Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакиллари Америка Қўшма Штатларида президентлик праймеризларини кузатишда иштирок этмоқда

03.03.2024

15298

msk_yangiliklari_in

Лос Анджелес округи (АҚШ, Калифорния штати) котибининг таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси МСК раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги делегация АҚШ президентлик праймеризларига тайёргарлик кўриш жараёни билан танишиш ва унда овоз беришни кузатиш мақсадида АҚШнинг Калифорния штатида бўлиб турибди.

Маълумки, АҚШда туғилган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган ва сайловгача камида ўн тўрт йил Қўшма Штатлар ҳудудида яшаётган шахс президентликка номзод бўлиши мумкин. Демократик ва Республикачилар партияларидан президентликка номзодларни кўрсатиш одатда мазкур партияларнинг энг машҳур аъзоларини аниқлашга имкон берувчи праймериз жараёнлари орқали амалга оширилади. АҚШ президентлик праймеризлари штатлар даражасида ўтказиладиган бирламчи президентлик сайловлари институти бўлиб, унинг натижаларига кўра делегатлар ҳар бир партиядан ягона президентликка номзодларни аниқлаш мақсадида миллий партия қурултойига юборилади.

Қўшма Штатларда президент тўғридан тўғри сайловчилар томонидан эмас, балки сайловчилар коллегияси томонидан сайланади. Ноябрь ойининг дастлабки душанбасидан кейинги биринчи сешанба кунида сайловлар бўлиб ўтади, унда ҳар бир штат аҳолиси АҚШ Конгрессидаги ўз вакиллари сонига мутаносиб равишда сайловчилар коллегияси аъзоларини сайлайди. Калифорния штати энг кўп сайловчилар коллегияси аъзоларига эга бўлиб, уларнинг сони 55 нафарни ташкил қилади.

Лос Анджелес округи котиби ва унинг идораси мазкур ҳудудда барча даражадаги сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этиш, жумладан, сайловчиларни рўйхатга олиш, уларни бўлажак сайловлар тўғрисида хабардор қилиш ҳамда сайлов технологияларини жорий этиш каби вазифаларни амалга оширади.

Ташрифнинг биринчи кунида хорижий кузатувчиларни АҚШ Сайловга кўмаклашиш комиссияси аъзоси Кристи МакКормик ва Лос Анджелес округи котиби Дин Логанлар кутиб олишди, улар президентлик праймеризларида хорижий сайлов органи вакилларининг бевосита иштироки учун миннатдорчилик билдириб, АҚШ сайлов тизими, сайлов маъмуриятининг асосий вазифалари ва функциялари билан таништиришди.

Калифорния штати праймеризларида овоз бериш жараёнлари жорий йилнинг 5 мартига белгиланган. Барча сайловчиларга сайлов бюллетенлари олдиндан юборилган. Бюллетенда штат даражасида ва маҳаллий даражадаги номзодларнинг узун рўйхати ҳамда уларни тасдиқлаш ёки рад этиш масалалари, шу жумладан, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга партияларнинг президентликка номзодлари ва АҚШ Сенатига очиқ праймеризлар учун икки нафар энг яхши номзодларни аниқлашга доир маълумотлар акс этган.

Сайловга ўн кун қолганда ўз фаолиятини бошлайдиган овоз бериш марказлари сайловчиларга почта орқали юборилган бюллетенларни қайтариш, муддатидан олдин ёки сайлов куни шахсан овоз бериш имкониятларини яратиб беради. Шу мақсадда, округ ҳудудида 644 та овоз бериш марказлари ташкил этилган бўлиб, улардан 119 таси сайловга ўн кун қолганда очилган бўлса, қолган 525 таси 2-5 март кунлари ўз фаолиятини бошлайди.

Шунингдек сайловчилар тўлдирилган бюллетенларни почта орқали юборишлари ёки овоз бериш марказларидаги махсус қутиларда қолдиришлари мумкин.

Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон МСК делегацияси хорижий кузатувчилар гуруҳи таркибида Лос Анджелесдаги жамоат кутубхонасида ташкил этилган овоз бериш марказига ташриф буюришди, у ерда марказ ходимлари ва сайловчилар билан суҳбатлашишди ҳамда махсус электрон овоз бериш ускуналари ёрдамида овоз бериш жараёнларини кузатишди.

Шу куннинг ўзида хорижий кузатувчилар гуруҳи “VSAP” операцион маркази фаолияти билан танишдилар (Voting Solutions for All People – Барча учун овоз бериш ечимлари). Операцион марказ электрон овоз бериш ускуналари ва сайловчиларни онлайн рўйхатга олиш мосламаларини сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ва уларни овоз бериш жараёнларига тайёрлаш, шунингдек, овоз бериш марказларида уларнинг ишлашини мониторинг қилинишини таъминлайди.

 

Ташриф дастурига мувофиқ, АҚШ сайловларида қўлланиладиган замонавий сайлов технологияларини ўрганишга оид бошқа тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур