Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВнинг БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

27.10.2024

2181

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВнинг

БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

МСК матбуот маркази.

2024 йил 27 октябрь, соат 9:00

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

 

Бугун, яъни 27 октябрь куни соат 8:00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайлови бошланди.

 

Эрталаб соат саккизда ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилган 11 минг 28 та сайлов участкалари сайловчиларга ўз эшикларини очди.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 40 та хорижий давлатдаги дипломатик ва консуллик муассасалари ҳузурида 57 та сайлов участкалари, жумладан, Шарқ мамлакатларида ташкил этилган сайлов участкалари иш бошлади.

Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси билан барча ҳудудий сайлов комиссиялари ва сайлов участкалари ўртасида мунтазам алоқа ўрнатилган.

 

Овоз бериш биринчи бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд ва Ҳиндистондаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.

 

Жорий йилги сайловларда Сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлашган тизимидаги Сайловчиларнинг электрон рўйхатига мамлакатимиздаги 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчи киритилган. Бундан ташқари, чет эллардаги сайловчилармиз 165 минг 631 нафарни ташкил этди.

 

Бу йилги сайловлар янгиланган Конституция ва миллий сайлов  қонунчилигига биноан, аралаш сайлов тизими асосида ўтказилмоқда.

 

Бу тизим Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 тасини бир мандатли сайлов округларидан мажоритар сайлов тизими бўйича, қолган 75 тасини эса партия рўйхати бўйича пропорционал сайлов тизими орқали сайлаш имконини беради.

 

“Менинг танловим – обод Ватаним!” шиори остида ўтаётган сайловларда мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия ва улар томонидан кўрсатилган номзодлар рақобатга киришган.

 

Булар: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси;

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;

 

Ўзбекистон Экологик партияси;

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси;

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси.

 

Ўзбекистон тарихида биринчи марта сиёсий партиялар томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди.

 

Бунда, “E-saylov” ахборот тизимининг ишга туширилгани муҳим аҳамият касб этди. Бу тизим орқали сиёсий партиялар номзодларнинг қонунчилик талабларига мослиги ҳолати бўйича сайлов комиссиялари билан тезкор ишлаш имкониятига эга бўлди.

 

Янги тизим фуқаролар учун ҳам сайловга доир ахборотларни олишда кўплаб қулайликлар яратди ва сайловга тайёргарлик жараёнида ўзининг афзаллигини тўла намоён қилди.

 

 

Бу галги сайловларда Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларига жами 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига жами 24 850 нафар номзод кўрсатилди.

 

22 сентябрдан 25 октябрга қадар ўтказилган сайловолди  ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмади.

 

Бунда сиёсий партиялар томонидан имзоланган одоб-ахлоқ қоидалари ҳам ўз самарасини берди.

 

16 – 23 октябрь кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида мамлакатимиз ҳудудида – 1 миллион 15 минг 948 нафар, хорижда эса 132 минг 667 нафар сайловчи овоз берди.

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

 

Мамлакатимиз тарихида илк маротаба Тошкент шаҳридаги айрим сайлов участкаларида сайлов куни электрон овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тажриба-синов тариқасида жорий этилмоқда.

 

Қайд этиш лозимки, электрон овоз бериш ускуналари овоз бериш ва сайлов натижаларини тезкор аниқлаш, овоз бериш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш, сайлов комиссияларининг иш ҳажмини мақбуллаштиришга хизмат қилади.

 

Сайлов куни сайлов жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида мамлакатимизнинг туман ва шаҳарлари ҳудудидаги тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида видеокамералар ўрнатилди.

Кўриб турганингиздек, бу Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларида, saylov.uz расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканалларида овоз бериш жараёнини онлайн кузатиш имконини бермоқда.

 

Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, сайловлар халқаро меъёрлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолат каби демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

 

Сайлов кодексига биноан, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси–сайловчи тенг сайлов ҳуқуқига эга. Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди. 

 

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, соғлиғининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни ўша сайловчилар турган жойда ташкил этади.

 

Сайловни 800 дан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчилар кузатиб бормоқда.

 

Айни пайтда, сиёсий партиялардан 55 минг нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 минг нафардан зиёд кузатувчи сайловни бевосита кузатиб бормоқда.

 

Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жами 1 068 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди.

 

Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссиясига сайловларда овоз бериш жараёни давомида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида маълумотлар келиб тушмади.

 

Агарда сайловчилар, кузатувчилар ёки оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлагудек бўлса, суд, прокуратура, ички ишлар органлари ёки сайлов комиссияларига мурожаат қилиши мумкин.

 

Бунинг учун барча сайлов участкаларида маъмурий судлар ва прокуратура органларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

 

Матбуот марказидаги таблода соат 11:00 ҳолатига сайловда қатнашганлар сони тўғрисидаги дастлабки маълумотни эълон қилиш режалаштирилган.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур