Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси Қозоғистон Республикасида ўтказилаётган референдумнинг халқаро кузатувида иштирок этмоқда

05.10.2024

1622

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси Қозоғистонда атом электр станциясини қурилиши бўйича жорий йил 6 октябрь куни бўлиб ўтадиган республика референдумининг халқаро кузатувида иштирок этмоқда.

 

Референдумни халқаро кузатиш дастурининг бошланиши муносабати билан 5 октябрь куни Қозоғистон Республикаси Марказий Референдум комиссиясида брифинг бўлиб ўтди.

 

 

Марказий Референдум комиссияси раиси Н.Aбдиров тадбир иштирокчиларини қутлар экан, халқаро ташкилотларга ва хорижий мамлакатларнинг сайлов органларига ушбу Дастурда иштирок этиш мақсадида мамлакат вакилларини юборгани учун миннатдорлик билдирди.

 

Комиссия раҳбари бу референдум Қозоғистоннинг мустақил ва суверен давлат сифатида тарихидаги тўртинчи референдум эканлигини таъкидлади. Таъкидланишича, атом электр станциясини қуриш масаласи умумхалқ референдуми орқали ҳал қилинмоқда, чунки бу мамлакат барқарор ривожланиши йўлидаги асосий қадамдир.

 

 

Н.Aбдировнинг берган маълумотларига кўра, Қозоғистон Республикасида атом электростанциясини қурилиши бўйича ўтказилаётган республика референдумини кузатишда 30 та хорижий давлат ва 4 та халқаро ташкилот, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашидан жами 177 нафар кузатувчи иштирок этмоқда.

 

 

Шунингдек, Н.Aбдировнинг Марказий Референдум комиссиясининг таклифига биноан 14 та хорижий давлатларнинг марказий сайлов органлари вакиллари, жумладан, Озарбайжон, Беларус, Тожикистон ва Ўзбекистон марказий сайлов органлари раислари референдумни кузатишда иштирок этаётганини таъкидлади. У хорижий давлатлар сайлов органлари вакилларининг профессионал фикри алоҳида аҳамият касб этишини қайд этиб, уларга Дастурда иштирок этаётганликлари учун миннатдорлик билдирди. Брифинг иштирокчиларига референдумга тайёргарликнинг бориши,  референдум кампаниясининг асосий босқичлари ҳамда 6 октябрь куни бўлиб ўтадиган овоз бериш тартиби ҳақида маълумот берилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев хорижий давлатлар сайлов органлари номидан қутлов билан сўзга чиқиб, ушбу сиёсий тадбир Қозоғистон учун муҳимлигини таъкидлаб, қисқа вақт ичида олиб борилган референдумга тайёргарлик ишларини юқори баҳолади.

 

 

5 октябрь куни икки давлат сайлов органлари раисларининг учрашуви бўлиб ўтди. Н.Aбдиров Ўзбекистон делегациясини Қозоғистон Республикасида ўтказилаётган республика референдумини халқаро кузатишда иштирок этаётганлиги учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон сиёсий институтларини ўзгартириш жараёни, 2023 йилда ўтказилган конституциявий референдум натижаларига кўра янгиланган мамлакат қонунчилиги, унга мувофиқ 2023 йилда бўлиб ўтган Президент сайлови ва 2024 йилда ўтказилиши режалаштирилган парламент сайловига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида ижобий фикр билдирди. З.Низамходжаев ўз ҳамкасбига 2023 йилда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

 

 

Суҳбат давомида мамлакатларнинг сайлов органлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Н.Aбдиров икки давлат сайлов органлари ўртасида профессионал ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади. Республика референдумини халқаро кузатиш бошланишига бағишланган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Г.Раҳимова, Марказий сайлов комиссияси котибиятининг ташкилий назорат ва режалаштириш бўлими ўринбосари С.Aбдуразақов иштирок этди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур