Сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнлари бўйича мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди

27.09.2024

1029

msk_yangiliklari_in

Айни кунларда мамлакатимизда бўлиб ўтиши кутилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш жараёнлари қизғин паллага кирди.

 

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 27 сентябрь куни ташкил этилган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлигининг сайлов қонунчилиги тарғиботи борасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлари ҳақидаги ахбороти, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш, сайлов округлари ва участкаларини интернет ва алоқа воситалари билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлари ҳақидаги ахбороти, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда сайлов кампанияси давомида келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари натижаларига бағишланган масалалар кўриб чиқилди.

Сайловларни Конституция ва қонунларимиз, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ва уларга тўла риоя қилган ҳолда ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ. Шу маънода, сайлов жараёнларида ҳар бир сайловчининг шахсан ўзи иштирок этиши орқали ўз сиёсий иродасини намоён қилишини тарғиб қилиш, сайловчиларнинг сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий билимларини юксалтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, мажлисда адлия органлари томонидан “Менинг танловим – обод ватаним” шиори остида аҳолининг сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида қилинган ишлар ҳақидаги ахборот тингланди.

 

Таъкидланганидек, жойларда ташкил қилинадиган тадбирларда фойдаланиш учун ҳуқуқий тарғибот материаллари тўплами (тақдимот, инфографика, буклет, видеороликлар) тайёрланиб манзилли етказилган.

Шунингдек, 20 мингдан ортиқ манзилли учрашувлар, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган. Ижтимоий тармоқдаги “Huquqiy axborot” каналида 3 500 дан ортиқ маълумотларни 80 мингдан ортиқ обуначиларга таништирилган.

 

Қайд этиш жоиз, бу йилги сайловларни технологик жиҳатдан янги ва замонавий босқичда ўтказиш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сайлов кампанияси даврида мутлақо ўзига хос платформа “E-SAYLOV” ахборот тизими ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимларидан фойдаланиш сайловларнинг халқаро стандартларга мос тарзда ўтишига хизмат қилади.

Мажлисда Рақамли технологиялар вазирлигининг Марказий сайлов комиссиясининг таклифлари асосида “E-SAYLOV” тизимини кенг жорий этиш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ҳамда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини (СЯЭР) такомиллаштириш юзасидан амалга оширилган ишларга доир ахбороти тингланди.

 

Жумладан, бугунги кунда 14 та ҳудуд ва 208 та шаҳар ва туманларда Ички ишлар вазирлиги ва Кадастр агентлиги билан биргаликда СЯЭРни долзарблаштириш бўйича хатлов ишлари олиб борилмоқда.

 

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда СЖБАТ ва СЯЭРдан фойдаланиши бўйича 22 мингдан зиёд операторларни ва “E-SAYLOV” тизимининг 2 428 нафар фойдаланувчиларни ўқитиш ишлари амалга оширган.

Бундан ташқари, сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сайлов участкасини аниқлаш хизмати ишга туширилган. СЖБАТ ва “E-SAYLOV” тизимларини техник қўллаб-қувватлаш учун 1209 қисқа рақам ажратилиб, Call-марказ фаолияти йўлга қўйилган.

 

Шуни алоҳида эътироф этиш жоиз, мамлакатимиздаги бўлажак сайловлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борилади.

 

Бўлиб ўтган мажлисда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Қарор билан айрим халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг вакиллари хорижий кузатувчилар сифатида аккредитациядан ўтказилди.

Қайд этиш керакки, хорижий кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш бўйича аризалар Марказий сайлов комиссиясига “E-Saylov” ахборот тизими орқали келиб тушмоқда.

 

Шунингдек, мажлисда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар таҳлилий кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссиясига 2024 йил 26 июль – 23 сентябрь ҳолатига кўра, 64 та мурожаат келиб тушган ва барча мурожаатларга комиссия аъзолари ва Котибиятнинг тегишли бўлимлари томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда, ўз вақтида жавоблар юборилган.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур