ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИДА ҚАТОР УЧРАШУВЛАР БЎЛИБ ЎТДИ

28.04.2023

3643

msk_yangiliklari_in

Бугун, 28 апрель куни Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб бориш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган Малайзия Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мохд Файсал Сиям Бин Абдул Хазис, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиб ўринбосари Омер Кочаман, Белорусь Марказий сайлов комиссияси раиси Игорь Карпенко, Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Раиси Нурлан Абдиров, Тожикистон Марказий сайлов комиссияси Раиси Худоёрзода Бахтиёр Тавар бошчилигида делегациялар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувда референдум жараёнлари халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилганлиги, МСК томонидан тасдиқланган Календарь режа ва миллий қонунчилик асосида референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тизимли равишда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Референдум арафасида халқаро кузатувчилар референдум ўтказиш бўйича комиссияларда бўлиб, уларнинг тегишли даражада тайёрлигини қайд этишди. Шунингдек, референдумни ахборот таъминланишини яхши ташкил этилганини, референдум жараёнида янги сайлов технологиялар синовдан ўтказиш ҳолатларни ҳам алоҳида таъкидлашди.

Малайзия Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мохд Файсал Сиям Бин Абдул Хазис қайд этишича:- “Авваламбор, МСК томонидан референдум жараёнларини кузатиш учун таклиф этилганимиздан мамнунмиз ва ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Гувоҳи бўлганимиздек, жараёнлар ОАВ орқали қизғин ёритиб борилмоқда. Малайзия марказий сайлов комиссияси фаолиятида референдумларни ташкил этиш тажрибаси мавжуд эмас, бироқ биз Ўзбекистон тажрибасини ўрганмоқчимиз ва бу борада келгусида ҳамкорлик қиламиз деган умиддамиз.”

Ўз навбатида Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиб ўринбосари Омер Кочаман “Туркий давлатлар ташкилоти миссияси таркиби Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатлари вакилларидан иборат. Биз ўзбек қардошларимизни жуда ҳурмат қиламиз ва мазкур референдум жараёнлари халқаро стандартлар асосида очиқ ва ошкора ўтишига тилакдошмиз. Марказий сайлов комиссияси билан кўп йиллик ҳамкорлигимиздан келиб чиқиб айтишим мумкинки бу йил бўлиб ўтадиган референдум пухта тайёргарлик ва юқори савияда ўтажак ”, деб таъкидлади.

“Марказий сайлов комиссияси яқин кунларда бўлиб ўтадиган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан ташкилий ва ҳуқуқий ишларни юқори савияда йўлга қўйганлигига гувоҳ бўлдик. Комиссия фаолиятида муваффақият тилаб қоламиз.” - Белорусь Марказий сайлов комиссияси раиси Игорь Карпенко

Таъкидлаш жоиз, кузатувчилар миссиялари 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боради. Миссиялар Ўзбекистонга ташрифи мобайнида республикамизнинг бир қатор референдум участкаларида бўлиб, кузатувлар борасида тегишли хулосалари ва тавсияларини беришни режалаштирган.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур