Сайловларни кузатиш учун халқаро ташкилотларнинг вакиллари аккредитациядан ўтказилди

23.09.2024

2038

msk_yangiliklari_in

Жорий йил 23 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

 

Янгиланган сайлов қонунчилиги бўйича ўтказиладиган бу йилги давлат вакиллик органлари сайловларига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг қизиқиши ниҳоятда юқори бўлмоқда.

 

Хусусан, сайловларни кузатиш учун 50 та давлатдан 400га яқин, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби 21 та халқаро ташкилотларнинг қарийб 500 нафарга яқин, 26 та хорижий давлатлар сайлов комиссияларининг 60 нафар, жами 1 000 нафардан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.

 

 

Таъкидлаш керакки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан Ўзбекистонга сайловларни кузатиш бўйича тўлақонли катта Миссиясини, яъни таркибида асосий гуруҳ, узоқ муддатли ва қисқа муддатли жами 350 нафарга яқин кузатувчилар билан иштирок этиши режалаштирилмоқда.

 

Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги сайловларга бўлган катта қизиқиши мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганлигидан далолат беради.

 

 

Шунга кўра, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация ўтказиш тўғрисидаги Марказий сайлов комиссияси қарори қабул қилинди ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, МДҲ Парламент Ассамблеяси, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси каби халқаро ташкилотлардан юборилган кузатувчиларнинг бир қисми аккредитациядан ўтказилди.

 

Ҳозирда кузатувчиларни аккредитациядан ўтказмоқчи бўлган хорижий ва халқаро ташкилотлар ўз давлатларидан туриб “E-Saylov” ахборот тизимига кириши ҳамда белгиланган намунадаги маълумотларни электрон тарзда киритиб, кўриб чиқиш учун юбориш имкониятига эга бўлмоқда.

 

Жараённинг эътиборли жиҳатларидан яна бири аккредитациядан ўтган хорижий кузатувчиларнинг мандатлари ҳам тизим орқали автоматик тарзда электрон шаклда мутлақо янги кўринишда шаклланади.

 

 

Шунингдек, мажлисда Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Тезкор ахборот бериш марказини – “Cаll-center”ни ташкил этиш ва унинг низомни тасдиқлаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди. “Cаll-center” орқали фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни марказлаштирилган ҳолда қабул қилиб, уларга реал вақт режимида ҳуқуқий тушунтиришлар ва маслаҳатлар бериб борилади.

 

“Cаll-center”нинг асосий вазифалари сайлов кампанияси даврида фуқаролар билан реал вақт режимида мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига сайлов комиссияларининг фаолияти, сайлов жараёнининг босқичлари ҳақидаги тўлиқ ва ишончли ахборотни етказиш, фуқароларнинг сайлаш ҳамда мурожаат қилишга доир ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун зарур шароитлар яратиш ҳамда уларнинг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларидан хабардорлик даражасини ошириш кабилардан иборат бўлади.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур