Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакиллари Молдова Республикасида парламент сайловларининг халқаро кузатувида иштирок этдилар

29.09.2025

334

msk_yangiliklari_in

2025 йил 28 сентябрь куни Молдова Республикасида навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Молдова Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б.Кучкаров бошчилигидаги комиссия делегацияси сайловларни халқаро кузатувида иштирок этди.

 

Сайловларнинг халқаро кузатувида 58 та давлатдан 912 нафар кузатувчи, шу жумладан, 15 та мамлакатнинг сайлов органлари вакиллари, ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси, Европа парламенти ва Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси миссиялари кузатувчилари иштирок этдилар.

   

Молдова парламенти олий вакиллик ва қонун чиқарувчи орган ҳисобланиб, тўрт йил муддатга умумий, тенг, тўғридан-тўғри, яширин ва эркин овоз бериш асосида сайланадиган 101 депутатдан иборат. Парламент сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Сайлов кодекси, тегишли қонун ҳужжатлари ва МСК низомлари билан тартибга солинади. Ушбу ҳужжатлар номзодларни рўйхатга олиш, сайлов кампаниясини ўтказиш, овоз бериш жараёнини ташкил қилиш ва якунларини чиқариш тартибини белгилайди. 2023 йил 1 январдан кучга кирган янги Сайлов кодекси, сиёсий партиялар ва сайлов кампанияларини молиялаштириш устидан назорат ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш соҳасида МСК ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирди.

 

Жорий йил 27 сентябрь куни халқаро кузатувчилар учун брифинг ташкил этилди. Унда иштирокчилар сайловларга тайёргарлик ва уларни ўтказишнинг асосий босқичлари билан таништирилди.

 

Таъкидланишича, парламент сайловлари ягона умуммиллий округда пропорционал тизим асосида ўтказилади. Мандатлар тақсимотида иштирок этиш учун сайловда минимал вакиллик талаблари белгиланган бщлиб, булар сиёсий партиялар учун 5 фоиз, сиёсий блоклар учун 7 фоиз ва мустақил номзодлар учун 2 фоизни ташкил этади. Сайловларни бўлиб ўтган деб топиш учун рўйхатга киритилган сайловчиларнинг камида учдан бири овоз беришда иштирок этиши талаб этилади.

   

Парламент сайловларида илк бор 10 та хорижий давлатда истиқомат қилаётган Молдова фуқаролари учун олдиндан рўйхатдан ўтиш асосида почта орқали овоз бериш амалиёти жорий этилди.

 

Молдова МСКси жами 23 нафар сайлов рақобатчиларини рўйхатдан ўтказди: 15 та сиёсий партия, тўртта сайлов блоки ва тўрт нафар мустақил номзод.

 

Сайловларни ўтказиш учун жами 2 274 та сайлов участкаси ташкил этилди, шундан 1 973 таси мамлакат ҳудудида ва 301 таси хорижда.

 

Сайловчилар рўйхатига 2 751 105 нафар сайлов ҳуқуқига эга Молдова фуқаролари киритилди, уларнинг 52,21 фоизи овоз беришда иштирок этди.

     

28 сентябрь, сайлов куни Ўзбекистон МСК раиси ўринбосари Б.Кучкаров ва комиссия аъзоси Х.Палуаниязов Кишинёв шаҳри ҳамда Страшени туманидаги бир қатор сайлов участкаларида сайлов участкаларининг очилиши, овоз бериш, овоз беришни якунлаш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларини кузатдилар. Шунингдек, делегациянинг Страшени сайлов округи сайлов кенгаши раиси ва аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

Овоз бериш соат 7:00 дан 21:00 гача давом этди.

 

29 сентябрь куни Ўзбекистон делегацияси Молдова МСКси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди. Унда парламент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилиниб, уларга кўра Молдова парламентига уч сиёсий партия ва икки сайлов блоки ўтиши мумкин.

Ташриф доирасида Ўзбекистон МСК делегацияси Молдова МСК раҳбарияти ва бошқа давлатлар сайлов органлари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Учрашувларда икки томонлама ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур