Халқаро конференциянинг асосий эътибори МДҲ мамлакатларидаги Президентлик институти фаолиятига қаратилди

23.05.2024

1795

msk_yangiliklari_in

Бугун Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти ва МДҲ ПА Кенгаши котибиятининг ҳамкор университетлари томонидан ташкил этилган “Ҳамдўстлик мамлакатларида Президентлик институти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

 

Конференцияда МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг доимий асосда фаолият юритувчи комиссиялари аъзолари, халқаро ташкилотлар, давлат органлари ва сайловларни ташкил этиш органлари вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этди.

Халқаро конференциядан кўзланган мақсад – МДҲ мамлакатларида президентлик ҳокимияти институтининг генезиси ва эволюциясини кўриб чиқиш бўлди.

 

Конференция доирасида “XXI асрда Президент институти: тараққиёт истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ва пленар суҳбат бўлиб ўтди.

 

Давра суҳбатида иштирокчилар президентлик институтининг пайдо бўлиши ва трансформацияси; унинг МДҲ мамлакатларида тараққий этиши; МДҲ давлатларида президентларнинг ваколатлари; МДҲ давлатларида президентлик сайловларини ўтказиш; Ҳамдўстлик маконида президентлик сайловларини халқаро кузатиш масалаларига тўхталдилар.

Қозоғистон (2022 йил ноябрь), Ўзбекистон (2023 йил июль), Озарбайжон (2024 йил февраль) ва Россияда (2024 йил март) бўлиб ўтган Президент сайловлари халқаро кузатуви бўйича ҳисоботлар тингланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев “Ўзбекистонда сайлов жараёнида рақамли технологиялар” мавзусида маъруза қилди.

 

Ўзбекистонда сайлов жараёнларини рақамлаштириш 2017 йилда Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан бошланганлиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда сайловчилар учун қуйидаги бир нечта онлайн хизматлар ишлаб чиқилган: сайловчилар рўйхатида мавжудлигини текшириш; сайлов участкасини аниқлаш ёки уни ўзгартириш; сайловчиларни хориждаги дипломатик ваколатхоналарда ташкил этилган сайлов участкаларида онлайн рўйхатга олиш; судга ёки сайлов комиссияларига мурожаат ва шикоят қилиш.

 

2021 йилги Президент сайловидан сўнг ҳар бир навбатдаги сайлов ва референдум жараёнлари учун мобил иловалар ишлаб чиқилди, модернизация қилинди ва янгиланди. Ушбу иловалар кенг функционалликка эга бўлиб, ундан сайлов комиссияси аъзолари, ўқитувчи-тренерлар, сайловчилар, шунингдек, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари ҳам фойдаланиши мумкин.

З. Низамходжаев бутун дунёда сайлов ташкилотчилари томонидан тобора кўпроқ фойдаланилаётган биометрик идентификация, овоз бериш куни видеокузатув каби рақамли воситалар масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

 

Шунингдек, давра суҳбатида МСК аъзоси Г. Рахимова “Президентлик номзодига қўйиладиган талаблар: Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар” мавзусида маъруза қилди.

Панель муҳокамасида МДҲ ПА Бош котиби – МДҲ ПА котибияти раҳбари Д. Кобицкий ва МДҲ иштирокчи-давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев иштирокчиларни қутладилар. “Ҳамдўстлик мамлакатларида Президентлик институти” маърузасининг тақдимоти, “Президент ҳокимияти институти жамиятни сиёсий бирлаштиришнинг асоси” мавзусида эксперт муҳокамаси ҳамда парламент аъзоларининг “Президентлик ва парламент ҳокимияти тармоқлари: МДҲ мамлакатларидаги ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар” мавзусида муҳокамалари бўлиб ўтди.

Шу билан халқаро конференция ўз ишини якунлади.

 

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур