Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олинди

31.07.2024

1442

msk_yangiliklari_in

Бугун, 31 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида сиёсий партияларнинг ваколатли вакилини рўйхатга олишга доир масала кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ўзининг ваколатли вакилини тайинлашга ҳақли.

 

Ваколатли вакилни рўйхатга олиш Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади. Унга кўра сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

 

 

Шу боис, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун илк бор “E-saylov” ахборот тизими орқали МСКга мурожаат қилди.

 

Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатлар кўриб чиқилиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги мандатни бериш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиш жараёнлари “E-saylov” ахборот тизими орқали амалга оширилди ҳамда ваколатли вакилларга мандатлар электрон шаклда тизим орқали берилди.

 

 

 

 

 

 

Шу куннинг ўзида, мажлисдан сўнг ваколатли вакилларга сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди.

 

 

Маълумки, сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган ҳолда депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин. Битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкин.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур