Сайлов органлари ўртасида Ҳамкорлик протоколи имзоланди

24.02.2024

4652

msk_yangiliklari_in

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси МСК Раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация Беларус Республикасида ягона овоз бериш кунида бўлиб ўтадиган депутатлар сайлови кузатувида иштирок этмоқда.

 

2024 йил 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Беларус Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўртасида Ҳамкорлик протоколини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳамкорлик протоколи иккала комиссиялар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради.

Ҳамкорлик доирасида бир қатор йўналишлар кўзда тутилган. Шу жумладан, сайлов ва референдум ташкилотчиларининг профессионал даражасини, сайловчилар ва референдум иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, сайлов ва референдум субъектларининг ташвиқот олиб бориш бўйича ҳуқуқларини таъминлаш, сайлов ва референдумни молиялаштириш ишларини ташкил этиш, замонавий сайлов ҳамда бошқа ахборот технологиялари ва ускуналарини яратиш ва фойдаланиш.

Ҳамкорликни ривожлантириш ўз ичига илмий ва амалий тадқиқотлар натижалари билан ўртоқлашиш, сайлов ва референдумлар бўйича мутахассислар алмашиш, сайлов ва референдумларни кузатиш ҳамда семинарлар, илмий-амалий конференциялар, йиғилишлар, давра суҳбатлари ва икки томонлама манфаатли бўлган масалаларда бошқа тадбирларни ташкил этишни қамраб олади.

Бу Ўзбекистон МСК учун мазкур турдаги дастлабки ҳужжат эмас. Ўзбекистон МСК томонидан сўнгги йилларда умумий мақсад ва тамойилларга шериклик асосида қатор сайлов органлари ва ассоциациялар билан ҳамкорлик алоқаларига расмий мақом бериб келмоқда.

Жумладан, Корея, Латвия, Литва, Қозоғистон, Россия, Туркия, Малайзия ва таркибида 110 та давлатларнинг 119 та сайлов органларини бирлаштирган Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси ва Осиёнинг 20 та давлатларини ўз ичига олган Осиё Сайлов Органлари Ассоциацияси билан биргаликда ҳамкорлик меморандумлари ва келишувлари имзоланган.

Шунингдек, Ўзбекистон МСК Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгашининг ташкил этилишининг ташаббускори бўлган.

“Ҳамкорлик протоколининг имзоланиши Ўзбекистон ва Беларус сайлов органларининг келгусида янада мустаҳкам алоқаларни қуришга имкон беради. Бир-биримизга зарур ташкилий, технологик, услубий ва бошқа кўмак кўрсатиш орқали яқиндан ҳамкорлик қилишга умид қиламан” – деди З. Низамходжаев.

 

Шу куннинг ўзида МСК Раиси З.Низамходжаев Беларус МСК Ахборот марказининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур