Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси Э.Памфиловa билан учрашуви тўғрисида

15.03.2024

2422

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Россия Федерацияси Президенти сайлови кузатувида иштирок этмоқда.

 

Бугун, 14 март куни МСК раиси З. Низамходжаев ва Россия МСК раиси Э. Памфиловa ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

 

Учрашувда Э. Памфиловa Президент сайловига тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Россия Федерацияси сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар, сайлов кампаниясининг бориши тўғрисида батафсил ахборот бериб ўтди.

Қайд этилишича, президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш мақсадида бир қатор МСКнинг норматив актлари қабул қилиниб, Россия фуқароларига сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш учун қуйидаги қўшимча имкониятлар яратилган: овоз бериш кетма-кет уч кун (2024 йил 15, 16 ва 17 март кунлари) давомида амалга оширилади; овоз бериш учун зарур бинолар мавжуд бўлмаган ва транспорт инфратузилмаси яхши ривожланмаган аҳоли яшаш пунктларида истиқомат қилувчи фуқаролар учун сайёр овоз бериш марказлари ташкил қилинган; 29 та ҳудудларда анъанавий овоз бериш билан бир қаторда масофавий электрон овоз бериш имкониятлари яратилган.

 

Учрашув қатнашчиларига сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида ҳам ахборот берилди. Шу мақсадда, интернет ахборот-телекоммуникация тармоғидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида сайлов участкалари ва ҳудудий сайлов комиссиялари фаолияти видеотрансляцияга узатилади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон МСК раиси З. Низамходжаев сайловга тайёргарлик жараёни юқори савияда ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг очиқлиги ва унинг халқаро кузатувчилар фаолиятига кўмаклашишга тайёрлиги, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш, овоз бериш хавфсизлиги ва комиссия аъзоларининг меҳнат шароити хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек “ИнформУИК” лойиҳаси доирасида сайловчиларнинг электорал маданиятини ошириш бўйича амалга оширилган ишларни ижобий баҳолади.

 

Икки томонлама ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, З. Низамходжаев алоқалар жадал ривожланаётганлигини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси МСК ва Россия Федерацияси МСК ўртасида 2006 йилда имзоланган ҳамкорлик ва ҳуқуқий ахборот алмашинуви тўғрисидаги Протокол доирасида сайлов соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик билан бир қаторда фаол шерикчилик алоқалари ҳам йўлга қўйилганлиги, шунингдек Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси, Осиё Сайлов Органлари Ассоциацияси ва МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгаши каби халқаро ассоциациялардаги биргаликдаги фаолият тўғрисида ҳам айтиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси МСК аъзолари А. Фарманов ва Г. Рахимовалар ҳам иштирок этди.

 

Делегация аъзолари Россия Федерацияси МСК ҳузуридаги бугун ўз фаолиятини бошлаган Ахборот маркази билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлишди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур