

 

Шунингдек, республикамиз вақти билан соат 8:00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайлови бошлангани, бутун мамлакатимиз бўйлаб ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилган 11 минг 28 та сайлов участкалари ўз ишини бошлагани қайд этилди.

 

 

       

 

Меҳмонлар мамлакатимиз сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан танишаркан, айни йўналишдаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади. Ўтаётган мазкур сайлов ҳам халқаро демократик тамойилларга тўлақонли жавоб беришига ишонч билдирди.

 

 

 

 

Хусусан, Покистон Сенатидаги “Покистон-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи аъзоси Ирфан Улҳак Сииддиқий: “Фуқароларнинг фаоллиги жараёнларнинг яхши ташкиллаштирилганини кўрсатади. Ишончим комилки, янги ўзгаришлар билан ўтказилаётган янги сайлов тизимида халқ фаол қатнашиб, ўзлари муносиб кўрган вакилга овоз беришади. Янги сайлов тизимидаги гендер тенглиги, аниқроқ айтганда, депутатликка номзодлар орасида аёллар улуши 30% дан 40%га оширилгани жуда аҳамиятли. Чунки дунёдаги ривожланган давлатларда ҳам бундай кўрсаткич йўқ.” – дея таъкидлади.

 

 

   

 

Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси раиси Мазахир Панахов: “Эрталабдан қатор сайлов участкаларининг кузатишга муваффақ бўлдик. Жараёнлар жуда яхши ташкиллаштирилган. Барча ташкилий ишлар Сайлов кодексига мос равишда амалга оширилмоқда. Айтишим жоиз, халқаро стандартларга мос равишда ўтаётган сайловлар унинг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлашга хизмат қилади.”

 

 

       

 

“Биз бир фикрни таъкидлаб ўтмоқчимиз – сайловлар юқори савияда ташкил этилди. Биз нафақат сайловларни кузатиш, балки сайловни ўзимизда ҳам илғор усулларни жорий этган ҳолда ташкил этиш амалиётини ўрганишга чақирамиз”, — деди Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Худоёрзода Бахтиёр. Сайлов участкаларини сайлов техникаси билан таъминлаш, участка комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ишларини ижобий баҳолаб, депутатликка номзодлар, сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари, депутатликка номзодлар тўғрисида кенг маълумотлар мавжудлигини алоҳида қайд этди.

 

     

 

Таъкидлаш жоиз, кузатувчилар миссиялари аъзолари ва хорижий делегациялар вакиллари республикамизнинг турли ҳудудлардаги сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнларини бевосита кузатиб бормоқда.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур