МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ ОКРУГ КОМИССИЯЛАРИНИНГ АЪЗОЛАРИ УЧУН ЎҚУВЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

22.05.2023

3660

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 22 май куни Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида округ комиссиялари аъзолари учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда округ сайлов комиссиялари олдидаги асосий вазифалар мавзусида ўқув-амалий машғулот ташкил этилди. 

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан олиб борилган ўқув-машғулотида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 42 нафар округ комиссияларининг раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат аъзолари иштирок этди. 

Ўқув машғулотларининг мақсади – сайлов ўтказувчи округ комиссиялари аъзоларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги асосий вазифалари, сайлов жараёнларини умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига риоя этилган ҳолда, Сайлов кодекси талаблари асосида, уюшқоқлик билан ташкил этишдаги кўникмаларини оширишдан иборат бўлди.

Семинар тренингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, сайлов календарь режасининг ўзига хос хусусиятлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда округ сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш кунига тайёргарлик, округ сайлов комиссиясининг сайлов жараёни иштирокчилари билан ҳамкорлиги, округ сайлов комиссиялар фаолиятини молиялаштириш тартиби, сайлов округи бўйича овоз бериш якунларини аниқлаш каби мавзулар муҳокама этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округлари ва участкалари учун биноларни танлаш, овоз бериш хоналарини жиҳозлашга қўйилган талаблар юзасидан амалий машғулотлар ўтказилди.

Назарий ва амалий машғулотлардан иборат ўқув-машғулотининг якунида, иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур