Ўзбекистон МСК Котибияти вакиллари халқаро давра суҳбатида иштирок этди

18.11.2025

170

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Санкт-Петербург шаҳридаги Таврический саройида “Халқаро сайлов соҳасидаги ҳамкорлик: истиқболлар ва ёшлар нуқтаи назари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси иштирокчи давлатларининг Демократия, парламент ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ривожланишни мониторинг қилиш бўйича Халқаро институти ҳамда Россия ёшлар сайлов комиссиялари иттифоқи томонидан ташкил этилди.

Давра суҳбати онлайн-масофавий тарзда ташкил этилиб, МДҲга аъзо давлатлар ёшлар сайлов ташаббуслари вакиллари ҳамда МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳатлашув кенгашининг сайлов соҳасидаги ёшлар сиёсати бўйича Ишчи гуруҳи аъзоларини бирлаштирди.

Тадбир доирасида сайлов соҳасида халқаро ёшлар ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Миллий ва халқаро сайлов кузатуви, ёшларни кузатув миссиялари фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш каби масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳуқуқий маърифатнинг инновацион ёндашувлари, талабаларнинг мобил гуруҳлари фаолияти тажрибаси, сайлов соҳасида волонтёрлик лойиҳалари ва ёшлар дипломатиясига оид тақдимотлар ўтказилди.

 

Таъкидлаш жоизки, сайлов соҳасидаги ёшлар сиёсати бўйича Ишчи гуруҳ МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳатлашув кенгаши ҳузурида 2025 йил июнь ойида тузилган бўлиб, унинг мақсади – МДҲ иштирокчи давлатларида сайлов жараёни доирасида ёшлар сиёсати амалга оширилиши бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборатдир.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти ходимлари, сайлов соҳасидаги ёшлар сиёсати бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари С. Абдухолиқов ва С. Олимжоновлар иштирок этди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур