Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВнинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловларнинг дастлабки натижаларига бағишланган МАТБУОТ АНЖУМАНИДАГИ НУТҚИ

28.10.2024

3267

msk_yangiliklari_in

МСК матбуот маркази.

2024 йил 28 октябрь, соат: 11:00. 

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар! 

 

Кеча, 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. 

 

Аҳолининг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ва сайловлар жараёнига қизиқишини сезиларли даражада ошгани куни кеча барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда яққол сезилди.

 

Бу галги сайловларда мамлакатимиз тарихида биринчи марта аралаш сайлов тизими синовдан муваффақиятли ўтди. Аралаш сайлов тизимининг жорий этилиши сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, жамиятимиздаги демократик муҳитга янги қувват бағишлагани сайловолди ташвиқоти давомида яққол намоён бўлди.

 

Сайловни 850 дан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчилар кузатиб борди.

 

Айни пайтда, сиёсий партиялардан 55 минг нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 минг нафардан зиёд кузатувчи сайловни бевосита кузатиб борди.

 

Сайловларга тайёргарлик кўриш арафасида ишга туширилган “Е-saylov” ахборот тизими ёрдамида сайлов жараёнининг кўплаб тартиб-таомиллари рақамлаштирилиб, бюрократик тўсиқлари кескин камайтирилди ва шаффофлиги оширилди.

 

 

Мамлакатимиз тарихида илк маротаба Тошкент шаҳридаги айрим сайлов участкаларида сайлов куни электрон овоз бериш тажриба-синов тариқасида жорий этилди.

 

Қайд этиш лозимки, электрон овоз бериш ускуналари овоз бериш ва сайлов натижаларини тезкор аниқлаш, овоз бериш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш, сайлов комиссияларининг иш ҳажмини мақбуллаштиришга хизмат қилди.

 

Сайлов куни сайлов жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида мамлакатимизнинг туман ва шаҳарлари ҳудудидаги тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида видеокамералар ўрнатилди.

 

Бу Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларида, saylov.uz расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканалларида овоз бериш жараёнини онлайн кузатиш имконини берди.

 

Сайлов участкаларидан видео-трансляцияни миллионлаб фуқаролар кузатиб борди.

 

Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва унинг вилоятлардаги филиалларида сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун медиа-майдон яратилди. Уларда юзлаб матбуот анжуманлари, семинарлар, брифинглар, интервьюлар, учрашувлар ўтказилди. 

 

 

Тадбирларда Марказий сайлов комиссияси, Олий суди, Бош прокуратураси, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Адлия, Энергетика, Рақамли технологиялар вазирликлари, Миллий гвардия раҳбарлари, ҳудудлардаги сайлов комиссиялари раисларининг ахборотлари тингланди.

 

Буларнинг барчаси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни юксак демократик тамойиллар даражасида ташкил этиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун кенг шароитлар яратиш имконини берди.

 

Ҳурматли матбуот анжумани қатнашчилари!

 

Бу йилги сайловларнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – сайловчиларнинг фуқаролик масъулияти, мамлакатда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга дахлдорлик туйғусининг янада ошганлиги билан боғлиқ.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда жами 15 млн 27 минг 529 нафар сайловчи овоз берди. Бу овоз берган сайловчилар умумий сонининг 74,72 фоизидан иборатдир. 

 

16 – 23 октябрь кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида мамлакатимиз ҳудудида – 1 млн 15 минг 948 нафар, хорижда эса 132 минг 667 нафар сайловчи овоз берди.

 

Сайловларда хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилди. 40 та мамлакатда ташкил этилган 57 та сайлов участкаларида жами 140 минг 388 нафар сайловчи овоз берди.

 

Сайлов кодексига кўра, Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партия белгиланган тартибда мандатга эга бўлади.

 

Дастлабки маълумотларга кўра, Ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови натижалари қуйидагича бўлди:

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 5 млн 194 минг 41 та ёки 34,75 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 26 та депутатлик ўрнига эга бўлди;

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – 2 млн 812 минг 493 та ёки 18,82 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 14 та депутатлик ўрнига эга бўлди;

Ўзбекистон Экологик партияси – 1 млн 960 минг 764 та ёки 13,12 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 10 та депутатлик ўрнига эга бўлди;

Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 2 млн 558 минг 16 та ёки 17,11 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 13 та депутатлик ўрнига эга бўлди;

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 2 млн 420 минг 857 та ёки 16,20 фоиз овоз тўплади ва тақсимотга кўра 12 та депутатлик ўрнига эга бўлди.

 

 

Сайловда бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

 

Бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатасига сайланган 75 нафар депутатлар таркибининг партиявий мансублиги қуйидагича:

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 38 нафар,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – 15 нафар, Ўзбекистон Экологик партияси – 6 нафар,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 7 нафар,

 Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси – 9 нафар депутат этиб сайланди. 

 

Иккита сайлов тизими бўйича, яъни депутатликка номзодларга ва партияларга берилган овозлар бўйича Қонунчилик палатасига сайланган жами 150 нафар депутатлар таркибининг партиявий мансублиги қуйидагича:

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 64 та ўрин ёки 42,7 фоиз,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 29 та ўрин ёки 19,3 фоиз,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 21 та ўрин ёки 14 фоиз, 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 20 та ўрин ёки 13,3 фоиз,

Ўзбекистон Экологик партиясидан – 16 та ўрин ёки 10,7 фоиз

 

Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайловлар бўйича сайловга доир қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар ва маълумотлар тушмади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришиш йўлида халқимиз аҳиллик, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётганини яна бир бор намойиш этди. 

 

Шу билан бирга, юқори турувчи сайлов комиссиялари томонидан овоз бериш жараёнини ташкил этиш бўйича участка сайлов комиссиялари фаолиятини мониторинг қилиш натижасида айрим камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан:

 

– айрим сайлов участкаларидаги овоз бериш хоналарида сайлов жиҳозларини Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган талаблар асосида жойлаштирилмаганлиги;

– баъзи сайлов участкаларида участка сайлов комиссиялари аъзолари фуқарога шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг мобиль телефондаги электрон фотосурати асосида сайлов бюллетенлари бериш ҳолатлари;

– участка сайлов комиссиялар фаолиятига кўнгиллиларни жалб қилиб, улардан фойдаланганлиги;

– сайловчилар рўйхатида бўлмаган фуқарони сайловчилар рўйхати иловасига киритишда Марказий сайлов комиссиясининг қарорида белгиланган ҳаракатлар кетма-кетлигига тўлиқ риоя этилмаганлиги;

– битта яширин овоз бериш кабинасига бир нечта сайловчиларнинг бир вақтнинг ўзида овоз беришига айрим комиссиялар томонидан йўл қўйиб берилганлиги;

 

Алоҳида таъкидлаш керакки, қонунчиликка асосан жавобгарликка олиб келадиган ҳолатлар юқори турувчи сайлов комиссиялари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди.

 

Шунингдек, айрим ҳудудларда куннинг биринчи ярмида вақти вақти билан Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимида қисқа муддат техник узилишлар кузатилган. Лекин бу узилишлар участка сайлов комиссияларининг фаолиятига ёки сайловчиларнинг овоз беришига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Сабаби овоз бериш жараёнлари ахборот тизимига боғлиқ эмас, сайловчилар рўйхатлари дастлаб чоп этилган бўлади. Сайлов куни мазкур ахборот тизимидан фақатгина овоз берган сайловчилар сонини белгилаш ҳамда, зарур бўлганда, рўйхатда бўлмаган сайловчининг аниқлаш учун фойдаланилади. Барча муаммолар Рақамли технологиялар вазирлиги мутахассислари томонидан тезкорлик билан бартараф этилди.

 

Умуман олганда юқорида қайд этилган камчиликлар сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларнинг натижаларини чиқаришнинг қонунийлигига таъсир кўрсатмайди.

 

Биз бўлиб ўтган сайлов жараёнлари билан боғлиқ барча маълумотларни тизимли ўрганиб, унинг хулосаларини халқаро кузатувчилар ҳамда экспертлар иштирокида муҳокама қилишни режалаштирдик. Бу муҳокамаларда ўтган сайлов жараёнлари атрофлича таҳлил қилиб, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгилаб олинади.

 

 

Фурсатдан фойдаланиб, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишда ўз хиссасини қўшган сайлов комиссиялари аъзоларига, вазирлик ва идораларга, шунингдек, сайловларни кенг ёритишда кўмаклашган оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Барчага ташаккур.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

Саволлар бўлса, марҳамат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур