Туркий давлатларнинг сайлов органлари ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

15.05.2025

377

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 14 май куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг Марказий сайлов органлари маслаҳат платформаси (ТДТ МСОМП) Низомини имзолаш маросимида иштирок этди.

 

Тадбирда ТДТ Бош котиби К. Омуралиев, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси Бош котиби М. Сюрейя Эр, Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси Бош котиби Ин-Сик Жанг, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Туркия, Ўзбекистон ва ТДТ ҳузуридаги кузатувчи давлат – Венгрия марказий сайлов органлари раҳбарлари иштирок этдилар.

 

Кун тартибига мувофиқ, ТДТ МСОМП Низомини имзолаш маросими бўлиб ўтди. 2024 йил 6 ноябрдаги Бишкек декларациясида белгиланганидек, Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси мазкур Маслаҳат платформасини ташкил этиш ташаббускори сифатида Низом лойиҳасини ишлаб чиққанлиги ҳамда мазкур платформа орқали ташкилотга аъзо давлатларнинг сайлов органлари ўртасида ҳамкорликни рағбатлантириш, сайлов жараёнларини такомиллаштириш ва миллий қонунчилик асосида сайловларни ташкил этишда мавжуд тажрибаларни ўзаро ўртоқлашишни кўзда тутиши таъкидланди.

   

Ҳужжат маслаҳат органининг ҳуқуқий мақоми, фаолият тамойиллари ва тартибларини белгилайди. Платформа ўз ишида ТДТнинг таъсис ва таркибий ҳужжатлари ҳамда мазкур Низом асосида фаолият юритади.

 

Ўзбекистон МСК раиси З.Низамходжаев ўз нутқида ТДТнинг янги глобал тартибот ва халқаро институтлар тизимидаги ролини алоҳида қайд этиб, давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувлар ташкилотга аъзо 160 миллион аҳолини қамраб олувчи мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

 

 

З.Низамходжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг: “Тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган қардош халқларимиз овози эндиликда дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграмоқда” деган сўзларини келтирди ва бу фикрларнинг амалий тасдиғи сифатида туркий давлатларининг миллий сайлов тизимларида кечаётган муҳим ўзгаришлар ва сайлов органлари ўртасидаги икки томонлама ҳамда халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётганини қайд этди. “Аслида, Маслаҳат платформасининг асосий мақсади – ташкилотга аъзо давлатларнинг сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сайлов жараёнларини миллий қонунчилик ва халқаро мажбуриятлар асосида ташкил этишда ўзаро илғор тажрибани қўллаш орқали такомиллаштиришдан иборат”, – деди З.Низамходжаев.

 

Тадбир иштирокчилари ушбу келишувларни амалга ошириш сайлов соҳасида туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини таъкидладилар.

 

Туркистон шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон МСК Раиси бошчилигидаги делегация “Туркий дунё: сайлов тизимларини ривожлантиришда анъаналар, амалиёт ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда, шунингдек Х.А.Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлари билан учрашувда иштирок этди.

 

Шунингдек, З.Низамходжаевнинг ТДТга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари билан учрашувлари ўтказилди.

 

Маслаҳат платформасини ташкил этиш доирасидаги тадбирларда МСК аъзоси Г. Рахимова, Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Ф. Нигманов ва Тошкент вилояти ҳудудий комиссияси раиси ўринбосари Д. Шоисманов ҳам иштирок этдилар.

 

Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур