МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ 2022 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ ВА 2023 ЙИЛГА УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

18.01.2023

3376

msk_yangiliklari_in

2023 йил 18 январь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Бухоро, Навоий, Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сайлов кодексининг бир хил тарзда қўлланилиши ҳамда бўшаб қолган ўринларга сайловни ташкил этиш ва ўтказиш амалиётини, сайлов жиҳозларининг сақланиш ҳолатини ўрганиш натижалари, Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йилда амалга оширган ишлари ҳамда 2023 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибига мувофиқ авваламбор, 2022 йилда Бухоро, Навоий, Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида халқ депутатлари вилоят (туман ва шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари томонидан Сайлов кодекси нормаларининг бир хилда қўлланилиши ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг бўшаб қолган ўринларга сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш амалиётини, шунингдек сайлов жиҳозларининг сақланиши ҳолати юзасидан олиб борилган ўрганишлар ҳақидаги ахборот тингланди. Ўрганиш натижалари комиссия аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сайлов комиссияларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мажлисда таъкидланганидек, Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йилдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссиясининг иш режаларига мувофиқ ташкил этилди ва амалга оширилди. Хусусан, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, норма ижодкорлиги, сайлов жараёнлари ва сайлов қонунчилигини қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, сайлов тизими ва сайлов жараёнларини кенг ёритиш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, сайлов тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, сайлов жараёнларига замонавий ўқув технологиялари ва услубий ёндашувларни татбиқ этиш, халқаро ҳамкорлик йўналишида олиб борилган ишлар таҳлилий кўриб чиқилди.

Мажлисда жорий йилда Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг муҳим йўналишлари ҳам муҳокама этилди, 2023 йилга устувор вазифалар белгилаб олинди ҳамда биринчи ярим йилликка мўлжалланган иш режа тасдиқланди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколати доирасидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди..

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур