26.03.2024

2689

msk_yangiliklari_in

ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси 2023 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Конституциявий референдум жараёнларини кузатиш натижалари бўйича Якуний ҳисоботларни тақдим этиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди.

 

ДИИҲБ делегациясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссия раҳбари, элчи Уршула Гацек бошчилик қилмоқда. Делегация таркибида, шунингдек, ДИИҲБ Сайлов департаменти раҳбари ўринбосари Улви Ахундлу ва ДИИҲБ Сайлов департаменти маслаҳатчиси Каха Инаишвилилар ҳам бор.

 

ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси ташрифи доирасида бир қатор мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда сиёсий партиялар учун Конституциявий референдум ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича мониторинг натижалари юзасидан якуний ҳисоботларнинг расмий тақдимоти ва уларда келтирилган хулоса ва тавсияларини муҳокамаси бўлиб ўтади.

26 март куни ДИИҲБ делегациясининг Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

З. Низамходжаев таъкидлаганидек, ДИИҲБ Якуний ҳисоботларда Ўзбекистон сайлов амалиётини такомиллаштиришда хайрихоҳ эканлигини билдирган ҳолда соҳа ривожи учун тегишли тавсияларни тақдим этган.

 

Мазкур ҳисоботлар эълон қилинган буён ундаги тавсияларни таҳлил қилиш, уларни ўз вақтида умумлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиётида қўллаш ҳамда тавсиялар ижросини таъминлаш бўйича қатор ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Мазкур ишга сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, эксперт ва мутахассислар, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва амалиётчилар жалб қилинган.

 

Якуний ҳисоботни ўрганишга, шунингдек Сайлов тизимлари халқаро фонди (IFES) ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси экспертлари ҳам жалб этилиши режалаштирилган. Улар ҳисоботни БМТ, ЕХҲТнинг универсал ҳужжатлари ва демократик ва эркин сайловлар стандартларини белгиловчи халқаро ҳуқуқнинг бошқа ҳужжатлари билан қиёсий таҳлил қилиш, шунингдек, халқаро амалиёт билан таққослашда бевосита ёрдам кўрсатади.

Учрашувда элчи Уршула Гацек Якуний ҳисоботлар сайлов соҳасида келгусидаги мулоқот ва самарали ҳамкорлик учун муҳим асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Ҳисоботнинг асосий қисмларидан бири бўлажак сайловлар бўйича миллий қонунчилик базаси ва амалиётини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялардир. Улар сайловни ташкил этиш учун масъул органлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, сиёсий партиялар, ОАВ, фуқаролик жамияти ва бошқа манфаатдор шахслар томонидан кўриб чиқиш учун мўлжалланган.

 

“Бундай ташрифлар сайлов ташкилотчиларига ЕХҲТ ДИИҲБ вакиллари билан самарали мулоқот қилиш, айрим масалаларга ойдинлик киритиш ва ДИИҲБ тавсияларини амалга ошириш бўйича биргаликда ишлашнинг мумкин бўлган йўлларини муҳокама қилиш имконини яратиб беради”, – деди элчи.

 

Учрашув якунида Ўзбекистонда ЕХҲТ ДИИҲБ тавсияларини амалга ошириш учун зарур имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича катта ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу, ўз навбатида, халқаро стандартларга жавоб берадиган сайловлар бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш орқали мамлакатимизнинг демократик ривожланишига бевосита хизмат қилади.

 

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур