Демократик сайлов кампанияларини ўтказиш бўйича мажбуриятларни бажариш

06.10.2023

2897

msk_yangiliklari_in

2023 йилнинг 2-13 октябрь кунлари Варшава шаҳрида (Польша) ЕХҲТ минтақасида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари соҳасидаги ҳолатларни муҳокама қилишга бағишланган Инсоний ўлчовлар” конференцияси бўлиб ўтмоқда.

 

Бу йилги Варшава конференцияси ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кўмагида Шимолий Македониянинг ЕХҲТдаги амалдаги раислигида ўтказилмоқда.

 

Конференция ЕХҲТга аъзо давлатлар, соҳа бўйича ҳамкорлар, ЕХҲТ институтлари ва бошқа ижровий тузилмалар, шунингдек, ҳукуматлараро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда бошқа манфаатдор вакиллар иштирок этишмоқда. Конференция дастури демократик институтлар, қонун устуворлиги, бағрикенглик, дискриминация қилмаслик, асосий эркинликлар ва гуманитар масалаларни қамраб олувчи ЕХҲТнинг инсоний меъёрлари бўйича кенг кўламли мажбуриятларини кўриб чиқишни ўз ичига олади.

 

 Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида Марказий сайлов комиссиясининг доимий аъзоси Г. Рахимова ҳам Варшава конференциясида иштирок этди.

 

Конференция саккизта тематик пленар мажлисни ўз ичига олади. 3 октябрь куни “Демократик институтлар” мавзусидаги биринчи ялпи мажлис бўлиб ўтди.

 

Йиғилишда БМТнинг Сайловга кўмаклашиш департаменти раҳбари Мартен Хальфф, Черногория парламентининг Гендер тенглик қўмитасининг собиқ раиси Божена Елушич, Қирғизистон парламенти аъзоси Дастан Бекешевлар тақдимот қилдилар.

 

Сессия ишида иштирокчи-давлатлар демократик институтлар ва демократик сайловлар ўтказиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда дуч келадиган муаммолар, турли аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва камчилик гуруҳлари иштирокини ошириш воситалари кўриб чиқилди.

 

Хусусан, ЕХҲТга аъзо давлатлар демократик ва эркин сайловларни инсон ҳуқуқлари бўйича тегишли стандартларга тўлиқ мос ҳолда ўтказиш мажбуриятини олгани қайд этилди. Улар ДИИҲБга сайловларни кузатиш ва улар бўйича тавсияларни амалга оширишда иштирокчи давлатларга ёрдам бериш вазифасини юкладилар.

 

Ўтган йилги сайловларни кузатиш натижалари шуни кўрсатадики, ЕХҲТга аъзо давлатлар сайлов жараёнида технологик интеграцияга эътиборни кучайтириш, сиёсий кампаниялар учун ижтимоий медиа платформаларидан фойдаланишни ошириш ва сайлов кампаниясини молиялаштириш билан боғлиқ масалалар ҳамда дезинформация ва маълумотларнинг тарқалиши каби бир қатор умумий муаммоларни ҳал қилишмоқда. Бироқ, айрим давлатлар можаролар ва улар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар натижасида демократик сайловларни ташкил этишда муаммоларга дуч келмоқда.

 

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайловларда хотин-қизлар, эркаклар, ёш сайловчиларнинг тенг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ кўп йиллик муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Демократик институтлар жамиятнинг хилма-хиллигини акс эттириши, ҳар бир фуқаронинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётда тенг иштирокини таъминлаши кераклиги таъкидланди.

 

Ялпи мажлисда сўзга чиққан Г. Рахимова Ўзбекистон ЕХҲТ доирасида демократик сайловлар кампаниясини ўтказиш бўйича ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажараётганини таъкидлади. Буни жорий йилда бўлиб ўтган Конституциявий референдум ва муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови яна бир бор тасдиқлади.

 

Г. Рахимова ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси тавсияларига конструктив муносабатда бўлганини қайд этиб, референдум ва навбатдан ташқари президентлик сайловлари якунлари бўйича Ўзбекистонга берилган юксак баҳо учун Бюрога миннатдорлик билдирди.

 

МСК аъзоси йиғилиш иштирокчиларига бугунги кунда Ўзбекистонда сайлов тизими ва қонунчиликни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, ЕХҲТ ДИИҲБ сайловни кузатиш бўйича миссиялари тавсияларига мувофиқ такомиллаштириш жараёни кетаётгани ҳақида маълумот берди.

 

Ялпи мажлис давомида ЕХҲТга аъзо давлатларга сайловлар давомида дуч келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича илғор тажриба алмашиш бўйича аниқ тавсиялар берилди.

 

Варшава конференцияси ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан ташкил этилган қатор параллель учрашувлар, шунингдек, иштирокчи давлатлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан чақирилган қўшимча учрашувларни ўз ичига олди.

 

Шундай қилиб, “Демократик институтлар” мавзусидаги биринчи ялпи мажлисда ЕХҲТ ДИИҲБ “Сайлов бошқарувини кузатиш бўйича қўлланма” тақдимотини ўтказди.

 

                                   

 

Қайд этилишича, ушбу нашр сайловларни кузатиш методологиясининг ушбу соҳадаги янада такомиллаштирилганлигини англатади ва ДИИҲБнинг сайлов ва референдумни кузатиш миссиялари, чекланган кузатув миссиялари, баҳолаш миссиялари ва экспертлар ҳайъати фаолияти ҳамда сайлов органи фаолиятини ҳар томонлама, тизимли ва изчил баҳолаш каби барча муҳим маълумотнома материалини тақдим этади.

 

Тақдимот ташкилотчилари ушбу Қўлланма сайловни бошқариш органлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар каби мавзуга қизиққан кенгроқ аудитория учун ҳам фойдали восита бўлишига умид билдиришди.

 

Фикр алмашиш жараёнида Г. Рахимова ҳам маъруза қилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур