Сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотига оид одоб-ахлоқ қоидаларини имзолади

21.09.2024

2094

msk_yangiliklari_in

Мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови кампанияси тобора қизғин паллага кирмоқда.

 

 

Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан депутатликка номзодларнинг ҳамда сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши белгиланди.

 

2024 йил 21 сентябрь куни сиёсий партиялар томонидан Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган сайловолди ташвиқотига оид одоб-ахлоқ қоидаларини партияларнинг раҳбарлари томонидан имзолаш маросими бўлиб ўтди.

 

 

Ривожланган давлатларда одатда бундай битимлар сиёсий партиялар ёки номзодлар ўртасида сайлов жараёнида инсофсиз рақобатни олдини олиш, адолатли курашни таъминлаш, сайловолди ташвиқоти давомида номзодларнинг бир-бирига нисбатан ҳурмат сақлаш ва ҳуқуқий чекловлардан ташқари ахлоқий меъёрларга риоя қилиш мақсадида тузилади.

 

Жумладан, жорий йилда Европарламент сайловларида ҳамда бошқа бир қатор ривожланган давлатларда бўлиб ўтган сайловларда сиёсий партиялар томонидан шу каби битимлар имзоланган.

Ушбу одоб-ахлоқ қоидалари сайловолди ташвиқоти даврида ёлғон ахборот тарқатишнинг олдини олиш, сайловларнинг асосий принципларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда сайловчиларга ўз танловини эркин амалга ошириш имконини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда сунъий интеллект имкониятлари ортиб бораётганлиги инсоният учун фойдали бўлиши билан бир қаторда, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ёлғон ёки уйдирмадан иборат ахборот материалларининг тарқатилишига ҳам хизмат қилаётганлиги кузатилмоқда.  

Одоб-ахлоқ қоидаларининг муҳим қоидаларидан бири ҳам айнан оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда сунъий интеллектдан фойдаланиш тартибига қатъий амал қилиш ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги қарори билан сайловолди ташвиқотини олиб бориш бўйича низомга мувофиқ, депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг илк маротаба сайловолди ташвиқоти даврида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатишга оид қоидалар билан тўлдирилди.

Одоб-ахлоқ қоидалари билан сиёсий партиялар вакиллари сайловолди ташвиқоти жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш, сиёсий партия вакилларининг шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиш, шунингдек ижтимоий ахлоққа зид ҳар қандай ахборотни тарқатмаслик, сайловчиларга нисбатан товламачилик, қўрқитиш ёки мажбурлаш, ўзгача ноўрин таъсир чораларини қўлламаслик ва ҳақ эвазига ўзига оғдириб олмаслик каби мажбуриятларни ўз зиммасига оладилар.

Сиёсий партиялар раҳбарлари ўртасида Одоб-ахлоқ қоидаларининг имзоланганлиги мамлакатимизда сайлов маданиятининг ривожланаётганидан далолат беради ҳамда сайловларни миллий қонунчилигимизга биноан очиқ, ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қилади.

 

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур