Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация Анталия Халқаро сайлов форумида иштирок этмоқда (Туркия Республикаси).
Халқаро тадбирда Озарбайжон, Албания, Белорус, Босния ва Герсеговина, Венесуэла, Грузия, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Колумбия, Мальдив, Мексика, Молдова, Покистон, Россия, Руминия, Таиланд ва Ўзбекистон сайлов органлари делегациялари, шунингдек Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси вакиллари қатнашмоқда (A-WEB).

Форум ташкилотчиси — Туркия Олий сайлов кенгаши. Форум тажриба ва илғор амалиётлар алмашиш, сайлов жараёнларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ҳамда сайлов соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирнинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев сайловларда иштирокни ошириш бўйича институционал тузилмалар ва амалиётларга бағишланган сессияга модераторлик қилди.
Сессия сайлов жараёни институционал механизмларини оптималлаштириш, фуқароларнинг сайловдаги фаоллигини рағбатлантириш ҳамда сайловда иштирок этишда барча тоифадаги сайловчилар, жумладан имконияти чекланган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф гуруҳлари учун тенг имкониятларни таъминлаш билан боғлиқ кенг доирадаги масалаларни кўриб чиқиш имконини берди.

Муҳокамалар давомида Россия Федерацияси, Белорус Республикаси, Туркия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси сайлов органлари вакиллари тажриба, замонавий технологик ечимлар ва ҳуқуқий ишланмалар билан ўртоқлашди.
Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев сессия ишини очиб, ўтказилаётган форумнинг аҳамиятини таъкидлар экан, тадбир иштирокчиларига форумда иштирок этаётган мамлакатларда сайлов кампанияларини ўтказиш амалиётини ўзаро таққослаш ва келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилиш учун ажойиб имконият тақдим этилганлигини қайд этди.

З. Низамходжаев “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ва мустақил равишда ифода этишнинг кафолати сифатида сайлов жараёнидан фойдаланишни таъминлаш” мавзусидаги маърузасида барча тоифадаги сайловчилар учун тенг имкониятлар таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар натижаларини тақдим этди. Асосий эътибор 2024 йил 27 октябрда ўтказилган давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни тайёрлаш ва ўтказиш доирасида амалга оширилган амалий чораларга қаратилди.

Ўзбекистон тажрибаси сессия иштирокчилари орасида катта қизиқиш уйғотди. Сайлов жараёнидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, сайловчилар учун тенг имкониятлар яратиш ва фуқароларнинг сайловларда иштирокини янада кенгайтириш масалалари бўйича конструктив фикр алмашинуви бўлиб ўтди.
Форум ишининг иккинчи куни иштирокчилар сайлов органларининг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорлиги, шунингдек сайловларда технологиялар ўрни ва уларнинг шаффофликка таъсири масалаларини муҳокама қилишда давом этди.
Халқаро платформалар сайлов жараёни соҳасида касбий ҳамкорлик ва тажриба алмашишни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегациясининг Анталия Халқаро сайлов форумида иштироки сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича миллий тажрибани халқаро майдонда намойиш этишга, хорижий сайлов органларининг илғор амалиёти билан танишишга ҳамда сайлов ҳуқуқи соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишга хизмат қилди.
Форум тадбирларида Марказий сайлов комиссиясидан комиссия аъзоси А. Фарманов ҳам иштирок этмоқда.
Марказий сайлов комиссияси