Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва вақти белгиланди

08.10.2024

4192

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 8 октябрь куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини ташкил қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар, хорижий давлатларнинг кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.

 

Мажлисда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун 2024 йил 16-23 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.

 

Муддатидан олдин овоз бериш кунлари сайлов участкаларида овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 га қадар давом этиши белгиланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган давлатдаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 га қадар амалга оширилиши белгилаб берилди.

 

 

Сайлов кодекси ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунда ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзининг барча конституциявий ҳуқуқларини, жумладан сайлов ҳуқуқини бошқа фуқаролар билан тенг ва эркин амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратишга оид қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Жорий йил 27 октябрь куни ўтказиладиган сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 11 нафар ва маҳаллий Кенгашларга 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинган.

 

 

Шунингдек, сайлов комиссиялари таркибида 1 343 нафар ногиронлиги бўлган шахслар фаолият кўрсатиб келаётганлиги бўлажак сайловларда улар учун тенг имкониятлар яратилганлигини яққол кўрсатмоқда.

 

Бундан ташқари, бўлажак сайловларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлаш мақсадида 830 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган сайловчиларга кўмак берувчи волонтёрлар бириктирилмоқда.

 

 

Бугунги мажлисда ногиронлиги бўлган шахсларга ўз сайлов ҳуқуқларини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида сайлов бюллетенларини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосидаги трафарет намунасини тасдиқлаш, сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари, оптик лупалар (катталаштирувчи ойналар) ҳамда қўшимча ёриткичлар ўрнатиш ҳамда сайлов участкасига мустақил равишда бора олмайдиган сайловчиларнинг сайлов куни турган жойларида овоз беришини ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Туркий Давлатлар Парламент Ассамблеясининг 19 нафар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Россия ва Хитойдан 2 нафардан, АҚШнинг 3 нафар ҳамда Буюк Британия, Латвия, Литва, Франция, Ҳиндистон ва Япониянинг 1 нафардан вакиллари, жами 36 нафар хорижий ва халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилди.

Мажлис давомида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур