Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

Марказий сайлов комиссияси вакиллари Мўғулистондаги парламeнт сайловлари кузатувида иштирок этмоқда

28.06.2024

1853

msk_yangiliklari_in

Бугун, 28 июнь куни Мўғулистон Давлат Буюк Хурали (парламенти) депутатлари сайлови бўйича овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтмоқда.

 

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталаб соат 07:00 да ўз фаолиятини бошлади.

 

                

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев ва Комиссия аъзоси Г. Рахимова Мўғулистонда бўлиб ўтаётган парламент сайловлари халқаро кузатувида иштирок этиб, ушбу куни сайлов участкасининг очилиши ҳамда Улан-Баторнинг марказий ва чекка ҳудудларидаги сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнларини кузатишди.

 

Мўғулистонда сиёсий партиялар ва алоҳида номзодлар, мустақил ташкилотлар ва ОАВ вакиллари сайлов жараёнларларини бевосита кузатиш ҳуқуқига эга бўлган тизим мавжуд. Шу билан бирга, мамлакат халқаро кузатувчилар учун ҳам очиқдир.

 

Халқаро кузатув жараёнларида Ўзбекистон вакиллари билан бир қаторда Грузия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Филиппин сайлов органлари ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

 

Сайлов жараёнларини кузатиш Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси ва ЕХҲТ ДИИҲБнинг 11 нафар экспертлари, 18 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларидан иборат сайловни кузатиш бўйича миссияси томонидан амалга оширилмоқда. МСК Матбуот хизмати раҳбари М. Алимбаев Ўзбекистондан қисқа муддатли кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

 

Мамлакат конституциясига кўра, Мўғулистон парламент республикаси ҳисобланади. Мўғулистон Давлат Буюк Хуралининг ваколат муддати 4 йил.

 

Қонунчиликка кўра, парламент сайловларида овоз бериш учун Давлат автоматлаштирилган тизимидан фойдаланилади. Барча 2 187 та сайлов участкалари овозларни санаб чиқишнинг электрон техник воситалари – бюллетенларни сканерлаш ускуналари билан жиҳозланган.

 

               

 

Мўғулистон Бош сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловчилар рўйхатига киритилган 2 238 360 нафар сайловчиларнинг ярмидан кўпи 26 ёшдан 45 ёшгача шахслар ҳисобланади.

 

16 352 нафар сайловчи уйида кўчма қутилар орқали овоз бериш учун ариза топширган. Улардан 5 247 нафари пойтахтда, 11 105 нафари қишлоқ ҳудудларига тўғри келади. Участка сайлов комиссиялари аъзолари 27 июнь куни соат 9:00 дан 20:00 гача кўчма муҳрланган қутилардан овозларни қабул қилди.

 

                 

Кўчма сайлов қутилардан соғлиғига кўра сайлов участкасига шахсан кела олмаган, “Сафарбарлик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ оммавий сафарбарлик жараёнларида қатнашган, маъмурий тартибда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини кўраётган ёки ҳуқуқбузарлик иши муносабати билан қамоққа олинган сайловчилар фойдалана олдилар.

 

Сайловда жами 1 336 нафар номзод иштирок этмоқда, улардан 1 294 нафари 19 та сиёсий партия ва 2 та сиёсий коалициялардан, шунингдек, 42 нафар мустақил номзодларни ташкил этади. Чунончи, битта депутатлик мандатига 10 нафарга яқин номзод тўғри келмоқда.

 

                         

 

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси Мўғулистон Бош сайлов комиссиясининг Ахборот марказига ҳам ташриф буюрди.

 

 

Ахборот марказида видео-стенд ўрнатилган бўлиб, унда сайлов участкаларидаги тасвирлар акс эттирилади. Онлайн трансляцияга кириш имкони бўлган барча участкаларда жараёнларни назорат қилиш учун тасвирлар ўзгариб туради. БСК Ахборот маркази ҳар соатда овоз бериш жараёни бўйича дастлабки маълумотларни тақдим этиб бормоқда.

 

                          

 

Овоз бериш жараёнлари маҳаллий вақт бўйича соат 22:00 гача давом этади. Шу билан бирга, қонунчиликка мувофиқ сайлов участкасининг овоз бериш хонасида сайлов бюллетенини олиш учун навбатда турган сайловчилар овоз беришнинг расмий вақти тугаганидан кейин ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур