Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РЕФЕРЕНДУМИДА ОВОЗ БЕРИШ БЮЛЛЕТЕНИНИНГ ШАКЛИ ТАСДИҚЛАНДИ

05.04.2023

2651

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 5 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикасининг референдумида овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифи тасдиқланди.

Референдумда овоз бериш бюллетенига “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 14 мартдаги қарорларида кўрсатилган масаланинг матни киритилди ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари «ҳа» ёки «йўқ» деб кўрсатилди. Шунингдек, овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида ҳам тушунтириш берилади.

Овоз бериш бюллетенларини кўзи ожиз овоз берувчилар томонидан тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида трафаретлар ҳам тайёрланади.

Овоз бериш бюллетенлари референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тақдим этилган маълумотга мувофиқ референдум округи бўйича овоз берувчилар сонини, шу жумладан референдум округи ҳудудида истиқомат қилаётган кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилларда овоз бериш бюллетенларини тайёрлаш бўйича эҳтиёжни инобатга олган ҳолда чоп этилади.

Комиссия томонидан овоз бериш бюллетенларини референдум ўтказувчи участка комиссияларига белгиланган муддатларда етказиб бериш чоралари белгиланди.

Мажлисда шунингдек, кун тартибига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг референдумида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ комиссиялари раисларининг ахборотларига оид масалалар кўриб чиқилди. 

Жумладан, МСК қарори билан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Грузия ва Озарбайжон давлатлари Марказий сайлов комиссияси ҳамда хорижий мамлакатлардан жами 26 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатларга кўра, 14 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 62 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 346 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида референдум ўтказувчи 6-Наманган, 8-Сирдарё, 12-Хоразм округ комиссиялари раисларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди.

Мажлисда кун тартибига киритилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур