Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайлов округлари тузилди

10.08.2024

948

msk_yangiliklari_in

2024 йил 10 август куни Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

 

 

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 75 та бир мандатли сайлов округларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Бир мандатли сайлов округлари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида улардаги сайловчилар сонидан келиб чиққан ҳолда тузилди. Сайлов округларини тузиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномалари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари “E-Saylov” ахборот тизими орқали қабул қилинди.

 

 

Шунингдек, мажлис кун тартибидаги сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

 

Сайлов кодексининг 39-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши, Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар ва адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилиши мумкинлиги белгиланган.

 

 

Шунга кўра, Марказий сайлов комиссия томонидан имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи 3 та эксперт гуруҳлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур